ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни асраш ҳукуматлараро қўмитаси томонидан Бахшичилик санъати Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Ушбу элемент бўйича номинацион пакет Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси томонидан тайёрланиб, 2020 йилда тақдим этилганди. Икки йил давомида ЮНЕСКО томонидан ўрганиб чиқилди ва бугун Парижда бўлган йиғилишида бахшичилик санъатини номоддий маданий мерос дея тан олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Сессия доирасида Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси “Бахшичилик санъати” номинациясининг тақдимотини ўтказди. НМММҲҚ ушбу элементни Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритишни аккламация (кенг консенсус) йўли билан ҳеч қандай дебатлар ва овозга қўйишларсиз маъқуллади. Бу юксак эътироф дунё ҳамжамиятининг юртимиз тарихи ва ноёб маданий меросига, санъатимизнинг кўҳна ижодий мактабларига бўлган ҳурмат ва эътирофининг ёрқин ифодасидир.
Мазкур хушхабарни эшитишим билан “Ниҳол” мукофоти совриндори Ахрор бахшининг, “Куни кеча ижтимоий тармоққа қўйилган ижроимни эшитиб менга роккн-ролл йўналишида ижод қиладиган америкалик бастакор Ёдгор Алимов қўнғироқ қилди. Биз билан ҳамкорлик қилмоқчи экан. Бахшичилик анъаналарини замонавий замонавий мусиқа билан уйғунлаштирсак, бу ноёб меросимизга ёшларнинг эътиборини жалб этиш осон бўлади, деди у. Эндиликда биз шундай ҳамкорларимиз ёрдамида халқаро танловларда ҳам иштирок этишга ҳаракат қиламиз”, деган сўзларини эсладим. Эндигина телефон рақамларини тера бошлаган эдим ҳамки, Ахрор бахшининг ўзи телефон қилиб қолди.
– Хурсанд бўлганимдан дўмбирамни қучоқлаб йиғлаяпман. Шундай кунлар келишини устозим Шомурод бахши кўп гапирар, орзу қилар эдилар. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бахшичилик санъати намояндалари ва мухлисларига йўллаган табрикларини қайта-қайта ўқиганим сайин қаддим юксалиб, кўнглим нурга чулғаниб кетяпти. Куни кеча қирғизистонлик бахши дўстим Азиз Батиров билан гаплашган эдим. Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон республикаларида яшаб ижод қиладиган бахши ва оқинлар ҳамкорликда “Қардошлар”деб номланган бир мусиқий асар яратмоқчимиз. Бу тайёргарликлар, шодликлар бежиз эмас экан. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг катта саъй-ҳаракатлари билан бизга шундай юксак эътибор қаратилишини сезган эканмиз. Ижодкор одам жуда таъсирчан бўлади. Гўё икки елкамдан икки қанот ўсиб чиққандек бўлди. Бу биз учун жаҳон саҳналарига жуда кенг ва ёруғ йўлларни очиб берадиган имкониятдир. Бахшичилик санъати чин маънода қалбларни эзгуликка, одамийликка, меҳр-оқибатга чорлайди.
Дарҳақиқат, халқ оғзаки ижодининг бетакрор намунаси бўлмиш достонлар ҳамда бахшичилик санъати халқимизни, қолаверса, ёшларни эзгуликка ва нурафшон кунларга етаклайди. Шу боис давлатимиз раҳбари ўз маърузаларидан бирида, “Агар биз бу ноёб санъатни сақлаб қолиш учун бугун барчамиз биргаликда ҳаракат қилмасак, эртага, афсуски, кеч бўлади, келгуси авлодлар, тарих бизни кечирмайди”, дея қатъий таъкидлаган эди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва тараққий эттириш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан соҳага доир 30 дан ортиқ қарор ва фармоннинг қабул қилиниши фикримизнинг ёрқин далилидир. Ушбу ҳужжатларга асосан юртимизда миллий маданиятимиз сарчашмаси бўлган фольклор санъати йўналишида ҳар йили халқаро фестиваль ташкил этиш белгилаб берилди.
