Президентимиз 2022 йил 30 июнь куни “Янги Ўзбекистон” боғида Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирдаги нутқида ёшларга Мен сиз, азиз фарзандларимдан бир нарсани сўрайман: тинимсиз ўқиб, замонавий билимларни эгаллашдан, кўнглингиздаги эзгу мақсадлар сари ҳаракат қилишдан, ҳеч қачон тўхтаманг деб айтиб ўтдилар.

Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

Ўзбекистонда 30 июнь — “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган фидойи ёшларимизни рағбатлантириб бориш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди.

Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ёшларда замонавий тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва янги иш ўринларини яратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёш авлодда мустаҳкам ватанпарварлик ғояси ҳамда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш борасида қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.

Ёшлар тарбияси ҳар бир даврнинг ўта долзарб масаласи бўлиб келгани айни ҳақиқат. Муаррихларнинг ёзишича, Геродот Шарққа қилган сафарлари чоғида Миср эҳромларидаги бир битикка ажабланган: “Ёшларнинг тарбияси бузилиб кетяпти”. Нима қилиш керак?!

Демак “Ёшлар масаласи” давр ёки замон танламаслигини ёққол кўришимиз мумкин!

2023 йил 28 июль куни Фарғона шаҳрида Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ишлар аҳволини таҳлил қилиниб, келгусидаги вазифаларни белгилаб берилди.

Мазкур йиғилишда мамлакатимиз бўйича криминоген вазият мураккаб бўлган, “қизил” тоифага киритилган маҳаллалар энг кўп Тошкент шаҳри, Фарғона, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларига тўғри келгани кўрсатиб ўтилди.

Ўтган олти ойда маҳалладаги ўта оғир ва оғир жиноятлар Фарғона, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри, Бухоро, Андижон, Қашқадарё вилоятларида энг кўп содир этилган. Фарғона шаҳрида ўғрилик, Наманган шаҳрида безорилик, Қўқон шаҳрида тан жароҳати, Самарқанд шаҳрида номусга тегиш  ва товламачилик, Миробод туманида қотиллик кўп юз берганлиги такидланди.

Йиғилишда жиноят қилган шахсларнинг ҳар учинчисини ёшлар ташкил қилаётгани таъкидланди. Улар томонидан содир этилган жиноятларнинг 32 фоизи ўғрилик ва фирибгарлик ҳисобланади. Ушбу тоифадаги жиноятларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида қайд қилинган. Ёшлар жиноятининг ҳар еттинчиси гуруҳ таркибида содир қилинган, 1 минг 100 нафар ёшлар такроран жиноятга қўл урган. “Эътибор беринг, ёшлар жиноятчилигининг катта қисми назоратсиз қолган вояга етмаганлар томонидан содир қилинмоқда Энг ачинарлиси, вояга етмаганлар ичида ўта оғир жиноят содир этганлари ҳам бор”
деди давлат раҳбари.

Демак бизнинг мамлакатда Ёшлар томонидан содир етилган жиноятлар “қўрқинчи” рақамларда ўз аксини топаётгани, ушбу йўналишда бир қатор ишлар қилишимиз ва мазкур ишларни тизимли равишда давом эттириш орқали ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олишга хизмат қилади.

Афсуски! Биз аксарият ҳолларда жиноятларни оқибати билан курашиб, жиноят содир этган шахсларга нисбатан жавобгарлик ва жазо чораларини қўллаш билан чекланиб қолмоқдамиз. Бироқ, ҳар-бир жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, ушбу жиноятнинг содир этилишига имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни чуқур таҳлил қилиш йўлга қўйилмаганлиги оқибатида жиноятлар сони ошиб боришини кўришимиз мумкин.

Биз, Келажак ривожи учун мухим қадам сифатида – Ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш энг муҳим вазифа сифатида қараймиз ва бў йўналиш бўйича қуйидаги таклифларни берамиз:

- Ҳар бир маҳаллада маънавият ва маърифат марказларини очиш ва ушбу марказларда замонавий кутубхона фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда ушбу марказга ёшларни жалб қилиш ва уларни рағбатлантириш чораларини кўриш;

- Ҳар бир туман-шаҳарда Ёшларни оилавий шароитини ўрганиб, уларнинг индивидуал салоҳиятидан келиб чиқиб, касб-ҳунарга жалб қилиш;

- Жиноят содир этишга мойил бўлган ёшлар билан психологларни жалб қилган ҳолда улар билан алоҳида суҳбатлар ўтказиш ва психолог хулосасига кўра, уларнинг таълим ва тарбиясида ота-онаси (васий ёки ҳомийси) билан биргаликда алоҳида шуғулланиш, ўзи қизиққан тўгаракларга жалб қилиш;

- туман-шаҳар ҳокимлари томонидан ҳудудлара маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни жалб қилиб, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш кичик корхоналарини ташкил этиб ушбу корхоналарга ишсиз ёшларни ёш тоифасига, қизлар ва ўғил болаларга ажратган ҳолда уларни қайси соҳага қизиқишидан келиб чиқиб ишга жойлаштириш;

- Мактабларда касб-ҳунарни ўргатишда “Устоз-шогирт” ананаларини йўлган қўйиш ва йилда бир маротаба ушбу йўналишда туман, шаҳар, вилоят ва Республика босқичларида мусобақалар ўтказиш;

- Ҳар-бир маҳаллага белгиланган режа асосида туман, шаҳар, вилоят, Республика ҳамда жаҳон миқёсида ўзининг билими, ақлий ва жисмоний қобиляти орқали юксак ютуқларга эришган Ёшларни жалб қилиб уларни иштирокида “Маррани баланд ол – Келажак сенсан” шиори остида давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этиш.

Мазкур ишларни амалга ошириш оқибатида Ёшлар ўртасида жиноятчиликни кескин камайишига олиб келади.

А.А.Абдурашидов, 

Тошкент давлат юридик университети

Жиноят-процессуал ҳуқуқи кафедраси

ўқитувчиси.