Амир Темур! Буюк аждодимизнинг бемисл зафарлари, эл-улус фаровонлиги йўлидаги улкан ишлари, бугун ҳам ҳайрат билан боқадиганимиз ёдгорликлар — маҳобатли бинолару бунёд этилган боғ-роғлар ҳақида қанча гапирсак, ифтихор қилсак кам. Айни вақтда Соҳибқирондан мерос маънавий хазина, адолат қомуси — “Темур тузуклари” ҳам халқимиз ва ватанимиз учун юқоридаги саналган барча ишлардан ҳеч кам бўлмаган аҳамият касб этади.
Биз
миллий давлатчилигимиз дастури дея эътироф этилаётган асарнинг асл мазмун-моҳияти
ҳамда тарихий аҳамияти ҳақида қизиқиб соҳа мутахассисига юзландик.
Саволларимизга жавоб берар экан, “Темур тузуклари”нинг миллий давлатчилигимизда
тутган ўрни беқиёс, — дейди суҳбатдошимиз, Темурийлар тарихи давлат музейи
директори Хуршид ФАЙЗИЕВ. — У зотнинг қомусий асарида баён этилган давлатчилик
ва дипломатия, ҳарбий маҳорат ва бунёдкорлик салоҳияти, илму фан, санъат ва
меъморликка оид қарашлар, инсонни улуғлайдиган эзгу ишлар, жиддий ва холисона,
адолатли, ишончли кенгаш ва тадбирлар ҳамда улар қонун доирасида адо этилгани,
бажарилиши аниқ йўлга қўйилгани ҳақидаги ҳикоялар, дину диёнат ва маънавий
баркамолликни кўзлаб юритилган сиёсат, эл манфаатини ўйлаб иш тутиш билан
боғлиқ ноёб фазилатлар алоҳида эътиборга лойиқ. Энг муҳими, мазкур асар
туфайли темурийлар сулоласи дунёда Иккинчи Уйғониш даврини юзага келтирди. Улар
қолдирган улкан илмий ва маданий мерос, хусусан, “Темур тузуклари” асари ҳамон
жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келмоқда”.
—
“Темур тузуклари”нинг ҳаётий аҳамияти ва моҳиятини қандай тушунмоғимиз керак?
Ҳарбий қўлланмами, ижтимоий-иқтисодий ёхуд сиёсий асарми?
— Мазкур
саволни жуда кўп такрорлашади. Гап шундаки, “Темур тузуклари”га қизиқиш
бугунги кунда ҳам тобора ортиб бормоқда. Жорий йилда Соҳибқирон Амир Темур
таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “Темур тузуклари” Президентимизнинг
асарга ёзган сўзбошиси билан уч тилда нашр этилди.
Ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилган мазкур янги нашр Соҳибқирон илгари
сурган давлат ва жамият бошқарувидаги тамойилларни чуқур ўрганиш, уларни дунё
ҳамжамияти эътиборига етказиш, шунингдек, уни тарғиб ва ташвиқ қилишда алоҳида
аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Соҳибқирон
Амир Темур жаҳон ҳукмдорлари орасида давлатчилик тамойилларининг ўзига хос
жиҳатларини ишлаб чиққан шахс сифатида маълум ва машҳурдир. У шоҳона тахтда
туғилмади. Мўғулларнинг жабр-зулми туфайли турли бекликларга бўлинган тарқоқ
жамиятда таваллуд топди ва вояга етгач, халқининг оғир шароитда кун
кечираётганини кўриб, жавонмард бек сифатида ўзини улардан қарздор деб билди.
Амир Темур сиёсат майдонига кириб келган пайтда Мовароуннаҳр мўғуллар истибдоди
остида инграмоқда эди. Дарҳақиқат, Чингизхон ва Ботухон босиб ўтган ерларнинг
кули кўкка соврулган, шаҳар ва қишлоқлар вайронага айланган, сув иншоотлари
бузиб ташланган ёки ишга яроқсиз ҳолга келтирилган эди. Амир Темур балоғатга
етгач, ватанни мўғул истибдодидан халос қилиш йўлларини қидира бошлайди. 1357
йиллардан бошлаб қарийб 13-14 йил давомида юрт озодлиги учун қаттиқ ва кескин
кураш олиб борди.
