Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 24 январдаги Ўзбекистон Республикасида “Жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ава оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида, Юқори Чирчиқ туманида бугунги кунда Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида намунали тарзда шароитлар яратилган.

Жумладан, 8 турдан ортиқ спорт тўгараклари фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида, туманнинг Т.Г.Хван маҳалла фуқаролари йиғинида яна бир янги кураш зали фойдаланишга топширилди.

Мазкур ишлар учун туман ҳокими У.Атемовнинг ташаббуси билан 1 млрд. 400 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилиб, қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ёшларнинг миллий кураш, юнон-рум кураши ҳамда бадиий гимнастика билан шуғулланиши учун имкониятлар яратилди.
Туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг кўп йиллардан бери қаровсиз ётган марказий ўйингоҳи қайта реконструкциядан сўнг, замонавий кўринишда фойдаланишга топширилди.

Туманда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш даражасини янада ошириш, оммавий спорт мусобақаларини ривожлантириш, аҳолини соғлом турмуш тарзига одатлантириш мақсадида туманнинг Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қошидаги марказий ўйингоҳ 2 млрд. 600 млн. сўм маблағ эвазига қайта таъмирланди. Марказий ўйингоҳ, кичик ўйингоҳлар, Street Workout майдончаси, мураббийлар хонаси, ҳамда ёнида “Яшил боғ” барпо этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Юқори Чирчиқ туманининг "Султонравот" маҳалла фуқаролари йиғинида Маънавият ва маърифат маскани бунёд этилди.

Очилиш маросимида туман ҳокими У.Атемов сўзга чиқиб, барчани ушбу масканнинг фойдаланишга топширилаётгани билан самимий қутлади.

Маънавият ва маърифат масканида кутубхона, ёш қаламкашлар тўгараги, рақс хонаси, фольклор хонаси, кичик фаоллар зали, 300 ўринли томоша зали мавжуд бўлиб, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун барча шароитлар яратилган.

Дастур доирасида туман Халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактабларининг иқтидорли ўқувчилари томонидан Абдулҳамид Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романидан саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Туманнинг энг чекка “Қўрсой” маҳалла фуқаролари йиғинида янги Маданият уйи фойдаланишга топширилди. Ташландиқ ҳолга келган бино ўрнида янги, замонавий гўша қад ростлади.

Очилиши маросимида сўз олганлар маҳаллага мунчоқдай ярашган ушбу бинода маданий тадбирларни ташкил этиш учун барча шароитларнинг яратилиши қувончли ҳол эканлигини таъкидлади.

“Ободон” маҳалла фуқаролари йиғинида тиббиёт пункти ўз фаолиятини бошлади.
Ушбу маҳалла туман марказидан узоқда бўлгани боис аҳолига тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатишда муаммолар бўлган. Қисқа фурсатда фойдаланишга топширилган ушбу тиббиёт пункти замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатилишга тайёр ҳолатга келтирилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги

Ахборот хизмати