Хусусан, ўтган вақт давомида Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳа ва йўналишларда юқори натижаларга эришилди. Қувонарлиси, қўлга киритилган ҳар бир натижаларни юртдошларимиз бевосита ўз ҳаётларида ҳис қилиб, ўзлари ҳам ушбу жараёнларда фаол иштирок этишмоқда. Ўтган беш йилда муаммоларни туб моҳиятини ўрганиш, унинг ечими юзасидан чуқур ўйланган ва жамоатчилик билан ўтказилган муҳокамалар жараёнида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар орқали бартараф этиш тизими яратилган бўлса, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ўтган вақт давомида тўпланган тажрибадан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизнинг нафақат келгуси беш йиллиги, шу билан бирга узоқ вақтга қаратилган стратегик ривожланиш ва мақсадлари белгилаб берилмоқда.

Жумладан, келгуси беш йиликка мўлжалланган тараққиёт стратегиясида бугунги глобаллашув жараёнларидан келиб чиққан ҳолда еттита устувор йўналиш белгилаб берилмоқда. Булар, биринчи, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, иккинчи, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, учинчи, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш, тўртинчи, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, бешинчи, маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш, олтинчи, умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш ҳамда еттинчи, мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш каби йўналишлардан иборат.

Ушбу йўналишларда белгилаб олинган юксак марралар 100 га яқин мақсадлар ва 400 дан ортиқ чора-тадбирларда акс эттирилган бўлиб, уларнинг барчаси халқимиз ҳаёти, турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Жумладан, аҳолини ижтимоий ҳимоясини таъминлашга оид барча вазифалар Ҳаракатлар стратегиясида тўртинчи йўналишда акс эттирилган бўлса, бугунги глобаллашув жараёнларида маънавий тараққиётнинг ўрни нечоғлик муҳим эканлиги ҳисобга олиниб, бу борадаги вазифалар тараққиёт стратегиясида алоҳида бешиничи йўналишда акс эттирилмоқда.

Эндиликда, фуқароларнинг касбий таълим билан тизимли равишда шуғулланишни таъминлаш мақсадида ушбу тизим назорати тўлиқ равишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ихтиёрига ўтказилмоқда, Натижада, касбга ўқитиш кўлами 2 бараварга оширилиб, жами 1 миллион нафар ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилади.

Мактабгача таълимдаги қамров даражасини ошириш  ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга, 2022/2023 йилларда 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини 90 фоизга, 2024/2025 ўқув йили якунига қадар эса 100 фоизга етказиш, бунинг учун  мактабгача таълим тизимига хусусий сектор маблағларини жалб қилиш орқали 7 мингдан зиёд янги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини фойдаланишга топшириш белгиланмоқда.

Таълим тарбиядаги узвийликни таъминлаш мақсадида, мактабларни ривожлантириш Миллий дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратилади. 2022–2026 йилларда 217 та “Баркамол авлод” болалар мактабини ривожлантириш бўйича дастурни амалга ошириш орқали ёшларни санъат дунёсига ошно этиш, компьютер ва IТ технологиялари соҳасида билим ва кўникмаларга эга бўлишлари учун зарур жиҳозлар билан таъминланган 100 мингдан ортиқ бепул тўгарак фаолиятини йўлга қўйилади. Энг муҳими, эртамиз эгалар бўлган ёшларга таълим тарбия бериб келаётган ўқитувчиларнинг ойлик маошлари босқичма-босқич 1 000 АҚШ доллари эквивалентига етказилади.

Барчамизга маълумки, Ҳаракатлар стратегияси доирасида таълимнинг барча йўналишида бўлгани каби олий таълим тизимни ислоҳ қилиш борасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражачи 2016-2021 йилларда 9 фоиздан 28 фоизга кўтарилди. Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси орқали ушбу кўрсаткични 2022 йил якунига қадар 38 фоизга, 2026 йилга келиб эса 50 фоизга етказиш мақсад қилинмоқда.

Натижада, олий таълим олиш истагида бўлган минглаб ёшларимиз учун кенг имкониятлар яратилади, улар қандайдир қийинчиликлар, иқтисодий харажатлар қилиб, оиласи ва яқинларидан йироқда эмас, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлардан хабардор бўлиб Ватанмизда таълим олиш имкониятига эга бўлишади.

Ушбу жараёнларда таълим сифати ва кадрлар рақобатини таъминлаш мақсадида нодавлат олий таълим муассасалари сони ҳам босқичма-босқич кўпайтирилиб, 2026 йилга келиб улар сони 50 тага етказилади.

Шунингдек, ушбу йўналишда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш ва қулайлигини ошириш мақсадида мамлакатимиз ҳудудларида тиббиёт кластерларини ташкил этиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва тиббий хизматларни марказлаштириш ҳамда дори-дармон ва тиббий буюмлар муомаласини тартибга солиш ҳамда аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб бериш тизимини такомиллаштириш каби бир қатор устувор мақсадлар назарда тутилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг ҳар бир бандида белгилаб берилган чора-тадбирларда юрдошлармизнинг эртанги фаровон турмуш тарзи, мамлакатимиз келажаги акс эттирилган. Галдаги вазифа эса, ушбу мақсадаларнинг янада халқчиллигини ошириш ва ҳаётийлигини таъминлаш учун барчамиз ўз бурчимиз ва масъулиятимизни ҳис қилган ҳолда ўз таклифларимиз билан Фармон лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этишимиз лозим.

Музафара Абдиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати