Шу маънода Президентимиз томонидан 2020 йил 17 декабрда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорда мазкур байрамни “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари асосида ташкил этиш белгилаб қўйилди.

Қарорни ўқиган киши борки, унда мустақиллик дунёдаги энг буюк ва бебаҳо неъмат эканлигини, унинг миллий тараққиётимиз, авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамиятини англайди. Чиндан ҳам йиллар давомида давлатимиз мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.

Қарорнинг энг муҳим жиҳатидан бири, унда мустақилликнинг 30 йиллик байрамини юқори савияда ўтказиш бўйича тавсиялар берилгани бўлди. Жумладан, “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун”, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” каби тамойил ва ғоялар асосида мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқларни чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш, уларни халқимиз онгу тафаккурига сингдириш айни кунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон ёшлар мамлакатидир. Шу боис, қарорда ёшларга оид давлат сиёсатини самарали олиб бориш, жумладан, ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, уларни муносиб иш билан таъминлаш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга тайёрлаш, ёш тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган дастурларни кенг тарғиб қилишга урғу берилган. Шунингдек, аҳолини турар жой билан таъминлаш, хусусан намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларини барпо этиш, кекса авлод вакилларини, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёрдам ва кўмакка муҳтож фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳам ёритилиб бориш бўйича тавсиялар берилган.

Мухтасар айтганда, мазкур ҳужжат  мамлакатимизда мустақиллик йилларида, айниқса, кейинги тўрт йилликда юз  берган туб ўзгаришлар, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маънавий-маърифий соҳаларда амалга ошаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиб беришга хизмат қилади. Бу ўз навбатида халқимизни ягона мақсад йўлида янада бирлаштириб, юксак марралар сари руҳлантириши шубҳасиз.

Темур ҚОСИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Яккасарой туман суди судьяси.