2019 йилда Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали ташкил этилди. Фестивалда юртимиз бахшилари, соҳа олимлари ва мутахассислари билан бир қаторда қўшни давлатлар ва АҚШ, Болгария, Эрон, Жанубий Корея, Молдова, Россия, Туркия, Франция, Хитойдан ташриф буюрган бахшилар ҳамда соҳа тараққиёти учун меҳнат қилиб келаётган хорижлик олимлар фаол иштирок этишди. Ушбу фестиваль Ўзбекистон маданиятини, унинг санъатини дунёга танитишда муҳим аҳамият касб этди. Халқаро бахшичилик санъати фестивали мамлакатимиз тарихида ўчмас из қолдирди. Бундай дейишимизнинг боиси, қарийб 10 кун давомида дунё ҳамжамияти Сурхондарё воҳаси ва Термиз шаҳрининг бой маданий мероси ва бахши-шоирларимизнинг тарихидан хабардор бўлди. Фестиваль доирасида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияда бахшичилик ва достончиликка доир илмий маърузалар тингланди ва суҳбатлар ташкил этилди. Фестивалнинг яна бир муҳим жиҳати, халқаро ижодий алоқалар ўрнатилиб, дўстлик ришталари янада мустаҳкамланди.
– Мазкур фестивалдан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, – Ахрорбек бахши сўзимизни давом эттириб. – Ва бу қарорга кўра бахшичилик санъатини тараққий эттиришнинг ҳуқуқий асослари ва амалга ошириш механизми яратилди. Бугунги кунда мамлакатимизда самарали фаолият олиб бораётган 250дан ортиқ соҳа вакиллари орасида 25 нафарга яқини “Ўзбекистон халқ бахшиси” ва “Қорақалпоғистон халқ бахшиси” унвонлари, 1 нафари “Дўстлик ордени”, 11 нафари “Шуҳрат” медали, 7 нафари “Ниҳол” мукофоти, 2 нафари “Келажак бунёдкори” эсдалик нишони билан тақдирлангани фикримизни тасдиқлайди. Кейинги йилларда юртимизда азалдан мавжуд бўлган қадим бахшичилик мактаблари ҳам тикланди. Устоз бахшиларимизнинг анъаналарини ёшларга ўргатишга астойдил ҳаракат қиляпмиз. Жорий йилнинг сентябрь ойида Нукус шаҳрида II Халқаро бахшичилик фестивали бўлиб ўтди. Тадбирда 260 дан ортиқ турли давлатлар ва халқаро ташкилотларган келган меҳмонлар иштирок этишди. Бу каби халқаро анжуманлар биз бахшиларга олам-олам идҳом бағишлайди. Ҳозирги кунда Отақул бахши, Акбар бахши ва суннат бахши каби шогирдларим Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъатида бахшичилик санъати бўйича таҳсил олишяпти. Уларга ҳамиша, дўмбирани чертганингда шунчаки куйламаслигинг, эл-юртим омон бўлсин деб чин дилдан ният қилишинг керак,дея тайинлайман.
Ахрор бахшининг фахр билан айтган бу сўзларини тинглар эканмиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бахшичилик санъати намояндалари ва мухлисларига йўллаган табригида мана бу сўзларни таъкидлагимиз келди: “Бахшичилик санъатини ривожлантириш йўлида эришган натижаларимиз ва уларнинг халқаро эътирофи бизни руҳлантириб, улкан марраларга чорлайди. Биз бу ноёб маданий меросни асраш, ривожлантириш ва оммалаштириш, жумладан, бахшиларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун янги имкониятларни сафарбар этамиз. Бу борада энди бизга ЮНЕСКО бошчилигида халқаро ҳамжамият ҳам мададкор бўлади”. Чиндан ҳам бу ноёб меросни асраб-авайлашда энди бизга бутун дунёдаги санъатсевар, тинчликсевар дўстларимиз ёрдам беришади. Мақола саҳифага тайёрланаётганда Ахрор бахши бизга қувонч билан шуни маълум қилдики, оламшумул хушхабардан сўнг ўзбек бахшиларига Москвадан ва Япониядан ҳамкорлик бўйича янги таклифлар тушган.
Ҳа, яхши хабарнинг қаноти бор, дея бежиз айтишмаган. Дўмбирасини созлаётган, эл юрагини ҳамиша юксак орзулар сари чорлаётган бахшиларимизга бу ёруғ кунлар, янги ҳамкорлар, ютуқлар сурури муборак бўлсин!
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири