Тошкент шаҳар суди матбуот хизматининг хабар беришича, 29 октябрь куни иш судда кўрилиб, қабул қилинган ҳал қилув қарори билан Юлдуз Усмоновадан даъвогар Йўлчи Рўзиев фойдасига 50 млн сўм маънавий зарар учун компенсация ва муаллифлик ҳуқуқини бузгани оқибатида етказилган зарар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари (135 млн сўм), жами 185 млн сўм миқдорида товон пули ундириш белгиланган.
Судда тарафлардан низони ўзаро келишиб, ҳал қилиш учун муддат берилган. Аммо суд якунига қадар келишувга эришилмаган.
Фуқаролик процессуал кодекси талабига мувофиқ, Юлдуз Усмонова ихтиёрида ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят киритиш учун 1 ой муддат мавжуд.