Мовароуннаҳрда
ҳукм сураётган оғир сиёсий, иқтисодий шароитда мўғул истибдодига қарши озодлик
байроғини баланд кўтариб майдонга чиққан ва халқнинг асрий эзгу нияти —
мустақилликни қўлга киритган етук тарихий шахс Амир Темурдир.
Мўғулистон
ҳукмдори Туғлуқ Темурхонга Мовароуннаҳрдаги сўнгги воқеалар, яъни маҳаллий
аҳолининг ҳокимиятга интилиб, жойларда вужудга келаётган халқ ҳаракатлари тинчлик бермай қўйганди. Туғлуқ Темурхон
Чиғатой наслидан Дувахоннинг набираси бўлиб, Мовароуннаҳр — Чиғатой улусини ўз
тасарруфига киритишни режалаштирганди. Ўша пайтда ўлкада кечаётган сиёсий
жараёнлар унинг режаларини амалга ошириши учун туртки бўлади. У 1359 йилда
катта қўшин билан Мовароуннаҳрга бостириб киради. Кеш вилояти ҳукмдори Ҳожи
Барлос Туғлуқ Темурхонга бардош бера олмаслигини фаҳмлаб, ўз яқинлари билан
Хуросонга чекинади. Табиийки, амакиси Ҳожи Барлос билан бирга 24 ёшли Амир
Темур ҳам сафар тараддудида эди. Аммо жавонмардлик руҳида тарбияланган Амир
Темурда орият, ҳамият кучли бўлиб, ватани, халқи бошига оғир кунлар соя солиб
келаётган бир пайтда юртни душман иродасига ташлаб, ўзи четда томошабин бўлиб
туролмасди. У қатъий фикрга келиб, “Сиз бораверинг, қийин кунда мен эл ичида
бўлишим керак”, дея амакиси Ҳожи Барлосни Хуросонга кузатиб, ўзи Кешга қайтиб
келади.
Амир
Темурнинг мазкур мардона иши бутун бир юртни вайрон бўлишдан, аҳолининг
жабр-зулм кўришидан асраб қолди.
Соҳибқирон
Амир Темур 1370 йилда чақирилган катта қурултойда ҳукмдор этиб сайланганида
давлатчилик, молия, солиқ тизимлари барбод бўлган, на иқтисодий ўсиш, на
маънавий баркамоллик ва на халқнинг бекларга ишончи, на бирор соҳада олға
силжиш бўлмаган. Соҳибқирон ана шундай мураккаб ва оғир шароитда қандай йўл
тутган деб ўйлайсиз? У, биринчи навбатда, адолатга таянган қонунларни ҳаётга
жорий этди.
Бу
қонунлар адолат ва ишонч билан йўғрилган кўрсатмалардан иборат эди. Амир Темур
аввало куч адолатга, иқтисодиёт маънавиятга уйғун ислоҳотларни амалга оширди.
Халқдан ҳеч нарсани яширмади. Бу жаҳоннинг ҳеч бир ҳукмдорида кузатилмайдиган,
исбот талаб этмайдиган ҳақиқатки, ҳамон унинг бундай адолати кўплар учун намуна
бўлиб хизмат қилмоқда.
Бу улкан
илм, катта уммон йўқ бўлиб кетмаслиги керак ва шарт эди. Шу боис, уларни
Соҳибқирон ўз пайтида қоғозга туширди. Бугунги кунда “Темур тузуклари” асари
миллий давлатчилигимизнинг асосларидан бири дея баҳоланаётгани бежиз эмас.
