Мазкур суҳбат орқали оташин шоир, таржимон, драматург Усмон Носир ҳақидаги баъзи маълумотларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.
“...тинтув тугагач, Мансуров Усмон Носирни олдига солиб ташқарига чиқади. Усмон ҳовлида турган отаси ва Қўқондан улардан хабар олгани келган амакиси Ибоджон билан қучоқлашиб хайрлашади, сингилларининг пешонасидан ўпади. Қўшни хонада ҳамон ҳушидан кетиб ётган синглиси Равзахонга кўз қирини ташлайди-да, Мансуров кетидан кўча эшик томон юради. Холамбиби ая, “Усмонжон, болам, аянг ўлсин!.. Бизни ўзинг кимларга ташлаб кетяпсан?!” деб фарёд қилади… Онанинг кўз ўнгида Усмон сиймоси қўлидаги оппоқ кепкасини ғижимлаган кўйи бир умр муҳрланиб қолди…”
1988 йилда матбуотда Нодира Рашидованинг “Мен ҳаётга қайтишим керак!” номли мақоласи эълон қилинади. Оташин қалб эгаси бўлган Усмон Носир ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ маълумотларнинг биринчи марта матбуотда ошкора чоп этилиши шеъриятга ошно қалбларни ларзага солгани ёдимизда. Шундан буён орадан 34 йил ўтди. Ўтган вақт орасида Нодира опа тоғасининг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ қандай изланишлар олиб борди? Саволларимизга жавоб топиш ва айни пайтда қутлуғ етмиш олти ёшни қаршилаган тадқиқотчи ва ёзувчи Нодира Рашидовани зиёрат қилиш истагида пойтахтимизнинг Акмал Икромов кўчасидаги хонадонга кириб бордик.
– Нодира опа, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорини эшитганингизда Холамбиби ая билан бўлган суҳбатларингиз, Магадан ва Кемеревода олиб борган изланишларингиз ёдингизга тушган бўлса керак...
– Бу қарорни эшитганимда ич-ичимга жуда катта ёруғлик, нурли тўлқин кириб келгандек бўлди. Мен сўзим аввалида Президентимиз ҳақида дил сўзларимни айтиб ўтмоқчиман. Шавкат Мирзиёев юрагини кафтига қўйиб, ўз қалбидаги ёлқин билан халқимизнинг борар йўлларини ёритаётган бир қаҳрамондир. Аллоҳга шукр, ёмонликка, ёвузликка қарши курашадиган, халқимизнинг беайб қурбон бўлган фарзандлари номини ёруғликка чиқарадиган шундай мард инсон бор экан... Тўғриси, бу кунларни кутмаган эдим. Чунки кўплаб одамлар шу пайтгача ичимдаги адолатпарварлик ёлқинини ўчиришга ҳаракат қилишди. Шу боис ҳеч қачон ҳеч ким билан яйраб гаплашмаганман. Мана, бугун давлатимиз раҳбари мен бир умр орзиқиб кутган адолат тантанасини эълон қилди. Демак, Аллоҳга қилган илтижоларим қабул бўлган экан.
Албатта, бувим – Холамбиби аянинг суҳбатлари умрим китобидаги энг қимматли, энг изтиробли саҳифалардир. Мен бобом ва бувимнинг катта ва эркатой набираси эдим. Шу боис улар мени кўпинча уйларига олиб кетишарди. Тасаввур қилинг: кўчада қор бўралаб ёғяпти. Себзордаги Қозикўча маҳалласида жойлашган ўша қадрдон ҳовлимиз. Бозиллаган сандалда иссиққина ўтирибмиз. “Буржовка” печканинг устидаги чойнакда сув қайнаяпти. Ўша лаҳзаларни ҳар сафар эсласам юрагим ҳапқириб кетади. Бувим ўзини ҳам, мени ҳам овутиш истагида Навоий, Фузулий, Бобур, Машраб ғазалларидан ўқийди. Бу ғазаллар араб имлосида ёзилгани учун мен ҳеч ўқиёлмай қийналаман ва бувимга, “Нега сиз бемалол ўқияпсизу, мен ўқиёлмаяпман. Ахир уйимиздаги бошқа китобларни осон ўқийман-ку”, дейман. Бувим менга жилмайиб қарайди-да, бироздан сўнг яна мунғайиб қолади. “Болам, сен ҳам тоғангга ўхшаб кетяпсан. У ҳам худди сенга ўхшаб ҳамма нарсага қизиқар, кўп ўқирди. Бугун мен тоғангга кўп нарсани ўргатганимдан ниҳоятда пушаймонман”, дейди овозлари титраб... Сандалнинг