Тўпламда кўп йиллар давомида Ўзбекистонда масъул лавозимларда фидокорона ва сидқидилдан меҳнат қилган, жонажон Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини таъминлашга, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳига садоқат билан тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Саидмухтор Саидқосимов ибратли ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида батафсил сўз юритилади.

Серқирра ва забардаст олим, катта амалий тажрибага эга ташаббускор раҳбар, фалсафа фанлари доктори ва профессор С.Саидқосимов юртимиз мустақиллигининг илк йилларида ташқи сиёсат йўналишларини шакллантиришда, миллий дипломатия мактабининг мустаҳкам заминини яратишга беқиёс хизмат қилган. Ўтган йили 30 йиллиги кенг нишонланган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини ташкил этишда бош-қош бўлган ва унинг нуфузли олийгоҳга айлантиришда жуда катта жонбозлик кўрсатган. 

Китобдан профессорнинг йигирмадан ортиқ шогирдлари ва ҳамкасбларининг фикр-мулоҳазалари ўрин олган. 

Хусусан, ЮНЕСКО Котибиятининг Европа ва Шимолий Америка бўлими бошлиғи (Париж), сиёсий фанлар номзоди Бобир Тўхтабоев ўз устози ҳақида ёзиб, қуйидагиларни эътироф этади: “Саидмухтор Саидғозиевич ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияга раислик қилган даврда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги алоқаларга тамал тоши қўйилди, бой маданий меросга эга юртимизнинг ушбу нуфузли халқаро ташкилот билан ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди. Айни шу йилларда устознинг ЮНЕСКО раҳбарияти билан олиб борган самарали музокаралари натижасида Самарқандда бу халқаро ташкилот томонидан молиялаштирилган “Марказий Осиёни ўрганиш бўйича халқаро институти” ташкил этилиши катта сиёсий ва илмий воқеа бўлди”.

Дарҳақиқат, 1991-1992 йилларда у Ўзбекистон Президентининг алоҳида муҳим топшириқлар бўйича ёрдамчиси, 1992-1993 йилларда Президентнинг фан, таълим, маданият ва ижтимоий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси, 1993-1998 йилларда Ўзбекистон Президентининг сиёсий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси, 1992-1998 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори (ўриндошлик асосида), 1993-1994 йилларда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири, 1994-1996 йилларда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, 1993-1998 йилларда ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссиясининг раиси бўлиб ишлаган кезлари у киши ўзидан яхши ном қолдирди. 

Мустақил Ўзбекистоннинг олий таълим ва маданият тизимини ислоҳ қилиш, “Умид” жамғармаси ташкил этиш, халқаро қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини, вазифалари, ваколатлари ва ташкилий тузилмасини, хорижда дипломатик ваколатхоналар ишини ташкил этиш, Ўзбекистоннинг кўплаб хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш ишига улкан ҳисса қўшди. Халқаро майдонда миллий манфаатларимизни фаол ҳимоя қилди, жаҳон ҳамжамияти томонидан республикамизни тан олинишига катта амалий ҳисса қўшди.   

С.Саидқосимовнинг фаол саъй-ҳаракатлари билан 1992 йилда Марказий Осиёда дипломатларни тайёрлаш бўйича илк ўқув маскани бўлган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига асос солинди ва унинг биринчи ректори сифатида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. У киши ректорлик қилган йиллар университет нуфузи қанчалик юксалгани ва юртимиздаги энг олди таълим даргоҳига айлангани инкор этиб бўлмас ҳақиқат эканини ҳам кўпчилик яхши эслайди.

Бундан ташқари, устознинг қатъий саъй-ҳаракатлари ва кўмаги билан Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали (1992), Кореянинг Инха университети филиали (2014) очилгани тўпламда аниқ фактлар асосида кўрсатиб ўтилади. 

Унинг илмий раҳбарлигида ва таҳрири остида “Амир Темур жаҳон тарихида” номли бой иллюстрацияли фундаментал академик асар чоп этилди. У кишининг илмий ва ташкилий раҳбарлигида “Темурийлар тарихи давлат музейи” ташкил этилди. 1996 йилда кўп жилдли Ўзбекистон Миллий энциклопедиясини яратиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилишга эришди. 12 томли ушбу қомус бутун мамлакатимиз академик жамоатчилигини бирлаштирган қудратли фунтаментал илмий-маърифий меросга айланди.  

