Бир пайтлар ташкил қилинган бу истироҳат боғи ўтган йилларда қаровсиз ҳолатга келиб қолган, яна унинг ҳудудида ноқонуний қурилишлар ҳам бошланганди. Туман ҳокими Ў. Машарипов ташаббуси билан қисқа фурсатда истироҳат боғи янгича — замонавий қиёфа касб этди. Бу ерда, айниқса болажонлар яйраб ўйнашлари учун барча замонавий чархпалак, арғимчоқ ва бошқа аттракционлар ўрнатилди. Эътиборлиси, истироҳат боғи тадбиркорлар ҳомийлигида янгидан бунёд этилди.
Ҳазорасп тумани марказида уч минг йиллик тарихга эга қадимий Сулаймон қалъа — Дев қалъа харобалари сақланган. Сўнгги йилларда воҳадаги энг кекса қалъани халқаро сайёҳлик йўналишига киритиш мақсадида катта ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Бугунги кунда бу меъморий ёдгорлик харобаларини томоша қилиш учун хориждан сайёҳлар ташриф буюрмоқда.
Қайта иш бошлаган истироҳат боғи айнан мазкур қалъага яқин масофада жойлашган. Бу эса бу ерга хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар ташрифини ошириш имконини беради.
Рўзимбой ҲАСАН,
“Янги Ўзбекистон” мухбири