нариги томонида эса Носирҳожи бобом тасбеҳ ўгириб ўтираркан, бувимнинг гапларидан сўнг кўзларида ёш кўрингандек бўлади. “Бувижон, қайси тоғам ҳақида гапиряпсиз?” дейман қизиқиб. “Аянгнинг Усмон деган акаси бор эди. Жуда билимли, чиройли ва жасур йигит эди.” Бувимнинг бу гапларидан сўнг янада қизиқишим кучаяди: “Қани ўша тоғам? Қаерга кетди?” Бу саволимдан сўнг бувим йиғи аралаш жавоб беради: “Усмон тоғангни йўқотиб қўйдик, болажоним. Ҳечам тополмаяпмиз...” Мен бувимни маҳкам ачом қиламан-да, унга таскин бераман: “Йиғламанг, бувижон. Катта бўлсам, мен ўзим топиб келаман Усмон тоғамни!” Бу гапимдан сўнг бобом аста ўрнидан туриб ташқарига чиқиб кетади. “Бувижон, тоғам ким бўлган, нима иш қилган?” деб сўрайман яна. “Тоғанг шоир эди”, дейди бувим кўз ёшларини узун енгларига артиб. “Ие, шоирларни ҳам қамашадими?” дейман ҳайратланиб. “Ҳа, шоирларни ҳам қамашар экан. Лекин қаерга қамашганини билмаймиз, болам”, дея бувим яна йиғлай бошлайди. Унинг китоб саҳифаларига томган кўз ёшларига қараб чидаб тура олмайман. “Мана кўрасиз, мен ўша жойни, албатта, топаман. Тоғамни ўзим излайман!” дейман дадиллик билан. Бувим бошларимни силаб мени бағрига босаркан, “Жон болам, кўчага чиққанингда мен Усмон Носир деган шоирнинг жияниман, деб асло айта кўрма! Бўлмаса ҳаммамизни қамаб қўйишади”, дейди тайинлаб. Ўшанда бу гаплар менинг юрагимга жуда оғир ботган. Ҳа, мен энг яхши кўрган азиз инсоним – бувижонимнинг кўз ёшлари ичида катта бўлганман.
Шундан сўнг ким билан гаплашмай тоғамни сўрайдиган, Қўқонгами, Намангангами, қаерга бормай шоир Усмон Носирни суриштирадиган бўлиб қолдим. Дадам мени ҳамиша ўзи билан бирга олиб юрарди. Ҳатто бир сафар Қўқонга борганимизда Муқимийнинг ҳужрасида шоир дўстлари билан бўладиган суҳбатга ҳам мени етаклаб кетган. Ўша суҳбатда Чустий домла ҳам қатнашган. Усмон Носир деган шоир ҳақида соатлаб гапиришган. Мен уларнинг гапларини эшитиб ўзимча хулосалар чиқарар, ҳар бир маълумотни ёдда сақлаб қолишга ҳаракат қилардим.
– Сиз ўз мақолаларингиздан бирида Усмон Носирнинг сўнгги лаҳзалари ҳақидаги маълумотлар ҳужжатларда бошқача, қўштирноқ ичидаги дўстлари тилида бошқача баён этилгани ҳақида куюниб айтиб ўтгансиз...
– Ўша пайтлари менда маълумотлар кўп эмас эди. Суриштирай десам, йўллар тўсиқ. Мактабнинг 10-синфида ўқиётганимда хунук хабарлар келган уйимизга. Эмишки, Усмон Носирни Магаданда совуқ уриб кетган. Шу боис, шифокорлар унинг оёқ-қўлини кесиб ташлашган, тишлари ҳам тўкилиб кетганмиш. Гўё Иброҳим Назир деган шоир ва машҳур қаҳрамон Тожихон Шодиева тоғамни кўргани Магаданга борган эмиш. Бир бурда қора нон ва тарвуз бўлагини шоирга беришганида, “Ёстиғим устига қўйинглар ҳидлаб ётаман. Ушлашга қўлим, ейишга тишим йўқ”, дея йиғлаган эмиш. Уларнинг айтишича, тоғам 1954 йилда Магаданда вафот этган экан. Энди тасаввур қилинг, шунча алам ва изтироблар устига бундай гапларни эшитиш қанчалар оғир! Кечаси ҳамма ухлаган чоғида ҳеч кимга билдирмасдан Магаданга хат ёздим ўшанда. Буни қарангки, бир ойга етмасдан менга жавоб хати келган. Таниқли рус генерали менга бундай жавоб хати ёзган: “Усмон Носир Магаданда 41 йилгача бўлган. Бу ерда вафот этмаган”. Бу жавобдан анча енгил тортдим ўшанда. Демак, тоғам ҳақидаги ёмон гапларни атайлаб тарқатишган экан. Бир ҳафта ўтгач, Кемереводан ҳам мактуб келди. Унда ёзилишича, тоғам 1943 йилда Кемереводаги лагерга жўнатилган. Бу гапларни ҳеч кимга билдирмадим.
Орадан анча вақт ўтди. Ёзувчи Ўлмас Умарбеков Ёзувчилар уюшмасига раис бўлиб келди. 1986 йил эди ўшанда. Бир куни Ўлмас ака мени ёнига чақириб, “Анчадан бери кузатиб юрибман, юрагингиздаги дардингизни яхши биламан. Ўзингизга бир ҳамроҳ топинг, мен сизларни Кемеревога юбораман”, деди. Шунақа хурсанд бўлиб кетдим. Бироқ ҳеч ким мен билан бирга боришни истамади. Ҳамма ўзидан қўрқар эди. Бир куни хонамда қоғоз титкилаб ўтирсам, иккита одам ҳамроҳлигида шоир Абдулла Орипов кириб келди. “Нодирахон, сиз менга худо берган сингилсиз-ааа? Шуни биласизми? Нега Кемеревога бормоқчи бўляпсиз, борманг! Сизни йўлда ўлдиртириб юборишади!” деди хавотир билан. Мен эса уларни тинчлантириб, “Абдулла ака, сиз асло сиқилманг. Мен битта нарсани биламан, бир бошга бир ўлим бор. Усмон Носирдек тоғам туфайли менинг шу бошим кетса кетар. Ортимдан яна биронтаси чиқиб қолар!” дедим кулиб. Абдулла ака менинг гапларимни эшитиб бироз туриб қолди-да, кейин индамай чиқиб кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, ишхонамга ёзувчи Исфандиёр кириб келди. “Сен Кемеревога бормоқчи экансан, чипта олаверамизми?” деди тўғридан-тўғри гап бошлаб. “Вой, ростдан мен билан бормоқчимисиз?” дедим ишонмай. “Ҳа, энди сендек синглимни ўша жойларга ёлғиз жўнатмайман-ку!” деди Исфандиёр ака кулиб. Шундай қилиб, 1986 йил октябрь ойида Кемеревога етиб бордик. Лекин бизни нимагадир қабристонга қўйишмади. Рунишков ва Лопатин деган генераллар бизни қабул қилишди. У ерда кўплаб дўстлар орттирдим. Шу билан бирга, қайси врачлар тоғамга қарагани, зонада ўша пайтда кимлар хизмат қилгани тўғрисида маълумотлар тўпладим. Ҳатто Берёзовка кўчасида кимлар яшагани борасида ҳам рўйхат тузиб чиқдим.
Иккинчи марта 1987 йилда Кемеревога борганимда менга дугонам, жасоратли шоира Мукаррама Муродова ҳамроҳлик қилди. Ўша ерлик ижодкорлар бизни кутиб олишди. Ёзувчилар уюшмасининг раиси ўшанда бизни пўлат ишлаб чиқарадиган заводга олиб борган. Усмон Носирнинг қабрига китоб шаклидаги лавҳ ўрнатиб, ўша лавҳга, “Ўзбек шоири Усмон Носир. 1912–1944 йил”, деб ёздирганмиз.
1988 йилда эса бир гуруҳ шоир ва ёзувчилар: Ҳожиакбар Шайхов, Усмон Азим, Муҳаммад Юсуф билан бирга бордик. Ўтган 2021 йили “Қисмат” номли 2 жилдли китобимни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наср кенгаши муҳокамасига топширдим. Барча сафарларим давомида тўплаган маълумотларни ҳужжатлар асосида ушбу китобларимда жамлашга ҳаракат қилдим.
– Шоир Ўткир Рашидга – сизнинг дадангизга ҳам кўп тазйиқлар бўлган экан...