Мазкур асар нафақат қонунлар мажмуаси, балки асосланган, ишончли стратегия ва
амалда синалган тактика бўлиб, унинг нуфузи бугун ҳам кундан кунга ошиб
бормоқда. Шу боис, мазкур китоб сиз айтган жиҳатларнинг барчасини ўзида мужассам
этади.
—
Китоб қайси тилда ёзилган?
— Бу
муҳим савол. “Темур тузуклари” асари дунёнинг турли тилларига таржима қилинган
бўлиб, мутахассислар томонидан ўрганиб келинмоқда.
“Темур
тузуклари”нинг асл нусхаси мумтоз ўзбек тилида ёзилган. Асарни ўрганган
мутахассисларнинг таъкидлашича, унинг туркий тилда ёзилган нусхаси XVII асрга
қадар Яманда — Жаъфар пошонинг кутубхонасида сақланган.
Асарни
форс тилига таржима қилган Абу Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатий Маккага зиёрати
давомида Яманда Жаъфар пошонинг кутубхонасида асарнинг туркийда битилган
нусхаси билан танишади. Бироқ асарнинг мазкур нусхаси давримизгача етиб
келмаган ёки ҳозиргача топилмаган.
—
Сизнингча, бу китобни ёзишдан кўзланган асл мақсад нима эди?
—
Соҳибқирон Амир Темур ўзидан кейин ҳам фарзандлари, мард ва жасур авлодлари,
садоқатли зурриётлари томонидан Турон юрти адолатли бошқарилишини истаган эди.
Шу боис, у “Тузуклар”, яъни қонунлар мажмуасига тартиб берди. Бу ҳақда унинг
ўзи “Салтанатни бошқариш учун қўлланма ёзиб қолдирдим, токи фарзандларим,
авлодим ва зурриётларимдан бўлганларнинг ҳар бири унга мувофиқ иш тутсинлар”, дея
қайд этган. Демак, “Темур тузуклари” узоқни кўзлаб ёзилган қомусий асар. Уни
ҳатто ўз даврининг конституцияси деб таърифлашади.
“Темур
тузуклари” асари икки китобдан иборат бўлиб, биринчи китобда Соҳибқироннинг
таржимаи ҳоли, ўша давр ижтимоий, сиёсий воқеликлардаги ўрни ва роли, Мовароуннаҳрда
марказлашган ҳокимият қуриш йўлидаги фаолияти, шунингдек, улкан салтанатни
барпо этиш борасида юритган сиёсати, ҳарбий юришлари, чора-тадбирлари, давлат
асосларини мустаҳкамлаш йўлида турли ижтимоий табақаларга нисбатан муносабати
каби масалалар содда ва ихчам тарзда баён қилинади.
“Темур
тузуклари”нинг иккинчи китобида Соҳибқироннинг авлодларига давлат бошқаруви сир-синоатлари,
ҳукмдорнинг ҳар қандай вазиятда ҳам муҳим қарорлар қабул қила олиш қобилиятига
эга бўлиши, бу борада кимларга таяниш, вазир ва саркардаларни қандай усуллар
билан танлаш, уларнинг бурч ва мажбуриятлари, қўшиннинг тузилиши ва ҳарбий
ҳолат даврида ҳаракатланиш тартиб-қоидалари, оддий аскар вазифалари ва уларга
тўланадиган маош, амирлар, вазирлар ҳамда бошқаларнинг давлат ва ҳукмдор
олдида кўрсатган хизматларини муносиб тақдирлаш тузуги каби масалалар ҳақида
сўз юритилади.
—
Асарнинг
оммалашуви қандай кечган ва қайси мамлакатларда кимлар томонидан нашр
этилган?
— Абу
Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатий “Темур тузуклари”нинг асл туркий нусхаси, юқорида
таъкидланганидек, Ямандаги Жаъфар пошо кутубхонасида сақлангани ва 1610 йилда
унинг ижозати билан асарни туркийдан форсчага ўгирганини қайд этган.
