Ёшлигимизда бобо, бувиларимизнинг “Ғайратим бор-у қувватим йўқ-да” деган гапларини кўпам тушунавермас эканмиз. Аслида, ҳар бир инсон ёши улғайгани сайин бу гапни беихтиёр дилдан ўтказадиган, ўзи билмаган ҳолда тилига ҳам такрор-такрор чиқарадиган бўлиб қолар экан. Салкам чорак аср болалар нашри — “Ғунча” журналида ишлаган, чапани айтганда, ёшлигида товонидан ўт чақнаган, бугун эса тўқсон ёш арафасида ҳам ғайрати жўшиб турган Яйра Саъдуллаева билан суҳбатимиз болалик, ёшлик шижоатидан бошланди.

Ҳаётимга йўлланма берган даргоҳ

— Бешинчи ёки олтинчи синфда ўқиётганимда “Қодир токарь бўлади” номли мақолачам “Ёш ленинчи”да чоп этилган. Ўша кунги қувончимни тасвирлаб беролмайман. Шунингдек, бу шодликка хизмати сингган раҳматли Шораҳим Азимов, менга эркин, самимий ёзишни ўргатган Абдулазиз Ваҳобовни сира унутмайман. Шу қаторда Мирзакалон Исмоилий, Музайяна Алавия, Тўхтасин Жалолов, Маҳмуд Муродов каби устозларимни ҳам алоҳида эсга олмасам бўлмайди. Чунки улардан сабот ва матонатни, руҳий азоблар гирдобидан ҳам мағрур чиқа олишни ўргандим. Уларнинг бу жасоратига минг таҳсин айтгим келади.

Шундай инсонларнинг устозлик меҳри биланми, газетага кундан-кун қаттиқ боғланиб бордим. Мактабга “Ёш ленинчи” келмай қолган куни йиғлаганим ҳам эсимда. Чунки у ҳаётим мактаби бўлди. Болалигим, ўсмирлигим, ёшлигимга шу газета мазмун берди, пиллапоя бўлиб мени  юксак манзилларга элтди. САГУнинг филология факультети журналистика бўлимига қабул қилиндим, ўша даврнинг номдор стипендиясига сазовор бўлдим.

Талабалигимда ҳам “Ёш ленинчи”дан узилиб кетмадим. Унда ҳар кун ҳаёт қайнарди. Йўлаклар-у хоналар журналистлар шовқинидан гавжум, бу беоромлик таҳририятга меҳримни янада оширарди. Бош муҳаррирдан тортиб техник ходимларгача энг азиз инсонларимга айланиб қолишган. Улар учун мен ҳам қадрли бўлиб қолган эканман, ўқишни битиришим билан  ишга чиқириб олишди. Атиги етти ой ишлагач, мени ўша вақтдаги ЎзЛКСМ Марказий Қўмитасига матбуот котиби этиб тайинлашди.

Кўп ўтмай жонажон газетамга муҳаррир ўринбосари этиб тасдиқлашди. Чинакам ижод, изланиш фасли ана шунда бошланди. “Ёш ленинчи”нинг тажриба мактаби  мени фақат илгарилатди. Дадиллик, журъат ва олови сўнмас юрак ҳадия этди. Ҳамон газетадан кимдир ҳол сўраб келса, таҳририят нафаси келгандай туюлаверади. Чунки таҳририят мен учун энг муқаддас, табаррук даргоҳ бўлган ва умримнинг сўнгига қадар шундай бўлиб қолаверади.

Дарвоқе, азизларим, 90 ёшни қоралаб қўйибман. Шукур, ҳанузгача қаторингиздаман. Ҳурмат кўрдим, эъзоз топдим. Давлатимизнинг олий мукофотлари билан тақдирландим. Кўксимни қатор орден ва медаллар безаб турибди. Мени дам Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмасидан, дам Журналистлар уюшмасидан йўқлаб туришади. Бу бари ҳаётимга йўлланма берган, “кўз очиб кўрган” таҳририятим шарофати  эмасми?

