Тадбирда қайд этилишича. жорий йил 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган ёшлар ва талабалар форумида ҳурматли Президентимиз томонидан ёшлар билан ишлашни янада такомиллаштириш, бу борада янги тизим яратиш юзасидан ўта муҳим вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан яхшилаш, ёшларни ҳар томонлома қўллаб қувватлаш, улар бандилигини таъминлаш ва тадбиркорликка кенг жалб этиш, ёш кадрлар захирасини шакллантириш, ёшларни касб ҳунарга ўқитиш, саломатлигини асраш каби йўналишларда олиб борилаётган ишларни таҳлил қилиш орқали мутасадди раҳбарлар фаолиятини, шунингдек, ҳудудларни баҳолаш зарурлиги таъкидланди.
Ушбу масала далатимиз раҳбарининг “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида ўз ифодасини топди. Фармонда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш Сенатга тавсия этилди. Шу муносабат билан Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисидаги Сенат қарори, Низом ва рейтинг баҳолаш тартиби лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Сенатнинг 17-ялпи мажлисида муҳокама этилди ва тегишли қарор билан тасдиқланди.
Рейтинг тизимини ишлаб чиқишда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асос қилиб олинди. Ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида рейтинг баҳолашга доир амалдаги бир нечта меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрганиб чиқилди.
Эндиликда мутлақо янги тизим — ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизими жорий этилиб, бунда қуйидагилар рейтинг баҳолашнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди:
◼️ ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш;
◼️ ёшлар соғлиғини сақлаш;
◼️ ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш;
◼️ ёшлар учун замонавий ва сифатли таълимни таъминлаш;
◼️ ёшларни ишга жойлаштириш ва уларнинг тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
◼️ ёшларни маданият, санъат ва спортга кенг жалб этиш, бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ҳамда иқтидорли ва истеъдодли ёшларни рағбатлантириш;
◼️ ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш;
◼️ ёшлар муаммоларини ҳал этиш ва уларнинг мурожаатлари юзасидан чоралар кўриш;
◼️ Парламент ва маҳаллий Кенгашларнинг ёшлар билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш.
Шу ўринда ҳудудларни рейтинг баҳолаш тизими ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтсам. Ишлаб чиқилган Низомда бир нечта асосий тушунчаларга изоҳлар келтирилган. Жумладан:
🔹 рейтинг баҳолаш — рейтинг кўрсаткичлари ва индикаторлари ёрдамида ёшлар билан ишлаш ҳолатини баҳолаш орқали ҳудудларни энг юқори натижадан энг паст натижагача бўлган ўрнини аниқлаш;
🔹 индикатор — ҳудудларнинг ёшлар билан ишлаш ҳолатини рейтинг баҳолаш учун зарур бўлган асосий устувор кўрсаткич;
🔹 субиндикатор — индикаторлар бўйича баҳоларни шакллантиришда фойдаланиладиган аниқ соҳа бўйича кўрсаткич;
🔹 ҳудудлар — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда уларнинг таркибига кирувчи туман ва шаҳарлар;
🔹 ғолиб ҳудуд — ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилишини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра энг юқори ўринни эгаллаган ҳудуд.
Кўриб турганингиздек, рейтинг баҳолаш жараёнида қўлланиладиган ҳар билан тушунчага атрофлича, тушунарли қилиб изоҳ бкрилган.
Низомга асосан ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилишини рейтинг баҳолашда 9 та индикатор ва 44 та субиндикатордан фойдаланилади. Бунда юқорида қайд этилган ҳар бир асосий устувор йўналиш ўз навбатида баҳолаш индектори ҳисобланади.
Сенат ҳузурида рейтинг баҳолаш бўйича тузилган Республика комиссияси томонидан ёшларга оид давлат сиёсатининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалга оширилиши ушбу индикаторлар асосида баҳоланади.