Халқаро рейтинг агентликлари маълумотига кўра, 2035 йилгача бўлган даврда замонавий глобал меҳнат бозори автоматлаштириш ва мақбуллаштиришдан иборат бўлади. Ишчи кучига эҳтиёж йўқолади. 2025 йилга бориб фаолияти роботларга боғлиқ бўлган корхоналардаги иш ўринлари 10-30 фоиз қисқаради. Айниқса, қишлоқ жойлар ва кичик шаҳарларни ишсизлик хавфи қамраб олади.

HR функцияси ҳам ўзгаради. Улар ҳам автоматлаштирилади. Фрилансерлар ишчи кучининг 50 фоизини ташкил этиб, глобал бандликнинг 44 фоизи уларнинг улушига тўғри келади. Бу эса, ўз навбатида, инсон капиталини ривожлантириш иқтисодий тараққиётнинг асосий омили сифатида юзага чиқиши шартлигини кўрсатмоқда. Ривожланган давлатларда инсон капиталининг миллий бойликдаги улуши 80 фоизни ташкил этади. Шу боис, жаҳоннинг тараққий этган мамлакатларида инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жаҳондаги бу ўзгаришлар, шубҳасиз, бизнинг юртимизда ҳам акс-садо беради. Шу маънода, янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида иқтисодий ўсиш суръатини ошириш, ёшларни иш билан таъминлаш ва турмуш сифатини янада яхшилаш, инсон капиталини ривожлантириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.

Аҳолининг ёшлар қатлами кўплиги давлатимиз учун ҳам афзаллик, ҳам масъулиятдир. Ҳар йили меҳнат бозорига кириб келаётган йигит-қизлар учун янги иш ўринлари яратиш долзарб масалага айланмоқда. Статистикага назар соладиган бўлсак, 2021 йилнинг февраль ойи ҳолатига кўра, ёшлар ўртасида (18–30 ёш) ишсизлик даражаси 17 фоизни ташкил этган. Ҳозирги пайтда ортиқча ишчи кучи миқдори сезиларли даражага етган. Бунинг натижасида ишсиз ёшларнинг катта қисми норасмий иқтисодиётда ҳам ишламоқда.

Мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар ибтидоси сифатида, биринчи навбатда, малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, ёшлар иш топишда кўплаб қийинчиликларга дуч келмоқда ва бу уларнинг энг заиф нуқталаридан бири ҳисобланади. Шу сабабли ёшларнинг меҳнат бозоридан жой топиши, ўзини, оиласини барқарор даромад манбаи билан таъминлаши учун етарли шароит яратилаётир.

Ўтган йил август ойида ёшлар ўртасида ишсизликни камайтириш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатишнинг янги механизми ишга туширилди — “Ёшлар дафтари” жорий этилди. Унга барча вилоят ва туманлардаги ишсиз ёшлар киритилиб, уларга индивидуал ижтимоиймолиявий ёрдам кўрсатилмоқда. Ушбу йигит-қизларни иш билан таъминлаш ва “Ёшлар дафтари”дан чиқаришга урғу берилмоқда. Хусусан, 2021 йилда мазкур дафтарга киритилган фуқароларга зарур ускуна ва меҳнат қуроллари харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратилиши белгиланди.

1 июндан бошлаб профессионал таълим ташкилотлари томонидан “Ёшлар дафтари”га киритилган талабаларга корхоналарда амалиёт ўтаган даврида 500 минг сўмгача ҳар ойлик субсидия ажратилади. Биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар маркази битирувчилари 6 ойгача даромад солиғи тўлашдан озод этилади.

Тадбиркорлик ташаббусини йўлга қўйишни режалаштирган ёшлар ҳам рағбатлантирилмоқда. Масалан, ўз бизнесини бошлаш доирасида ижарага бино олаётган ёшларга бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб берилади. “Ёшлар дафтари”га киритилган йигитлар ва Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилиши белгиланди.

Шунингдек, 1 июндан бошлаб “Ёшлар дафтари”га кирганларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатининг бир қисми қоплаб берилади. Бундан ташқари, ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод қилинади.

Ёшлар бандлигини таъминлаш борасида барқарор пойдевор яратилаётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, унинг устига шунчалик муҳташам бино қурилади ва у узоқ йиллар хизмат қилади.

Бугун ёшлар жамиятни орқасидан эргаштирувчи қудратли кучга айланмоқда. Яратилаётган қулай рақобат муҳити, тадбиркорлик ривожи учун ажратилаётган ер, кредит туфайли йигит-қизлар ўзини ўзи моддий ва маънавий таъминлаяпти. Ҳадемай, бундан жамият ҳам, давлат ҳам катта наф кўради.

Нигора АБДУРАҲМОНОВА,

Нодира СИРОЖИДДИНОВА,

Педагогик инновациялар ва кадрларни қайта тайёрлаш ва

малакасини ошириш институти бош мутахассислари