Мирзачўл инсонни қадрлашга ўргатди

Яйра опанинг Мирзачўлдаги ишлари ҳақида эшитганлар, айниқса, ёшлар  шаҳарлик бир қизга шунча куч, чўлга шу қадар интилиш қаердан, деб ажабсинади. Чиндан ҳам Тошкентнинг Себзорида туғилиб ўсган қизнинг шаҳардан олисларга, тупроққа қишлоқ одамидай талпинишини қандай тушуниш мумкин, дея опанинг ўзидан сўрадик.

— Шунинг учун ҳам журналист касбини ортмоқлаганман-да, юраги алангаланган кезларни хотирлай бошлади опа. — Қизиқучанлик журналистнинг қон-қонига сингган. Бунингсиз мумкин эмас. Қолаверса, “Ёш ленинчи” доим етакчи нашр бўлиб, йигит-қизларни долзарб чиқишлари билан руҳлантира олган. Унда чоп этилган танқидий мақолалар, фельетонлар албатта акс садо берар, тегишли мутасаддилар хушёр тортиб қолишарди.  Мухбирлигим ортидан бир неча бор Мирзачўлда бўлиб, ҳар гал олам-олам мавзулар билан қайтдим. Ўша даврлар Андижон вилоят Ёшлар қўмитасининг котиби бўлиб ишлаган, кейинчалик Герман Титов номли 6-совхозда фаолият юритган Содиқ Йўлдошев ҳақида ёзилган, юксак эътирпоф этилган “Она тупроқ” очерким Мирзачўлдан олган таассуротларимнинг бир қисми. У пайтлар мирзачўллик кўплаб одамлар зах, қоронғу  ертўлаларда яшаган бўлса ҳам ҳаётидан нолимадилар, машаққатли меҳнатдан толмадилар. Ана шундай танти, қўли қадоқ одамлар сабаб Мирзачўл бугун Мирзабўстонга айланди.

Албатта, ота-онамнинг розилиги билан мен ҳам Мирзачўлнинг бўстонга айланишида қатнашганман. Олов эдим, ёнар эдим, шаштимни на редакциядагилар, на ёшлар ташкилотидагилар қайтара олмаган. Машҳур чўлқувар Қувондиқ Абдураззоқовнинг хонадонида яшагунимга қадар барак, ертўла нималигини ҳис қилдим. Аксарияти турли жиноятлари учун озодликдан маҳрум этилган маҳбуслардан иборат жамоага  ёшлар етакчиси этиб сайлашди.  Бўйим бир ярим мертдан озроқ ошадиган, ушоққина қиз бўлсамда, юрагим алангаси осмон қадар бўй оларди. Мирзачўлда бригада бошлиғи ҳам бўлдим, пахта териш машинасини бошқаришни ўргандим. Ер чопиш асносида унинг тилини ўргандим. Айтганингиздек, тошкентлик қиз учун бу жуда катта мактаб эди.

Чўлқуварлар билан учрашувга келган космонавт-учувчи Павел Попович шарафига ташкиллаштирилган тадбирни очишдек масъулиятли вазифа менга топширилганидан кейин жамоатчилик ишларига астойдил аралашиб кетдим. Мен учун ишнинг оғир-енгили бўлмади. “Ёш ленинчи”га мақола ва хабарлар, очерк ва лавҳалар юбориб турдим. Умумий қилиб айтганда, Мирзачўл менга инсонни қадрлашни ўргатди.

Чўлдан қайтганимда мени ўша вақтда ишланган “Синчалак” фильмида бош ролни ўйнашга таклиф қилишган. Ҳатто пробадан ҳам ўтгандим, аммо кинода ўйнашни истамадим. “Гулхан” журналига бош муҳаррир этиб тайинлашди. Бу ерда Мирзачўлда орттирган ҳаётий тажрибаларим жуда қўл келди. Меҳнат инсонни ҳар томонлама тоблашига амин бўлдим. Мирзачўлдаги таассуротларим жамланган “Ҳаётнинг бир варағи” номли китобимни қўлимга олсам, ҳамон ширин хотираларга кўмиламан.

