Хабарингиз бор, 2 июнь куни Тожикистон Президентининг ташрифи доирасида Зарафшон дарёсида Ёвон гидроэлектр станцияси қурилишини бошлаш маросими бўлиб ўтди. Икки давлат етакчилари рамзий тугмани босиб, қурилишга старт берилди.
Ёвон гидроэлектр станцияси энергетика соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликда амалга оширилаётган дастлабки йирик лойиҳа ҳисобланади. 140 мегаватт қувватга эга замонавий станция мамлакатларимиз энергетика хавфсизлиги, сув ва қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
— Икки мамлакат мутасадди ва мутахассислари томонидан Зарафшон дарёси ҳавзасида 2 та ГЭСни қуриш ва ундан фойдаланишни техник-иқтисодий баҳолаш бўйича ўзаро келишувга эришилган, — дейди “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг хорижий инвестицияларни жалб қилиш, инвестицион лойиҳаларни тайёрлаш ва олиб борилишини мониторинг қилиш бош бошқармаси бошлиғи Суннатилла Исматов, — Унга асосан, Тожикистон ҳудудидаги Зарафшон дарёси ҳавзасида мазкур қувватларнинг қурилиши икки босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда, йилига ўртача 832 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи, қуввати 140 мегаваттга ва прогноз қиймати 282 миллион АҚШ долларига тенг Ёвон гидроэлектр станциясини қуриш ишлари бажарилади, Мазкур лойиҳа 15 йилда сарфланган маблағларни қоплаш ҳамда 40-50 йил давомида узлуксиз ишлаш имкониятига эга.
Иккинчи босқичда, йилига ўртача 560 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи, қуввати 135 мегаваттга ва прогноз қиймати 270 миллион АҚШ долларига тенг бўлган Фандарё гидроэлектр станциясини қуриш имконияти ўрганиб чиқилмоқда. Ушбу лойиҳа 20 йилда сарфланган маблағларни қоплаши ва қарийб ярим аср давомида узлуксиз ишлаш назарда тутилмоқда.
Уларнинг йиллик умумий ишлаб чиқариш қуввати ҳажми 1400 миллион кВт.соатни ташкил этади. Бу эса, ўз навбатида, 600 мингдан ортиқ оиланинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш имконини беради. Янги ГЭСларнинг қурилиши доирасида 3 мингга яқин мавсумий, ишга туширилиши натижасида эса 200 дан ортиқ доимий иш ўринлари яратилади.
— Мазкур гидроиншоотларни қурилиши юзасидан лойиҳанинг буюртмачиси этиб, томонлар иштирокида акциядорлик жамияти шаклидаги “TaUz HIDRO” қўшма корхонаси ташкил этилди,—лейди “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг матбуот хизмати раҳбари Равшан Бойқулов.— Бугунги кунда томонлар лойиҳадан олдинги изланиш ишларини молиялаштириш ва унинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш учун халқаро молия институтларининг грант маблағларини жалб этиш чораларини кўрмоқда.
Бу борада, янги ташкил этилган “TaUz HIDRO” АЖ янги қурилиши режалаштирилган ГЭСларнинг техник топшириқларини ишлаб чиқади ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлашда халқаро консалтинг компанияларини жалб этади. Бу борадаги муҳандислик ишлари тўлиқ замонавий стандартлар асосида, илғор хорижий компаниялар иштирокида олиб борилади.
Лойиҳа халқаро молия ташкилотларининг инвестициялари ҳамда таъсис қилинадиган қўшма корхона устав жамғармасига киритиладиган томонларнинг ўз маблағлари ҳисобига молиялаштирилади. Ёвон гидроэлектр станцияси қурилишилойиҳасини молиялаштиришга етакчи халқаро институтлар, шу жумладан, Осиё тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки қизиқиш билдирган.
Лойиҳа тармоқнинг илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини мустаҳкамлаш, минглаб хонадонлар ва янги корхоналарни “яшил” энергия манбаи билан таъминлашга хизмат қилади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қуриладиган гидроэлектр станциялар мамлакатимиз эҳтиёжлари учун 1 миллиард 400 миллион киловатт соат экологик тоза электр энергиясини ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, гидроэлектр станцияларни қуриш ва ундан фойдаланиш даврида қўшимча янги иш ўринлари яратилиб, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг бошқа минтақаларига паритетлик асосида электр энергияси оқимини таъминлайди.
Икки мамлакат гидроэнергетика тармоқларини ривожланишида янги тарихий саҳифа очилди ва бу халқларимизнинг фаровонлигига хизмат қилади.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири