Кўпчилигимиз бирор-бир товар (айниқса маиший техника) ёки хизматни сотиб олишдан олдин у тўғрисидаги одамларнинг фикрлари, изоҳлари, маҳсулот характеристикасини ўрганишга ҳаракат қилишимиз табиий ҳол.
Товар ва хизматларни танлашнинг яна бир аниқ ва ишончли воситаси турли рейтинглар ва экспертиза натижалари ҳисобланади. Бугунги кунда кенг тарқалган ва кўпчилик учун таниқли — “юлдузча”, “класс” ёки “юракча” кўринишидаги белгилар истеъмолчиларнинг мазкур товар ёки хизматга бўлган фикрини кўрсатиши билан муҳим аҳамият касб этади. Хўш, дунёда товар ва хизматларни баҳолашнинг яна қандай тизимлари қўлланилади?
Жанубий Кореяда ўз истеъмолчилари тўғрисида қайғурадиган туристик агентликлар, умумий овқатланиш, газ таъминоти корхоналари, кичик дўконлар, логистика, тиббиёт муассасалари каби кўплаб тармоқлар корхоналарини сертификатлаш тизими мавжуд (Consumer Centered Management – “CCM”). Бу миллий сертификатлаш тизими бўлиб, Корея истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги уни баҳолаб боради, бу баҳолаш натижалари асосида Ҳаққоний савдо бўйича комиссия мазкур корхоналарга сертификат тақдим этади. Ушбу тизим корхона фаолияти истеъмолчилар учун йўналтирилганлигини баҳолаш имконини беради. Бундай турдаги баҳолаш тадбирлари ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Таъкидлаш муҳимки, комиссия бундай корхоналар фаолиятини ҳар хил йўллар билан рағбатлантириши, мукофот тақдим этиши ёки уларнинг ўз маҳсулотлари маркировкасига сертификатланганлик тўғрисидаги ССМ белгисини қўйишга рухсат бериши мумкин.
Сингапур. Сингапур озиқ-овқат агентлиги (Singapore Food Agency) умумий овқатланиш корхоналари ва чакана савдо шохобчаларини сертификатлаш ва рейтингини юритиш бўйича тизимли ишларни олиб боради. Агентлик гигиена, тозалик ва маҳсулотларни сақлаш шароитларига ўрнатилган талаблар асосида чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш корхоналарини баҳолаб боради. Бундай тизим корхоналарни (уларнинг ходимларини) шахсий гигиена ва маҳсулотларни сақлаш қоидаларига риоя этишга ундайди, корхоналар ўз навбатида бино кириш жойига баҳолаш натижаларига кўра даражаси кўрсатилган сертификатни осиб қўйишлари мумкин бўлади. Истеъмолчилар эса мазкур сертификатга асосан корхоналар даражасини аниқлаши мумкин.
Бирлашган Қиролликда умумий овқатланиш ва аҳоли саломатлигини назорат қилиш бўйича фаолият юритувчи Озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги (Food Safety Agency) фаолият юритади. Агентлик мустақил давлат идораси ҳисобланиб, маҳаллий ҳокимият билан ҳамкорликда озиқ-овқат гигиенаси талабларига риоя этиш рейтингини ишлаб чиққан. Баҳолаш натижаларига кўра, сертификатлар ресторан, кафе, дўкон, меҳмонхона, мактаб, касалхона, супермаркет, новвойхона ва тансиқ таомлар дўконларга берилиши кўзда тутилган. Ўрганиш натижаларига кўра рейтинг ёрлиғи ва сертификат берилади. Уэльс ва Ирландияда тадбиркорлар ушбу ёрлиқларни ўз биноларида жойлаштиришга мажбур бўлса, Англияда ўз рейтинг даражасини кўрсатиш мажбурий ҳисобланмайди.
Ўрганиш ва таҳлил тизими 5 баллик шкалада баҳоланади. Айнан шу баҳо корхоналарнинг ўрнатилган талабларга қай даражада жавоб бериши ёки бермаслигини кўрсатиб беради. Паст балга эга бўлган корхоналар яқин вақтларда ўзларининг гигиенага амал қилиш кўрсаткичларини яхшилашлари талаб этилади, акс ҳолда, Агентлик улар ўз фаолиятларини яхшилангунига қадар ёпиш/тугатиш ваколатига эга.
Aвстралия ва Янги Зеландия. Aвстралия ва Янги Зеландия ҳукуматлари саноат, жамоат саломатлиги ва истеъмолчилар гуруҳлари иштирокида маҳсулотлар рейтинги тизимини ишлаб чиқишда раҳбарлик қилди (Health Star Rating System). Унга кўра товар қадоғини олд томонида махсус белги жойлаштирилиши лозим. Мазкур тизим 2014 йилда ишга туширилган бўлиб, унда қатнашиш ихтиёрий этиб белгиланган ва унга кўра фақатгина қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотларига уларнинг фойдалилик даражасига қараб 0,5 дан 5 юлдузгача баҳо бериш кўзда тутилган.
Истеъмолчиларга маҳсулотни танлашда қулайлик туғдиришидан ташқари, мазкур тизим ишлаб чиқарувчиларни ҳам ўз маҳсулотлари таркибини яхшилашга, зарарли моддалар миқдорини камайтиришга эътибор қаратишига замин яратди. Янги Зеландияда ўтказилган ўрганишлар “Health Star Rating тизими”ни жорий этиш айрим маҳсулотлар таркибини тубдан яхшиланишига олиб келганлигини тасдиқлади.
Бизнинг мамлакатимизда юқоридаги каби рейтингларни ишлаб чиқиш, юритиш ва мезонларни ўрнатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига юклатилган. Мазкур вазифани бажариш мақсадида рейтингни юритиш методикаси ишлаб чиқилди. Рейтингнинг асосий мақсади тадбиркорлик субъектлари томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун талабарига риоя қилиш даражаси, истеъмолчиларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига берилган баҳосини аниқлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истеъмолчилар ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаган тадбиркорлик субъектлари тўғрисида очиқ маълумотлар базасини яратишдан иборат.
Л. ШАРИФОВА,
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш агентлиги мутахассиси