Шу боис, устозларга алоҳида ҳурмат ва эътибор кўрсатилади, ўқитувчилар байрами юртимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Шу ўринда айтиш жоизки, ўқитувчи ва мураббийлар куни саноқли мамлакатлардагина кенг байрам қилинади.
Биз, устоз ва мураббийларни оталаримизга менгзаган ва улар каби улуғлаган халқмиз. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки оталаримиз бизни тарбиялаб, вояга етказса, устозларимиз ҳам билим, ҳам тарбия беради. Шу боис, устозларга алоҳида ҳурмат ва эътибор кўрсатилади, ўқитувчилар байрами юртимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Шу ўринда айтиш жоизки, ўқитувчи ва мураббийлар куни саноқли мамлакатлардагина кенг байрам қилинади.
Афсуски, муайян бир даврда ўқитувчилар, умуман, таълимга эътибор сусайди. Бироқ сўнгги йилларда уларга нисбатан муносабат тубдан ўзгарди, юртимизда устоз деган номни улуғлаш, қадр-қимматини кўтариш, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, соҳа вакилларига катта имкониятлар эшиги очилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантаналарда ҳамда Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда янграган “халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш — Учинчи Ренессанс” даврига пойдевор яратилмоқда, деган сўзлари биз таълим соҳаси вакиллари, айниқса, тарихчилар зиммасига янада улкан масъулият юклайди.
X-XII асрларда содир бўлган Шарқ Уйғониш ва темурийлар ренессанси даврларида миллатнинг юксалиши, илму урфон ривожида маърифат ва зиё тарқатувчи устозларнинг ўрни беқиёс бўлган.
Янгиланаётган Ўзбекистон ривожланган давлатлар қаторига чиқиши учун жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотларни, аввало, таълим тизимидан, тарбия масаласидан бошлаётган экан, биз тарихчилар тарихни миллий ғурурни шакллантирувчи воситага айлантиришни ўзимнинг бурчимиз ва вазифамиз деб билишимиз лозим. Чунки миллий ғоя, миллий руҳ, миллий ўзлик, албатта, тарихга объектив муносабат воситасида шаклланади.
Юксалиш, энг аввало, кишилар онгида содир бўлиши керак. Бунинг учун биз талабаларга тарихни қуруқ фактлардан иборат эмас, олинган маълумотларни таҳлил чиғириғидан ўтказишга, тегишли хулосалар чиқаришга ўргатадиган фан сифатида ўқитсак, уларнинг ўз фикрларини эркин ва мустақил баён қилиш ва исботлашга ўргатсак, янги авлод шундагина бу юксалиш пойдеворини бунёд этувчиларга айланадилар.
Лутфия ҚОДИРОВА,
Гулистон давлат университети тарих кафедраси доценти