 Кичиклар учун ёзишнинг катта масъулияти бор

Болаликнинг ўзига хос олами бор. Аслида бола бўлиб, боланинг тилидан ёзиш қийин. Кимлардир болалар нашрларини тайёрлаш осон деб ўйлайди. Бу борадаги фикрларини опа шундай ифодалади:

—  Тўғри айтдингиз, болаларнинг ўз олами бор деб. Шундай экан, бу улкан оламни, самимият ва беғуборлик ҳукм сурган ўзга дунёни катталар кашф эта олиши керак. Соддароқ гапирсам, алдаб-аврасам — олам гулистон, деганлар катта хато қилади. Зеро, болалар ёлғонни, ясамаликни дарров англайдилар. Эртаклар бошқа гап, афсоналар айтиб болаларнинг онгу шуурини бойитмоқ ўзга масала. Аммо ёлғон, алдов кечириб бўлмас хатодир. Болаларни ўзингизга тенг билинг, улар билан диллашинг. Етук адабиётчи, шоир ва ёзувчилар ҳам болалар учун кичик ҳикоя ёзишнинг катта масъулияти борлигини доим таъкидлаганлар.

Чунки ҳар сафар “Ғунча” деган сўзни эшитсам, бу журнал учун фидокорона меҳнат қилган журналистларимиз, техник ходимларимиз кўз олдимдан ўтаверади. Биз тахририятимизда журналнинг навбатдаги сонини тайёрлаш учун йиғилганимизда, ҳар бир мақола, шеър ёки ҳикояни образга кириб, бирма-бир ўқирдик. Ёши бир ерга етган Маҳмуд ака Муродов дам ҳикояда “сўзлаётган” жажжи қизчанинг овозини беришга ҳаракат қилардилар, дам кекса донишманд қиёфасига кирардилар. Шоир Рауф Толиб “Темирвой” бўлса, Турсунпўлат Ҳолмуҳамедов, Собит Ғафуровлар тез айтиш айтиб, мақол ва топишмоқлар танлови уюштирардилар. Хона гурра кулгу ва ҳазил-мутойибага ғарқ бўларди. Бизнинг бу “планёркаларимиз” журнал саҳифаларига сифатли, болалар учун қизиқарли ва мазмунли материаллар беришимизга асос бўларди. Журналнинг техник ходимлари ҳам  тахририят ҳаётида фаол бўлишган. Жамоанинг бирлиги — иш унумига, хусусан, нашрнинг муваффақиятига сабаб бўлади. 

Хонадонига “Гулхан”, “Ғунча” ва “Тонг юлдузи” кириб бормаганлар кўп нарса йўқотаётганларини билармиканлар?

Мен чорак аср “Ғунча” журналига мухаррирлик қилганман. Бу даргоҳ республиканинг энг йирик адабиётшунос олимлари, ёзувчи ва шоирларини, истеъдодли мўйқалам усталарини бағрига чорлаб, жамлай билган. Ҳиндистон, Покистон, Россия, Белорусия ва Украиналик болалар адабиёти вакиллари билан бевосита мулоқот ўрнатган эди. У вақтлар журналимиз тиражи 840 мингдан ортган. Тўғри, ҳозир давр бошқа дерсиз, мажбурий обуна йўқ... Аммо хонадонига “Гулхан”, “Ғунча” ва “Тонг юлдузи” кириб бормаганлар кўп нарса йўқотаётганларини билармиканлар?

Болалар учун нашрларнинг кўпайгани, турли китоблар чоп этилиши авж паллага етгани жуда қувонарли ҳол. Балки бу чоралар болалар учун чоп этилаётган махсус газета ва журналларнинг аянчли аҳволига ҳам ечим топар. Ҳар қалай бунга умид қиламан...

