Мамлакатимизда 30 июнни Ёшлар куни сифатида кенг нишонлаш анъанага айланган. Бу сананинг ўзига хос тарихи мавжуд бўлиб, 2017 йилнинг 30 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар билан қарийб тўрт соат очиқ мулоқот ўтказди ва ушбу санада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил топгани эълон қилин эди. Давлатимиз раҳбари танқидий руҳда ўтказган ушбу учрашувида Ёшлар иттифоқининг олдида турган муҳим ва жиддий вазифалар ҳақида гапириб, у ёшларнинг чинакам таянчи ва суянчига айланиши, ҳар қандай расмиятчиликдан ҳоли, фақат ёшлар манфаатини ҳимоя қилиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратганлиги барча ёшларга аён.
Давлатимиз раҳбари бу йил ҳам Ёшлар куни муносабати билан пойтахтимиздаги Ботаника боғида ўтказилган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумига ташриф буюрди ҳамда мамлакатимиз келажаги эгаларига ўз байрам табригини йўллади.
Табрикда юртимизда ёшлар сиёсатини амалга ошириш, бу борадаги ишларни янги, янада юксак босқичга кўтариш бўйича ўз фикрларини баён қилди.
Маълумки, мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбияси, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънан етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи доимо устувор вазифа сифатида қараб келинган.
Юртимизда жисмонан соғлом, маънан етук, интеллектуал ривожланган, мустақил фикрлайдиган ёш авлодни шакллантириш бўйича ягона тизим яратилган бўлиб, ёшлар салоҳиятини эзгу мақсадларга йўналтириш, уларни конструктив ғоялар атрофида бирлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматнинг ёшлар масалаларига доир ўнлаб фармон, қарор ва фармойиши қабул қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ва «Ёшлар клуби», «Ёшлар парламенти» ташкил этилди. Иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муайян соҳадаги самарали фаолияти, ютуқ ва иқтидорларини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириб бориш мақсадида «Мард ўғлон» давлат мукофоти ҳамда «Келажак бунёдкори» медали таъсис этилди.
Бу йил давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ 29 нафар йигитларимиз «Мард ўғлон» Давлат мукофоти ҳамда бир гуруҳ иқтидорли, ташаббускор, ўз тақдирини ватан тақдири билан боғлаган ёшлар ватанимизнинг орден, медаллари билан мукофотланди.
Бундай бахтли ёшлар қаторида камина ҳам борлиги, Маданият-Журналистика йўналишда «Мард ўғлон» Давлат мукофотига муносиб кўрилганим елкамга катта масъулият юклайди.
Зеро, давлатимиз раҳбарининг ёшларга йўллаган табригида таъкидланганидек, бугун ўз олдимизга қўйилган улкан ва масъулиятли вазифалар бутун халқимиз каби ёшлардан ҳам ҳар томонлама катта тайёргарлик ва сафарбарликни талаб этади. Шундай экан, ёшлар замонавий билим ва тараққиёт чўққиларини эгаллаши, ўз амалий ишлари, ташаббуслари, ғайрат-шижоати билан юртимиз равнақи, жонажон Ватанимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиши, садоқатли фарзанд бўлиши ҳар биримизнинг энг олий мақсадларимиздан бирига айланиши керак.
Ислом АСИЛБEКОВ,
ЎзЖОКУ талабаси,
«Мард ўғлон» Давлат мукофоти соҳиби.