Бугун Самарқанд вилояти бўйлаб “Ёшлар ойлиги” доирасида белгиланган тадбирларнинг ажодларимиз ҳайкаллари пойига гул қўйишдан, уларнинг хотирасига ҳурмат кўрсатишдан бошлангани ҳам бежиз эмас. Зеро, янги Ўзбекистоннинг билимли, зукко ёшлари келажакни албатта аждодларимизнинг юрт тинчилиги, равнақи йўлида кўрсатган жасоратларини билмасдан, уларга муносиб авлод бўлмасдан қура олмайди.

— Бугун биз каби кўплаб ёшларни бир мақсад сари, янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги йўлида бирлаштирган ушбу фестивалда иштирок этаётганимдан жудаям хурсандман, — дейди тадбир иштирокчиларидан бири Ҳилола Расулов. — Тўғриси, дунё фалакиёт илми ривожига улкан ҳисса қўшган шахс, буюк даҳо бизнинг бобомиз Мирзо Улуғбек эканлиги қалбимизда яна бир бор улкан фахр ҳиссини уйғотди. Албатта, бу ерга йиғилган кўплаб иқтидорли ихтирочилар, астрономлар, стартапчи ва математик ёшлар келгусида шу аждодларимиз сингари бўлишни мақсад қилдик ва бу мақсад сари олға борамиз.

Бугун кўплаб мана шундай ёшларда юртимизни ривожига ҳисса қўшиш, шу юртга муносиб фарзанд бўлиш иштиёқи уйғонди, яна бир бор Ватанга муҳаббатни ҳис қилди. Аслида, ўтказилаётган кенг кўламдаги фестивалдан кўзланган мақсад ҳам шу эмасми.

Яна аҳамиятли томони шундаки, ушбу фестивал доирасида ёшлар ўзларининг маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳалардаги интеллектуал салоҳиятларини намоён этади.

Буюк аждодларимиз Амир Темур, Алишер Навоий ва Мирзо Улуғбек ҳайкаллари пойларига гулчамбарлар қўйиб, уларнинг хотираларига ҳурмат кўрсатган ёшлардан иборат фестивал иштирокчилари шу ердан Регистон майдони бўйлаб байрамона юришни бошлади.

Самарқанд вилояти бўйлаб 11-13 июнь кунлари ўтказилиши режалаштирилаётган Ёшлар фестивали доирасида 103 та маданий-маърифий, спорт тадбирлари ҳамда турли йўналишларда кўрик-танловлар ўтказилади. Фестивалнинг 1-куни Самарқанд шаҳрида 13 та, туман ва шаҳарларда 30 та, 2-куни Самарқанд шаҳрида 11 та, туман ва шаҳарларда 6 та, олий таълим муассасаларида 39 та, 3-куни 4 та тадбир ва лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, фестивалда, секторлар кесимида спорт мусобақалари, муваффақиятга эришган тадбиркорлар билан мотивацион учрашувлар, интеллектуал ўйинлар, ҳарбий-ватанпарварлик лойиҳалари, 3 кун давомида таниқли санъаткорлар иштирокида гала-концерт дастурлари, киберспорт мусобақалари, кам таъминланган оила фарзандларининг туристик марказларга ташрифлари, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга асбоб-ускуналар топшириш маросимлари ҳам бўлиб ўтади.

Фестивал доирасида ўтадиган тадбирларга “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Темир дафтар”га киритилган оила фарзандлари, ишсиз ёшлар, профилактик-пробация ҳисобига олинган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қамраб олиш мақсад қилинган, дея хабар беради Ҳилола Эргашева.

Ўйлаймизку ушбу фестивал ёшларнинг қалбида унутилмас тадбир сифатида из қолдиради.