Оиланинг ҳаловати асосан аёлга боғлиқ

Ўз даврининг ёшларига етакчи, раҳбар аёлларига ибрат намунаси бўлган қаҳрамонимиздан фаолиятда муваффақиятга эришиш, эл назарига тушиш ва халқ ишончини оқлаш учун қайси жиҳатларга эътибор беришимиз кераклиги ҳақида сўрадик.

— Эл дуоси инсонга куч берар экан, халқнинг дуоси билан менга ҳамиша биринчилар сафида бўлиш насиб этганидан яратганга шукрлар айтаман. У даврлар аёллар орасида юқори лавозимларда ишлайдиганлар, ёшлар етакчилари ёки бош муҳаррирлар жуда озчилик бўларди. Минглаб одамлар билан тўлган саройларда маъруза қилиш, юртимизга ташриф буюрган космонавтлар, чет эллик нуфузли меҳмонларни кутиб олиш, катта жамоанинг ёшлар етакчиси бўлиш менга осон бўлмаган албатта.  Республика Ёшлар иттифоқи йўлланмаси билан хориж мамлакатлирига – Ливан, Сирия, Ғарб давлатларига тинчлик элчиси сифатида юборилдим. Ва ҳеч қачон менга кўрсатилган ҳурмат ва ишончга ҳиёнат қилмаганман. Каттани катта, кичикни кичик ўрнида кўрганман. Эътиқодим, имоним ва виждонимга қарши бормаганман. Мансаб, мартаба, лавозим – ўткинчи оламнинг ўйини. Уларга алданмай, ўзлигингизни йўқотмасангиз, одамларнинг розилигини оласиз, эл назаридан қолмай чинакам ҳурматга сазовор бўласиз.

Устозим Музайяна Алавиянинг “Яйрахон, уйингизга келинчак бўлиб, аёл бўлиб кириб боринг. Муҳаррирлигингиз эшикнинг орқасида қолиб кетсин”, деган насиҳатлари сира ёдимдан чиқмайди ва мен бутун ҳаётим мобайнида устозимнинг ушбу ўгитларига амал қилдим. Фарзандларимга ҳам шуни уқтирдим.

Бор меҳримни оилага бердим ва улардан берганимдан ортиғини кўрдим. — Бунинг учун жуда катта куч, ирода керак албатта, ҳамма ҳам шунга қодир бўлавермайди, айниқса, бугун аксарият оналар фақат иш фаолияти доирасида ўралашиб қолгандек...

— У вақтларда чиндан муҳаррирлик вазифаси катта лавозим эди. Қанча қутловлар шарафига ўрансам ҳам хонадоним эшигидан жисму жон бўлиб кириб бордим. Тилимнинг боли оиламга аталди. Икки нафар қизимга ҳам, келинимга ҳам ширинсуханлик, оилада ҳаловат-ҳузур яратиш асосан аёлнинг зиммасида эканлигини уқтиришдан чарчамайман. Отани фарзандларга, фарзандларни отага яхши кўрсатиш, бўлар-бўлмас, майда нарсаларни катталаштириб юбормаслик онанинг диққат-эътиборида турса, бу оилада ҳеч қачон келишмовчилик, дилхираликлар бўлмайди. Бугун айрим аёлларнинг пул топган киши бўлиб, ҳатто эрлари устидан ҳукмронлик қилаётгани, фарзандларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани ҳақидаги гаплар кўнгилни оғритади. Тўғри, эркаклик масъулиятини ҳис қилмайдиган оила бошлиқлари ҳам талайгина. Лекин нима бўлганда ҳам аёл оилада мувозанатни сақлаб турса, барча қийинчиликларни яхшилик билан енгиб ўтиш мумкин.