“Темур
тузуклари” асарининг Абу Толиб Турбатий таржимасидаги форсий матни инглиз офицерлари томонидан
Англияга олиб борилган. Асар инглиз офицери, майор Уильям Деви ва профессор
Жозеф Уайт томонидан форсча матни ва инглизча таржимаси билан 1783 йилда Буюк
Британияда чоп этилади.
Асарнинг мазкур нашри турли мамлакатларга тарқалди ва жаҳоннинг кўплаб шаҳарларида, хусусан, Калькутта, Теҳрон, Бомбейда нашр
қилинди.
Мустақилликдан аввалги даврларда ва истиқлол йилларида
Ўзбекистонда чоп этилган “Темур тузуклари”нинг ўнлаб нашрлари ҳам мазкур
Оксфорд форсий матнига асосланган.
1787
йилда майор
Уайт ва Деви нашр этган форсча матн асосида Л.Лангле
томонидан асарнинг французча таржимаси Парижда босмадан чиқди.
1892
йилда эса Н.П.Остроумов бошчилигидаги Тошкент гимназияси талабалари томонидан
асарнинг французча нашри асосида рус тилига таржимаси ҳам амалга оширилди.
XX
асрнинг 60-йилларида Алихонтўра Соғуний асарнинг Деви ва Уайт нашри асосида чиқарилган тошбосма ва
нашрлардан бири асосида “Тузуки Темурий”ни ўзбек тилига тўлиқ таржима қилган.
1989 йилда эса мазкур нашрни Бомбей нашрининг форсча матнига солиштирган ҳолда
ўзбек тилига тўлиқ таржимаси шарқшунос
олим Ҳабибулла Кароматов томонидан илмий жамоатчиликка тақдим этилди.
Бугунги
кунда “Темур тузуклари” асарини дунёнинг қатор эътиборли кутубхоналарида,
жумладан, Буюк Британия, Франция, АҚШ, Финляндия, Дания, Ҳиндистон, Эрон,
Туркия, Миср ва Яман қўлёзма хазиналарида учратиш мумкин. У қимматли ва нодир
асар сифатида жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Олимлар, тарихчи
тадқиқотчилар томонидан ўрганилмоқда.
—
Бугунги авлод
нима учун “Темур тузуклари”ни ўқиши керак?
— Бу
тўғрида узоқ ва кенг фикр билдириш мумкин. Аммо бир-икки мисоллар билан
чекланаман. Ушбу китоб миллий давлатчилигимизнинг ноёб намунасидир. Асардаги
ҳар бир сўз, жумладан, ўн икки тузук, ўн икки қоида, ўн икки тоифа ҳақидаги
сўзлар, вазирлар, амир ва беклар, қўшин бошлиқлари, сипоҳлар, молия ишлари
бўйича ходимлар, солиқчилар ва бошқа соҳа вакилларини танлаш, тақдирлаш, улар
билан муомала қилиш тузуклари бугунги ёшларнинг иш юритиш саъй-ҳаракатларида
муҳим қўлланма вазифасини ўтайди. Шу ўринда асарда зикр этиб ўтилган ўн икки
тоифа ҳақидаги қайдлардан мисоллар келтириб ўтишни жоиз топдик.
Биринчи
тоифа — саййидлар,
уламо, шайхлар ва фозилларни ўзимга яқинлаштирдим. Улар менинг саройимга доимо
келиб-кетиб, мажлисларимни безаб турарди. Диний, ҳуқуқий, ақлий масалаларни
ўртага ташлаб, қимматли фикрлар билдирарди.
Иккинчи тоифа — ақлли кишилар ва кенгаш соҳиблари, эҳтиёткор, қатъиятли арбоблар,
кейинини ўйлаб, олисни кўриб иш юритувчи, кекса ва тажрибали кишиларни хос
мажлисимга киритиб, уларнинг суҳбатларидан, ишларидан наф олиб, тажрибалар
ҳосил қилардим.
