Балки тузаларми бу хаста дунё,
Балки ишқ сўзини унутган ул ёр.
Қалбга малҳам бўлсин мумтоз оҳанглар,
Юнус Ражабийнинг торини чалинг!
Юрт султони айтар: “Мақомни англанг,
Комилжон, Маъмуржон ҳофизни тингланг.
Шунда эл бўламиз, кетиб ғафлатдан”,
Юнус Ражабийнинг торини чалинг!
“Шашмақом”, “Чўли ироғ”у “Чоргоҳ”лар
Айтинг қайси ғамдин урар фарёдлар,
Асрлар юкини мен ҳам ортмоқлай,
Юнус Ражабийнинг торини чалинг!
Нью-Йоркдан нидо қилар Бош котиб:
“Миллатлар бирлашинг, юракни ёқиб,
Фақат Меҳр бизни қутқарар, ё раб!”
Юнус Ражабийнинг торини чалинг!
Табиат исёнда, қалблар пажмурда,
Она ўз боласин сотар қай элда.
“Тангримга айтаман!”- дер гўдак зада,
Юнус Ражабийнинг торини чалинг!
Не уммон, не саҳро, не само сўзлар,
Қиёматда аён бари ёзмишлар.
Қилмишлар, урушлар, не юз буришлар...
Юнус Ражабийнинг торини чалинг!
Чалинг, куйган дилим куй истар бу дам,
Етти иқлим аро ҳарорат, алам,
Эй Одам! Эй Ҳавво! Ё Расул акрам!
Юнус Ражабийнинг торини чалинг!
Ахир, бу куйларда саловотлар бор,
Аллоҳ ишқидаги ҳаловатлар бор.
Муножат, ҳидоят, ҳимоятлар бор,
Юнус Ражабийнинг торини чалинг!
Балки тузаларми бу хаста дунё,
Балки ишқ сўзини унутган ул ёр,
Кўҳна Оқсаройдан бир садо келар:
Юнус Ражабийнинг торини чалинг!!!
Мухтасар Тожимаматова
15.07.2020й.