Дардкашинг ҳам, табибинг ҳам қалам бўларкан

Раҳбарлик юки оғир. Раҳбарнинг юриши ҳам, туриши ҳам, иш юритиши ва муомаласи, ҳатто кийиниши ҳам муҳокамалар учун мавзу бўлади. Аёл раҳбарларга эса икки карра оғирлик бор. Бу оғирликни енгил қилиш эса турмуш ўртоғининг қўлида. Менинг бахтим, сунчим, қанотларим турмуш ўртоғим  Абдуолим Каримов эдилар. Оғир-босиқ, мулоҳазали, энцеклопедик илм соҳиби, файласуф олим, доцент ва энг асосийси покиза, ҳалол ва виждонига гард юқмаган инсон эдилар. Дунёдан кетар чоғлари менга “Ният қилган китобларингизни ёзинг” деб айтган эдилар. Мен у киши оламдан ўтганларидан сўнг эс-хушимни йўқотаёздим. Бизнингдек тинч яшаган, бир бирисиз сафарга ҳам чиқмаган, нигоҳлар орқали “гаплашадиган” оилалар кам бўлса керак. Йўқотиш алами мени буткул “тўкиб” юбориши мумкин эди ўшанда. Қўлимга қалам тутдим.  Саъдуллаевлар сулоласи ҳақидаги “Катта ҳовли” китобини ёзишга киришдим. Турмуш ўртоғимга берган ваъдамни бажардим. Асли уларсиз яшашдек мушкул кунларимга Абдуолим аканинг ўзлари чироқ ёқиб кетган эканлар. Мени иш билан чалғитдилар... Сўнг “Нурли ва нурсиз осмон” китобини ёздим. Қўлимда қаламим борлигига шукр қилиб кетаман.   Баъзан бир парча қоғозу қалам билан танҳо қолиб, тўкиласан. Сенинг дардкашинг ҳам, табибинг ҳам қалам бўларкан. Кимлар келиб, кимлар кетмади бу дунёга... Кўнглим изҳорини Зулфияхонимнинг қуйидаги сатрлари билан изоҳлай оламан:

Хижронинг қалбимда, созинг қўлимда.

Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.

Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,

Мен ҳаёт эканман – ҳаётсан сен ҳам...

“Яшасин ҳаёт алангаси!”

— Сўнгги йилларда дарҳақиқат Ўзбекистон янгидан барпо бўляпти. Глобал ўзгаришлар бизнинг Ўзбекистон деб аталган катта хонадонда ҳам, оила деб аталган кичик хонадонда ҳам акс-садо топяпти. Юртимиз гуллаб-яшнамоқда, халқимиз бахт­­ли ҳаёт кечирмоқда, невара, чевараларим энг нуфузли таълим масканларида ўқишяпти. Чет тилларида бемалол сўзлашади. Уч фарзандим ҳам, ҳатто келин ва куёвларим ҳам журналист, матбуотчилар. Шу ёшимда ҳам албатта янгиликлар, ахборот дастурларини кузатиб бораман. Ҳали ҳам кундалик дафтаримга куннинг энг муҳим янгиликларини, қизиқарли ва эътиборли воқеаларни қайд этишдан чарчамайман. Зеро, барча иллатларнинг бошланиши лоқайдликда деб биламан. Ислоҳотлар самараси эса – ижрода. Ижрода лоқайдик бўлмаса эзгу ниятлар, режалар амалга ошади. Ҳамма ўз қалби билан, юрак қўри билан ишлаши керак. “Яшасин ҳаёт алангаси!” — менинг бир умрлик шиоримдир. Юрагингиз ёниб яшанг, кўнглингиз тўлиб ишланг. Ўз ўрнингизни топишга ҳаракат қилинг, ҳато қилишдан чўчиманг. Энг асосийси эса — ҳалол бўлинг!

Давлатимиз раҳбари 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилди. Мана шунинг ўзи ҳам эртанги кунимизнинг мустаҳкам пойдевори бўлди. Сифатли таълим инсонга эътиборнинг энг муҳим жиҳати аслида. Эртамиз эгаларининг бугун сифатли таълим олиши, келажагимиз ишончли қўлларда дегани.

Муножат Мўминова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири