Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги расмий сайти (stat.uz) маълумотларига кўра, 2022 йилда республикамизда 105 215 та жиноят содир этилган. Охирги 5 йилликда энг кам кўрсаткич 2019 йилда (46 089 та) қайд этилган бўлиб, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 2 баробардан кўпроққа ошганини кўришимиз мумкин. Ушбу рақам ҳудудлар кесимида жами рўйхатга олинган жиноятлар эканлигидан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, жиноят содир этган шахслар сони бу рақамдан анчагина кўпроқ. Чунки, бир жиноятнинг 2 ёки ундан ортиқ шахслар томонидан содир этилиш ҳолатлари ҳам етарли.
2022 йилда жами 33 390 нафар ёшлар томонидан жиноят содир этилган[1]. Бунда, 13–15 ёш оралиғидаги фуқаролар 678 нафар, 16–17 ёш оралиғидаги фуқаролар 2434 нафар, 12 728 нафар фуқаро 18–24 ёш ҳамда 25–30 ёш ўртасидаги 17 550 нафар фуқарони ташкил этган. Жиноят содир этган ёшлар ўзининг ижтимоий хавфли хатти-ҳаракатлари учун турли даражадаги жиноий жавобгарлик турлари билан жазоланган.
Ёшлар томонидан содир этилган жиноятнинг ачинарли ҳамда оғир томонларидан бири шундаки, шахс сифатида ривожланиш, ҳаётда ўз йўлини топиш учун тинмай ҳаракат қилиши керак бўлган даври унинг жиноят содир этган шахс тамғаси остида умрининг мана шу муҳим палласини жиноят учун жавобгарликни ўташга сарфлайди. Қонунларимизда бу ёш оралиғидаги жиноят содир этган шахсларга имкони борича озодликдан махрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашга ҳаракат қилинса ҳам, унинг жиноят содир этган шахс сифатида келажакдаги ҳаётига таъсир этмай қолмайди.
Давлатимиз раҳбари томонидан вояга етмаган шахслар, ёшлар учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармонининг 70-мақсади тўлалигича ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган. Ушбу ҳужжат билан 2026 йилга қадар ёшлар ҳаётига оид бир нечта марралар белгилаб олинган. Хусусан:
Ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш.
Ёшларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, улар учун малакали тиббий хизматдан фойдаланиш шарт-шароитларини яхшилаш, ёшлар ўртасида тиббий саводхонликни ошириш ва соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш.
Ёшларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш.
Ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, таълимнинг барча босқичларида ёшларнинг мукаммал таълим олишини таъминлаш, ҳудудларда инклюзив таълим ривожланиши учун шарт-шароит яратиш.
Ёшларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш.
Ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга шахс сифатида тарбиялаш.
Ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш.
Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш.
Иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш.
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш.
Ёшларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва ёшлар спортини оммавий ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш.
Ёш оилаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тизимини амалга ошириш.
Ёшларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқариш соҳасида фаолият олиб борувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш.
Давлатимизнинг 5 йиллик стратегик режаларини ўзида жамлаган ушбу ҳужжатда ёшлар ҳаётини яхшилаш, уларга кенг имкониятлар очиб бериш учун катта марралар олинган. Ушбу имкониятлардан фойдаланиш, шароитларга муносиб фуқаро бўлиб камол топиш даврида вояга етмаганлар, ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сонинигш ошиб борётганлиги ачинарли ҳолат.
Ёшлар томонидан жиноят содир этилишининг бир нечта сабаблари бўлиши мумкин. Уларни баъзиларини таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз. Аввало, ёшлар томонидан жиноят содир этилиши, уларнинг нотўғри йўлга кириб кетиши оилавий муҳит билан боғлиқ. Биламизки, фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни жуда катта. Ҳар бир ота-она жамиятга шахс сифатида қўшилиш арафасида бўлган ёш фарзандининг тарбиясига алоҳида эътиборли бўлиши зарур. Бунинг учун ота-она фарзандига наъмуна, ўрнак бўлиши зарур. Инглизларнинг бир машҳур мақолида “Фарзандларингизни тарбияламанг. Улар барибир ўзингизга ўхшашади. Ўзингизни тарбияланг” дея таъкидланган. Асосий Қонун — Конституциямиз, Оила кодекси, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунлар, Президентимизнинг кўплаб фармон ва қарорларида ёшлар, айниқса, вояга етмаган болалар манфаатларининг ишончли ҳимояси кафолатланган.
XI аср тамомила технологиялар асри сифатида тан олинган. Бугунги кунга келиб ахборот коммуникация технологияларидан барча, шу жумладан ёшлар ёшлар кенг фойдаланмоқда. Яна бир долзарб масала шундаки, ҳозирги кунда вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни содир этиш ҳолатлари асосан уларнинг назоратдан четда қолиш оқибатида интернет орқали куч ишлатиш ва зўрлаш ҳолатларини ўзида акс эттирувчи материалларни кўриш сабаб бўлмоқда. Афсуски, вояга етмаганларни интернет орқали салбий материаллардан ҳимоя қилиш тизими йўлга қўйилмаган. Ўзбекистон Республикасини халқаро WeProtect ташкилотига аъзо бўлиш масаласини кўриб чиқиш ва вояга етмаганларни интернет орқали салбий материаллардан ҳимоя қилиш тизимини яратиш зарур.
Халқаро WeProtect ташкилотига бугунги кунда дунёнинг 98 та мамлакати, 51 та халқаро компания, 53 та фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳамда 9 та халқаро ташкилотлар аъзо ҳисобланади. Мазкур ташкилот орқали давлатлар вояга етмаганларни интернетдаги куч ишлатиш ва зўрлашни ўзида акс эттирувчи материаллардан ҳимоя қилиш соҳасида тўпланган билим ва тажрибаларни алмашишлари, миллий қонунчиликни такомиллаштиришлари мумкин бўлади.
Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш учун нафақат ота-она, маҳалла, балки барча ташкилот ва идоралар ҳам масъулдир. Бутун жамиятнинг бирлашуви асосида ушбу салбий ҳолатни камайтириш мумкин.
Қодиралиев Саддам Бахтиёржон ўғли,
ТДЮУ Суд, ҳуқуқни муҳофаза
қилувчи органлар ва адвокатура
кафедраси ўқитувчиси