– Бир куни кечаси соат 11 ларда уйимизга НКВД раиси Йўлдош Бобожоновнинг турмуш ўртоғи Оминахон ая кириб келди. “Шу бугун кечасиёқ Тошкентдан чиқиб кетар экансиз. Йўлдош ака бир ой ичида столи устида турган ордерни йўқ қилар экан”, деди ая тутилиб-тутилиб. Ўша куни кечаси дадам Носирхожи бобомга учраб, бизга қараб туришини тайинлаган ва Фарғона водийсига акасининг уйига йўл олган.
1985 йилда Ўзбекистон ССР Ёзувчилар уюшмасида пленум бўлган. Унда бир-иккита маърузадан сўнг дадамга сўз беришди. Юрагим дукиллаб уриб кетди. Дадам трибунага чиқиб, маърузани ўқий бошлади. Яхшилаб қулоқ солсам, кечаги юборилган маърузани эмас, ўзи ёзган янги маърузани ўқияпти. Мафкура котибаси ўтиролмай типирчилаб қолди ва саҳна ортига ўтиб кетди. Мен ҳам унинг ортидан бордим. Қарасам, русчалаб атрофидаги ёрдамчиларига, “Нега қарамайсанлар, мен берган маърузани нега ўқимади”, деб бақиряпти. Дадам маърузасини ўқиб бўлиб, мардона қадамлар билан жойига келиб ўтирди. Эҳ, ўшанда шундай дадам борлигидан бирам ғурурланиб кетдим! Залдагилар ҳам бошқача маърузани кутиб ўтиришган экан. Дадамнинг жасоратидан руҳланган иштирокчилар бор кучи билан қарсак ва ҳуштак чала бошлашди. Ташқарига чиққанимизда одамлар дадам иккаламизни ўраб олишди. Шу пайт бир гуруҳ шоир ва ёзувчилар пайдо бўлиб, дадамни маҳкам қучоқлай кетишди. “Биз сизнинг бундай жасур ва мард одамлигингизни билмаган эканмиз. Яшанг, Ўткир ака!” дейишган.
Дадам жуда оғир-босиқ одам эди. Мен умрим давомида унинг икки марта йиғлаганини кўрганман. Қўқонга кетаётганимизда йўлда бирданига радиодан Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек вафот этгани ҳақида эълон қилишди. Дадам укамга машинани тўхтатинг, деди. Кейин машинадан тушиб, сал нарига бордилар-да, бор овоз билан ҳўнграб йиғлаб юборди. Бу биринчи воқеа эди.
Иккинчи воқеа эса бундай бўлган. Кемереводаги қабристондан тупроқ олиб келганимизда, аям билан ўша тупроқни оқ матога ўраб чиройли қутига солдик. Кейин Чиғатой қабристонига олиб бордик. Жаноза ўқилиб, ўша тупроқни қабр ковлаб кўмишганида дадам бор овози билан, “Усмо-о-о-он!!!! Усмон мен учун энди ўлди!” дея йиғлаган. Ўшанда 1988 йил 18 июль эди.
– “Мени ҳамон битта жумбоқ қийнайди: хўш, Усмон Носирнинг ўлимига айнан кимлар айбдор? Айбдорларнинг номлари бордир, ахир?! Ахир ҳамма фожиаларни “шахсга сиғиниш” деган мавҳум атама остига кўмиб юбориб бўлмайди-ку!” дейсиз бир мақолангиз хотимасида. Ўша саволларингизга шу кунгача жавоб топа олдингизми?
– Мен бу саволга ҳужжатлар асосида жавоб ёзганман. Афсуски, Усмон Носирни кўролмайдиганлар кўп бўлган. 1937 йилда Москвада Пушкинга бағишланган пленум бўлган. Ўша пленумга ўзбек шоир ва ёзувчилари ҳам таклиф қилинган. СССР Ёзувчилар уюшмаси раиси Безименский минбарга чиқиб маъруза қилаётганида Пушкин немис ижодкори Гётенинг шеърларини таржима қилгани ҳақида сўз юритиб, ўша таржимадан мисоллар келтиради. Шунда энг орқадаги ўриндиқда ўтирган Усмон Носир шартта ўрнидан туриб, “Кечирасиз, Николай Александрович, бу Гётенинг эмас, Шиллернинг мисралари!” дейди. Шунда уюшма раиси довдираб қолади ва уни саҳнага таклиф қилади. Тоғам ўзини таништиргач, Николай Александрович ундан, сен Шиллерни ўқиганмисан, деб сўрайди. Усмон Носир эса, нафақат ўқиганман, ҳатто ёд олганман, дея Шиллернинг достонини ёддан ўқиб беради. Безименский ҳайратда қолади. Тоғамнинг елкасидан маҳкам қучиб, залга қараб, “Ҳамма кўриб қўйсин! Шарқда Пушкин пайдо бўлди!” дейди. Бу эътирофдан сўнг залда ўтирганлар ўринлардан туриб қарсак чалишади. Ўша куни эртасига рус тилида чиқадиган кўплаб газеталарда ўзбек шоири Усмон Носирнинг расми ва шеърлари чоп этилади. Афсуски, ушбу эътироф ва шов-шувлар тоғамнинг атрофидагилардан кўпчилигига ёқмаган.
– Усмон Носир қамоқда ўтирган чоғида И.В.Сталинга мактуб ёзади. “Қамоқда ўтган 3 йиллик умрим мобайнида, барча қийинчиликларга қарамай, мен битта шеърий роман, 3 та пьеса ва туркум шеърлар тайёрладим”, дейди шоир. Сиз ўз изланишларингиз давомида шоир таъкидлаган ўша ижод намуналарини ҳам топа олдингизми?
– Бувим билан аям тоғамнинг қўлёзмаларини сўраб Ёзувчилар уюшмасига боришган. Чунки тоғам бир танишидан шундай қилишларини тайинлаб юборган экан. Мана менинг архивимда тоғам ёзган ўша хат бор. 1940 йилда ёзилган. Сталиннинг имзоси ҳам сақланган. Бу хат уч йилга кечикиб, яъни 1943 йилда келади. Кейинги йили комиссия тузилиб, унинг буйруғига биноан Усмон Носир оқланади. НКВД ходимлари тоғамнинг араб имлосидаги шеърларини ўқиёлмагани боис уларни Ёзувчилар уюшмасига юборишади. Ўзбекистон ССР Ёзувчилар уюшмаси раисига тоғамдан келган қўлёзмаларни олиб киришганида бир-икки ижодкорларнинг кўз ўнгида уюшма раиси қўлёзмаларни гўёки ахлат челагига ташлаб юборади. Кейинчалик эса ўша қўлёзмалар бошқа бировнинг номидан матбуотда эълон қилинади.
– 2019 йилда сизнинг “Етти сайёра” деб номланган китобингиз нашр этилди. Унга “Усмон Носир” номли пьесангиз ҳам киритилган экан. Мазкур пьеса билан танишиб, бу асар бир неча йиллар давомида тўпланган ҳужжатлар ва маълумотлар асосида ёзилганлигини англадим.
– Бу маълумотларни тўплаш учун мен бутун умримни, ҳаётимни сарфладим, дея айта оламан. Бу пьеса менинг кўз ёшларим билан суғорилган. Унинг ҳар бир сатрига қалб қўримни қўшиб ёзганман. Келинг, шу ўринда терговчи Маврин билан бўлган суҳбатда тоғам айтган мана бу гапларни сизга ўқиб берсам: “Менинг юрагимда миллатимнинг ғурури Навоий, Бобурлар, Машрабу Лутфийлар, Фузулию Бедиллар билан бирга Пушкину Лермонтовлар, Гётею Байронлар, Шекспиру Шиллерлар, Есенинлар яшайди. Ўзим эса уларнинг меҳрию сеҳри билан яшайман. Мен хоин, сотқинларни ёмон кўраман. Хоҳ улар менинг миллатимнинг вакиллари бўлсин, хоҳ бошқа миллатнинг... Ўзларининг беш кунлик шуҳратию шонини ўйлаб, халқлар ўртасига низо, дўстлик ўртасига рахна солувчиларни ёмон кўраман. Юрак-юракдан ёмон кўраман. Ҳали вақт келади, келажак авлод оқни оққа, қорани қорага ажратиб қўяди... Вақт ёмғирга, сувга ўхшайди. Бировлар чаплаб ташлаган лойларни ювиб кетишга қодир”.
Мана, бугунги кунларимиз тоғам айтган ўша вақт келганидан дарак бермоқда. Аллоҳга шукрким, мен шу кунларни ўз кўзим билан кўриб турибман. Бунинг учун яна Президентимиз Шавкат Мирзиёевга бир бора чексиз миннатдорлигимни билдираман!
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА
суҳбатлашди.