Шундай инсонлар бўладики, ўз ҳаётини, илмини, меҳнатини ватан ва миллат равнақига бахшида этади. Жаҳон тараққиётига ўзининг беназир ҳиссасини қўшади. Мана шундай улуғ аждодларимиздан бири Абдурауф Фитратдир.

Бухоронинг истеъдодли фарзанди Фитрат 1886 йилда Абдураҳимбой оиласида таваллуд топган. Отаси ўз замонининг ўқимишли кишиларидан бўлиб, саррофлик, кейинчалик савдогарлик билан шуғулланган. Онаси Настар биби эса 1940 йилларда “халқ душмани”нинг онаси сифатида жуда ҳам  хорликда ҳаёт кечирган.

Фитрат оилада тўнғич фарзанд бўлиб, укаси Абдураҳмон ўтган асрнинг 10-йилларида Когон босмахонасида ҳарф терувчи бўлиб ишлаган. Синглиси Маҳбуба Раҳимова истеъдодли шоира бўлган ва гўзал шеърлар битган, аммо акаси туфайли истеъдоди шуҳрат тутмаган. Шеърларини чоп этиш ҳам тақиқланган.

Ижодий диапозони кенг бўлган Фитрат дастлаб эски мактабда, кейин Мир араб мадрасасида таҳсил олган. 1909 йилда Бухорода ташкил этилган “Тарбияти атфол” жамиятининг ёрдами туфайли бир неча бухоролик ёшлар билан Туркияга бориб, Истанбулдаги дорулмуаллиминда ўқийди. Ўз иқтидори ва билимини доимо ошириб боради. Изланишдан, китоб мутолаа қилишдан сира чарчамайди. Айрим манбаларга кўра, Истанбулдаги ўқув юртларидан бирида дарс ҳам беради. Закий ва юртпарвар шоир “Бухоро тамими (умумий) маориф жамияти”ни ташкил этиб, Туркияга ўқишга келган ватандошларининг шу жамият атрофида уюшиши ва таҳсил кўришига раҳбарлик қилади. Ана шундай фидойи ва халқпарварлиги билан бутун турк оламини забт этади. У илми, ижоди, фаолияти билан ўз даврида алоҳида ажралиб турган  энг ёрқин сиймодир. Бу борада Садриддин Айний шундай дейди: “Бу даврнинг очиқ фикрли ёшларидан бири Абдурауф Фитрат эди. У бухоролик талабалар ичида энг қобилиятли ва фозилларидан бири ҳисобланар эди”.

 Дарҳақиқат, Туркиядаги таҳсил ва ижтимоий-сиёсий вазият Фитрат дунёқарашида туб бурилиш ясади. У “Мунозара”, “Ҳинд сайёҳи баёноти”асарлари, “Сайҳа” шеърлар тўпламини яратиб, нашр эттирди. Шоирнинг бу асарлари Бухорогача етиб келди ва бухоролик ёшларни илм-маърифатга, юксалишга ундади.

1913 йилда Фитрат Бухорога маориф ва маданий-ижтимоий қурилиш ҳақидаги янги ғоялар билан қайтиб келди. Қисқа муддатда Бухоро жадидчилик ҳаракатининг етакчи вакилларидан бирига айланди. Унинг “Раҳбари нажот”, “Оила”, “Бегижон”, “Мавлуди шариф”, “Або Муслим” каби асарлари  XX аср ўзбек публицистикаси ва драматургияси ривожига муҳим ҳисса қўшди. Фитрат педагог сифатида “Мухтасар ислом тарихи”, “Ўқу” каби дарсликларни яратди. Ислоҳотчи ва публицист сифатида “Ҳуррият” газетасида кескир мақолалари билан чиқиш қилди.

Таъкидлаш жоизки, Фитратнинг Тошкентдаги энг катта хизматларидан бири “Чиғатой гурунги” жамиятини ташкил этиши эди. Мазкур ­жамият­ уч йилгина фаолият олиб борган бўлса-да, фақат ўзбек тили ва адабиётинигина эмас, умуман, ўзбек маданиятининг шаклланиш ва тараққиёт тарихини бошлаб берди, десак, муболаға бўлмайди. Фитрат Тошкентда яшаб фаолият кўрсатган даврларда “Ўғузхон”, “Чин севиш”, “Ҳинд ихтилолчилари”, “Темур сағанаси” каби асарларни ёзди. Ушбу асарларда ҳам мамлакатимизда ҳукм сураётган мустамлакачилик сиёсати ва унинг миллат тараққиётидаги хавфи ҳақида рамзий-мажозий ишоралар асосида мулоҳазаларини баён этди.

Фитрат нафақат ижодкор, балки истеъдодли давлат арбоби эди. У 1921 йилдан Халқ маорифи нозири, бир йил ўтгач, хорижия нозири, халқ хўжалиги йиғилишининг раиси, жумҳурият Марказий ижроия комитети раиси ўринбосари, Халқ Нозирлари Шўроси раисининг муовини, Ҳукумат план ва смета ташкилий ҳайъатининг раиси, Бухоро халқ шўролар жумҳурияти меҳнат кенгашининг Президиум аъзоси вазифаларида фаолият олиб борган. Хусусан, унинг ғайрат ва ташаббуси билан Бухорода шарқ мусиқа мактаби очилади.

Адиб ўз уйини  шу мактабга беради ва бир қанча машҳур мақомчи ва ҳофизларни тўплайди. Ёшлар тарбияси ва келажаги билан жиддий қизиққан Фитрат ҳамда Файзулла Хўжаев 60 дан ортиқ ёшларни Германияга ўқишга юборади. Фитратнинг саъй-ҳаракатлари билан бир қанча хайрли ишлар амалга оширилади. Жумладан, Бухорода давлат театрининг очилишида ҳам унинг хизматлари катта эди. Ватан ва миллат равнақи учун курашган аллома, Москва, Ленинград олийгоҳи талабаларига ҳам  таҳсил берди,  Шарқшунослик илмий-тадқиқот институтида ишлади. Шунингдек, Ленинград давлат университети уни профессорликка сайлади. У мазкур университетнинг шарқ факультетида профессор сифатида  Шарқ халқлари тили, адабиёти, маданиятидан маърузалар ўқиди. Шу билан бирга, Москвада, “Абулфайзхон” номли биринчи ўзбек трагедиясини ёзди ва нашр этди.

Москвадан Ўзбекистонга қайтгач, тилшунос олим сифатида “Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба: Сарф (1-китоб), Наҳв (2-китоб)”, “Сарфи забони тожик”  каби илмий асарларни яратди. Адабиётшунос олим сифатида эса “Адабиёт қоидалари”, “Энг эски туркий адабиёт намуналари”, ­“Ўзбек адабиёти намуналари”, “Форс шоири Умар Хайём”, “Аруз ҳақида” каби бир қанча илмий рисолалар яратдики, булар ҳозир ҳам ўз илмий қийматини йўқотмаган.

Абдурауф Фитрат қомусий олим саналади. Чунки  “Шарқ шахмати”, “Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи” номли асарлари унинг серқирра фаолият соҳиби эканини кўрсатиб туради. ­Абдурауф Фитрат нафақат турк оламида, балки Оврупо ва Россияда ижоди қизғин баҳсларга сабаб бўлган даҳо алломадир. Бинобарин, олмон олимаси Ингеборг Балдауф ўзининг “XX аср ўзбек адабиётига чизгилар” номли китобида маърифатпарварлик ва жадидчилик ижтимоий-сиёсий ҳаракатига кенг баҳо бериб, мазкур ҳаракат тараққиётида Фитратнинг ўрнига муносиб баҳо беради. Ижодкорнинг “Шайтоннинг тангрига исёни” асарини таҳлил этди. Академик А.Н.Самойлович эса “Турк халқлари адабиёти” китобидаги бир қанча мақолаларда Фитрат фаолияти ва ижоди ҳақида тўхталиб, унга юксак баҳо беради.

Ўз давридан бошлаб то ҳозирга қадар ­эътирофларга сазовор бўлаётган қомусий олим Абдурауф Фитратнинг ҳаёт йўли, миллат тарақ­қиётидаги хизматлари биз учун ўрнак, ­албатта. Айниқса, ҳозирги глобаллашув жараёнида унинг асарларини ўрганиш ва татбиқ этиш ўта муҳим саналади.  Биз ёшларимизга шундай буюк юртдошимиз, миллат ва Ватан йўлида фидойи аждодларимиз борлигидан фахрланиш туйғусини шакллантиришимиз зарур. Қолаверса, ёшларни уларга муносиб фарзанд бўлишга ўргатиш — масъулиятли вазифамиздир.

Обиджон ҲАМИДОВ,

Бухоро давлат университети ректори