Ўз даврида С.Саидқосимовга кўрсатилган асоссиз босимлар ва нотўғри ёндашув бу кучли ва ҳалол шахс иродасини асло синдира олмади. Хотиржамлик билан ўзининг бутун салоҳият ва эътиборини илмий фаолиятга, ёшлар билан ишлашга, илмий-педагогик фаолиятга сафарбар этди. Кўплаб илмий асарлари орқали халқаро миқёсда тан олинган нуфузли олимга айланди. 

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, сиёсий фанлар доктори, профессор, ушбу нашр тўпловчиси Қодир Жўраевнинг ёзишича, “шундан кейин устоз турли йилларда Гарвард, Бостон, Принстон, Массачусетс, Оксфорд ва Вестминстер олийгоҳларида, Россия Дипломатик академиясида, бундан ташқари Франция, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Туркия, Шри-Ланка, Куба ва Мўғулистон каби давлатлар университетларида маърузалар ўқигани ва илмий анжуманларда фаол иштирок этди”.

2010-2018 йилларда эса Корея Республикасидаги таниқли Корё, Инха, Ханкук, Аджу ва Ханянг университетларининг профессори сифатида фаолият олиб борган.  

“Ипак йўли” нашриёти директори, фалсафа фанлари номзоди Шавкат Тўлаганов эса олимнинг ажойиб фазилатларини таърифлаб, “у қаерда, қайси лавозимда ишламасин, биз, дўстлари, аксарияти жуда оддий инсонлардан иборат жўралари билан алоқани узмади, доимо ҳаммага ёрдам қўлини чўзди, зарур маслаҳатлар бериб келди. Муносабатларимиздаги очиқлик, самимийлик ўзгармади, ҳеч бир ҳолатда ҳам унда “каттаконлик”, “манманлик”, “мансабпарастлик”, одамлар билан уларнинг лавозими, амали, бойлигига қараб яқинлашишга интилиш” касали сезилмади”.

Тўпламадан атоқли дин арбоби Шайх Абдулазиз Мансур, генерал-полковник Рустам Аҳмедов, иқтисод фанлари доктори, профессор Баҳодир Умурзоқов, академик, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Қаландар Абдураҳмонов, тарих фанлари номзоди Шавкат Миралимов, иқтисод фанлари доктори Носиржон Юсупов, сиёсий фанлар докторлари – Шуҳрат Ғойибназаров, Алишер Файзуллаев, Эътибор Султонова, сиёсий фанлар номзодлари Комилжон Каримов ва Отабек Найимовнинг ҳам устоз сиймосининг турли қирраларини очиб берувчи қимматли фикр-мулоҳазалари баён этилган. 

Албатта, Янги Ўзбекистонда олимнинг бой ҳаётий ва илмий тажрибаси, ажойиб инсоний сифатлари, ёшларимизга ўрнак бўлаётган қадриятлари, юртга дахлдорлик туйғуси билан яшаётган олижаноб ишлари муҳтарам Президентимизнинг адолатли эътиборлари билан муносиб эътироф этилди ва ҳурмати жойига қўйилди.

Сермазмун умр кечирган олим бугунги кунда ҳам дипломатия соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш йўлида бор билим ва маҳоратини аямай келмоқда, сиёсатшунослик ва халқаро муносабатлар соҳаларида кўплаб фан докторларини етиштириб чиқаришга ҳормай-толмай кўмаклашмоқда. 

Хориждаги нуфузли таҳлилий журналларда юртимизда сўнгги етти йилда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар моҳияти ва аҳамиятини илмий асосланган мақолалари билан хорижий аудиторияга фаол етказиб бермоқда. 

Ноёб истеъдод соҳиби, серғайрат ва бағрикенг бу инсон илмий ишимни ҳимояси куни кенгаш аъзолари орасида тадқиқот мавзуимнинг аҳамияти ва долзарблигини ёқлаб, келгусида яна қайси жиҳатларга урғу беришим кераклигини алоҳида ғамхўрлик ва самимият билан тушунтирганлари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди.

Ҳаёт йўли турли эврилиш ва мураккабликлар билан лиммо-лим тўлган бўлса-да, қалби ва фикр-хаёллари ҳамиша гўзал, юзидан илм-зиё нурлари ёғилиб турадиган, ҳақиқий ватанпарвар, ўзининг касб маҳоратини юксак профессионал даражага кўтара олган Саидмухтор аканинг сиймоси чиндан ҳам миллий дипломатия мактабининг чинакам намунасидир.  

Шу маънода содда ва равон тилда ёзилган мазкур китоб халқаро муносабатлар соҳаси бўйича олийгоҳлар талабалари, ташқи ишлар вазирликлари тизими ва хориждаги дипломатларимиз, умуман олганда кенг китобхон учун ўзига хос қўлланма бўлган дейиш мумкин.

Лазиз Раҳматов,

сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси