Жорий йил республикамизнинг барча ҳудудларида бу кун кенг ва кўтаринки нишонланди. Жумладан, Бухоронинг маданият ва истирохат боғлари, хиёбонлари, талим муассасалари, маҳаллалар, хонадонлар, кўчаларда ҳам байрамона қиёфа акс этган. Чунки мурғак ва беғубор кўнгилларнинг қувончи бутун дунёга кўчгандек гўё.

Вилоят хокимлиги, Халқ таълими раҳбарияти ҳамда бир неча ташкилотчи жамоалар томонидан ташкил қилинган кўнгилочар тадбирлар, маънавий-маърифий чиқишларда Бухоро шаҳридаги 32-умумтаълим мактабининг ўзига хос ҳиссаси бор. Бу борада мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Р.Р.Қурбонова, расм фани ўқитувчиси Ш.Сиддиқов, технология фани ўқитувчиси Г.Ашурова ҳамда мактаб етакчисининг машаққатли меҳнатларини алоҳида тилга олиш жоиз. Шаҳардаги барча тадбирларда улар ижодкор ва иқтидорли ўқувчилари билан иштирок этяпти.

Алимаҳсумбек ва Алишер Абдуллаевнинг Халқаро болалар кунига бағишлаб чизган суратларида тинч ва фаровон Ўзбекистон, қувнок болажонлар, аттракционлар яна бир қанча манзаралар акс этгани ташриф буюрган меҳмонларни ўзига жалб этди.

Бухоро вилоят Ёшлар марказидаги истеъдодларни тақдирлаш маросимида ўқувчи ёшларга Бухоро вилояти Халк таълими бўлим бошлиғи Д.Мустафоева, вилоят ҳоким уринбосари: М.М.Хамроев томонидан ҳокимликнинг эсдалик совғалари улашилди.

Зеро, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганларидек, "Ёшларга эътибор келажакка эътибор, ишонч демакдир".

Ф.Ёдгорова,  

Бухоро шаҳар Халк таълими бўлими мудирининг

маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари