Навоий вилоятининг Зарафшон, Учқудуқ, Навоий шаҳарларида кўп қаватли иморатларда яшайдиган аҳолига давлат хизмати кўрсатилишидаги муаммо туфайли фуқароларнинг эътирозлари тинмаяпти. Тўғрида ким ҳам ортиқча маблағ сарфлагиси келади. Бу муаммодан Ўзбекистон республикаси Уй-жой коммунал вазирлиги хабар топиб ҳам масалага ечим йўқ.

Аслида халқнинг талаби ҳам тўғри. Вазирлар Маҳкамасининг 698-сонли қарорига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларга электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини, яъни ҳисоблагичларини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш 2019 йилнинг ноябрь ойидан амалга оширилиши жоиз эди.

Бу борада ишлар қилинмоқда, газ ва электр энергиясида муаммо ҳам йўқ. Тизим мутасаддилари ҳар бир хонадонга газ ва электр ҳисоблагичларини янгидан ўрнатиб чиқишмоқда. Аммо, сув ҳисоблагичларини қиёслашнинг Навоий вилоятидаги Зарафшон, Учқудуқ ва Навоий шаҳарларидаги кўп қаватли уйларда яшаётган фуқароларга бундай хизмат кўрсатишнинг имкони йўқ.

Бунга сабаб нима дейсизми?

Сабаб, Навоий шаҳридаги мазкур кўп қаватли иморатларга коммунал хизмат кўрсатиш бўйича юмушларни аввалига Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли уй-жой коммунал бошқармаси бажариб келган. Бу идора ҳукуматнинг юқорида қайд этилган қарорида белгиланган хизмат кўрсатувчи таъминотчи ташкилотлар орасида йўқ. Аниқроғи, бу ташкилотнинг электрон базаси Навоий шаҳар ДХМ базасига интеграция қилинмаган. Янаям аниқроғи, фуқаро мурожаатларини таъминотчи ташкилотга ташлаб беришнинг иложи йўқ.

Натижада халқ бир йилу беш ойдан буён сарсон-саргардон. Хуллас, комбинат, стандартлаш, сув таъминоти (ичимлик ва иссиқ сув) идоралари, давлат хизматлари марказига қатнаётган одамларнинг аҳволини тушунтириб бериш мушкул. Энг асосийси, одамларга масала моҳиятини тушунтиришнинг имкони йўқ, гўё барча муаммолар ечими эшиги Давлат хизматлари марказида деб ўйлашмоқда.

Айб кимда?

Хўш, мурожаат қабул қилиш учун тизим интеграция қилинмаган бўлса, марказ ходимлари нима қила олиши мумкин? Энг ёмони бир йилу беш ой мобайнида аҳолига уй жой коммунал хизмат кўрсатадиган таъминотчи ташкилотлар ҳам тинимсиз ўзгармоқда. Навоий кон металлургия комбинатига қарашли уй-жой коммунал бошқармаси тугатилган, чунки комбинат аҳолига коммунал хизматлар кўрсатадиган уй-жой коммунал бошқармасини ўз тасарруфидан чиқарди.

Айни кунда Навоий вилоятидаги Навоий, Учқудуқ ва Зарафшон шаҳарларидаги кўп қаватли уйларга хусусий ширкатлар таъминотчи ташкилот сифатида коммунал хизматлар кўрсата бошлади. «Уй-жой мулкдорлари ширкатлари» ва «Иссиқлик манбаи» Давлат унитар корхонаси вилоят филиали ўртасидаги тушунмовчилик боис халқ азият чекаётгани бор гап. Чунки, аҳолига ичимлик суви ва иссиқ сув учун ҳисоблагичларни қиёсловдан ўтказиш мазкур икки ташкилот гарданида... Фақатгина халқнинг шу икки ташкилот мутасаддиларига «ранги сарғаймаслиги учун» ҳукумат қарори билан аҳоли мурожаатлари Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинмоқда, холос.

Натижасиз қолаётган мурожаат

ДХА Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи бир эмас 5-6 маротаба «Уй-жой мулкдорлари ширкатлари» ва «Иссиқлик манбаи» Давлат унитар корхонаси вилоят филиали қилган мурожаатлари ҳам натижа бермади. На аҳолига коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот базаси интеграциялашди, на масала ечим топилди, на ёзишмалар тинди. Ҳатто, Навоий вилоятидаги мазкур муаммодан Уй-жой коммунал вазирлиги ҳам хабардор. Бироқ, бу жараён қанча вақт давом этади, бу ҳеч кимга маълум эмас.

Аҳоли нима дейди?

«Бутун Ўзбекистон бўйлаб одамлар шу хизматдан марказлар орқали биргина мурожаати билан олаётган бўлса, нега Навоий Учқудуқ, Зарафшон шаҳарлари аҳолиси бундай имкониятдан фойдалана олмайди?», дейди нафақадаги фуқаро Олга Сашина.

«Хўш, бу югур-югурларнинг охири борми, — дейди фуқаро Ренат Хайрулин. 

«Ҳисоблагичлар бўйича ишлатган иссиқ сув ва ичимлик сувига тўловни иқтисод қилиб ишлатамиз. Аммо ҳисоблагичсиз одам бошига тўланадиган тўловлар анча қимматлик қилади», — дейди навоийлик фахрийлар.

Шу ўринда, ДХА Навоий вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Адҳам Яркулов ҳеч йўқса аҳолининг пулини тежаш мақсадида берган ҳуқуқий маслаҳати ўринлидир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 698-сонли қарори билан қабул қилинган Маъмурий регламентининг 3-иловаси
7-бандида кўрсатилганидек, таъминотчи ташкилот талабгорни 30 кун аввал ёзма огоҳлантирмасдан меъёрий ҳисоб-китобларни амалга ошириши ноқонунийдир.

Оғриқли масалага бир йилу беш ой бўлди...

Тўғриси, Навоий шаҳар ДХМга кунига 30-40 нафаргача фуқаролар айнан шундай мурожаат билан келиб кетмоқда. Энди ўйлаб кўринг, шаҳар аҳолиси 2019 йилнинг ноябрь ойидан буён қатнайди. 2019 йилнинг кузида бошланган бу оғриқли масалага бир йилу беш ой ўтибдики, 2021 йилнинг баҳорида ҳам муаммолигича қолмоқда.

Нодира Самандарова.

ДХА Навоий вилояти бошқармаси ахборот хизмати