«Хива жараёни: Марказий Осиёда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш» номли биринчи ҳужжат ЮНEСКО ваколати (маданият, таълим, фан, ахборот ва коммуникациялар) доирасидаги соҳаларда Марказий Осиёда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун янги платформа яратишни назарда тутади. Мазкур платформа жорий йилнинг 14-16 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан Хива шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданий форуми якунлари бўйича йўлга қўйилди. Жорий йилнинг 6-20 октябрь кунлари Париж шаҳрида ўтказилган ЮНEСКО Ижроия кенгашининг 212-сессияси доирасида дунёнинг барча минтақалари номидан 23 давлат ҳаммуаллифлигида тайёрланган айнан шу номдаги қарор лойиҳаси қабул қилинди.

Иккинчи ҳужжат мактабгача таълимни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш, шу жумладан Тошкентда эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича глобал конференция ўтказишга тааллуқлидир. ЮНEСКОнинг 2022-2025 йилларга мўлжалланган дастури ва бюджети лойиҳасига тузатиш сифатида бевосита Бош конференцияга киритилган Резолюция тадбирнинг расмий даражасини эксперт даражасидан вазирлик даражасига кўтаради. Анжуман ЮНEСКОнинг таълим соҳасидаги энг йирик форумларидан бири ҳисобланади. Ташкилот Ўзбекистонда сўнгги йилларда мактабгача таълимни ривожлантириш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон томонини ушбу тадбирни ҳамкорликда республикада ўтказишни таклиф қилди.

Учинчи резолюция 2022-2023 йилларда Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини ЮНEСКО билан боғлаш мумкин бўлган муҳим юбилей санаси сифатида кенг нишонланишини назарда тутади. Тожикистон ва Эрон билан ҳаммуаллифликда ҳамда Туркия кўмагида қабул қилинган ҳужжат буюк олим ва мутафаккирнинг таваллуд кунини ЮНEСКО шафелигида Ўзбекистонда ҳамда хорижда нишонлашга бағишланган йирик тадбирларни ўтказиш имконини беради. Мазкур масала бўйича тегишли қарор лойиҳаси 2020 йил декабрь - 2021 йил январь ойида бўлиб ўтган 210-сессия доирасида қабул қилинган.

Ўзбекистоннинг барча ташаббуслари муҳокама ва ўзгартиришларсиз бир овоздан маъқулланди. ЮНEСКО раҳбарияти Ўзбекистон томонига ташкилот мандатини илгари суришда алоҳида долзарб ва аҳамиятли бўлган резолюция лойиҳалари киритилгани учун миннатдорлик билдирди. ЮНEСКО Бош директори О.Азуле ўзининг расмий изоҳларида Ўзбекистон томонининг мактабгача таълимни ривожлантириш тўғрисидаги резолюциясини қўллаб-қувватлади ва аъзо давлатларни эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва уларга ғамхўрлик қилиш борасидаги ишларга кўмаклашиш учун ихтиёрий равишда ҳисса қўшишга чақирди. Ташкилот раҳбарининг муносабати тасдиқланган ҳужжатнинг якуний таҳририда ўз ифодасини топди.

ЮНEСКО Бош директорининг ижтимоий-гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Г.Рамос жорий йилнинг сентябрь ойида Хивада ташкил этилган «Хива жараёни» резолюцияси ҳақида гапирар экан, унинг мазмун-моҳияти, иштирокчилар ва уларнинг қўшган ҳиссаси нуқтаи назаридан «оламшумул» форум учун Ўзбекистон ҳукуматига яна бир бор миннатдорлик билдирди. У буни минтақада маданиятлараро мулоқот ва тинчлик маданиятини ривожлантириш борасидаги «асосий ташаббус» деб атади. Бош директор ўринбосари ўзи раҳбарлик қилаётган Ижтимоий ва гуманитар фанлар сектори «Ипак йўли» ва «Ижтимоий ўзгаришларни бошқариш» муҳим дастурлари, шунингдек, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва маданиятлараро ҳамкорликни рағбатлантириш лойиҳалари доирасидаги ташаббусларни илгари суришда кўмак беришга тайёр эканлигини таъкидлади.

Бир қатор ҳаммуаллиф-давлатлар, шу жумладан. Қирғизистон, Озарбайжон, Венгрия, Хитой, Туркия ва Эфиопия делегатлари ҳам «Хива жараёни»ни қўллаб-қувватлаб, илиқ сўзларни билдирди. Қирғизистон Республикасининг ЮНEСКОдаги доимий вакили С.Шерниёзнинг таъкидлашича, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари азалдан Марказий Осиёда ўзига хос «кремний водийлари» бўлиб келган. Доимий вакил бутун минтақа равнақи йўлида илм-фан вакиллари ва маданият арбобларини ривожлантириш ҳамда асраб-авайлашга хизмат қилиш йўлида муҳим жараённи бошлаб бергани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга миннатдорлик билдирди, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.