Учинчи тоифа — дуогўй кишиларни қадрладим. Хилватда улардан дуолар тилаб,
истакларимнинг бажо этилишини ўтиниб сўрардим. Мажлисларда, йиғинлар, базмлар
ва жанг майдонларида улардан кўп баракотлар топдим.
Тўртинчи тоифа — амирлар, сарҳанглар, сипоҳсолорларга мажлисимдан ўрин бериб,
мартабаларини юқори кўтардим. Улар билан суҳбатлашиб, маслаҳатлар олдим.
Бешинчи тоифа — сипоҳ ва раият бўлиб, ҳар иккисига бир кўз билан қарадим. Сипоҳийлардан
чиққан баҳодирлар, довюракларга махсус фахрли ўтоғ, камар ва ўқдон тақдим этиб,
мартабаларини кўтардим.
Олтинчи тоифа — ишончли, тўғри эътиқодли оқил-хирадманд кишиларким, давлат
сирларини уларга очиб, салтанат ишлари бўйича улардан маслаҳат олишимга лойиқ
эдилар. Бу тоифа кишилар билан сирдошлик қилиб, ўз махфий ишларим ва пинҳоний
сир-асроримни ўшаларга топширдим.
Еттинчи тоифа — вазирлар, девон котиблари ва муншийларки, салтанатим саройини
шулар билан безатдим. Буларни менга тобе мамлакатларни кўрсатувчи кўзгу деб
билдим.
Саккизинчи тоифа — ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар ва муҳандисларки, улар салтанат
корхонасига ривож берувчилардир. Уларни ўз атрофимга тўпладим. Ҳакимлар ва
табиблар билан иттифоқда беморларни даволатар эдим. Мунажжимлардан
сайёраларнинг қутлуғ-қутсиз кунлари, уларнинг ҳаракати ва осмонда айланишини
аниқлаб олардим. Муҳандислар билан иттифоқда олий иморатлар барпо этиб, боғу
бўстонларнинг тарҳини чиздирардим.
Тўққизинчи тоифа — муҳаддислар, (пайғамбар, унинг авлодлари ва саҳобалари) ҳақида
ривоятлар нақл қилувчилар ҳамда қиссахонлар бўлиб, уларни ҳам ўзимга яқинлаштирдим.
Ўнинчи тоифа — машойихлар, сўфийлар, (Худони таниган) орифлардир. Уларнинг
хизматларида бўлиб, суҳбатлар қурдим ва охират фойдаларини олдим. Улардан
Тангри таолонинг сўзларини эшитиб, кароматлар кўрдим, мўъжизаларини мушоҳада
этдим ва суҳбатларидан роҳатланиб, ҳузур қилдим.
Ўн биринчи тоифа — касбу ҳунар эгаларидир: буларнинг ҳар тоифа ва синфидан
бўлганларини давлатхонамга олиб келиб, ўз ўрдамдан ўрин белгиладимки, сафардаю
турғунликда сипоҳимга керак яроқлар ҳамда бошқа жиҳозларни ҳозирладилар.
Ўн иккинчи тоифа — ҳар мамлакат ва диёр саёҳатчиларию мусофирларининг бошини
силадим, улар турли мамлакатлардан менга хабар келтириб турдилар.
Соҳибқирон
Амир Темурнинг мамлакатни бошқаришда амал қилган ўн икки тузуки, давлат
ишларига жалб этилган ўн иккита тоифа ва бошқа тузук тамойиллари билан сизни
қайта таништиришдан мақсадимиз уларнинг ҳар бири бугунги кунимиз учун ҳам бениҳоя
муҳим қўлланма эканини англатишдир. Чиндан ҳам биз қадрлайдиган, эъзозлайдиган
абадий мерос — Соҳибқирон Амир Темурдан қолган кўрсатмалар — тузуклар адолат
билан иш юритишимизда, бағрикенгликни улуғлаб, дунёда дўстликни шарафлаб,
тинчлик ва тараққиёт учун хизмат қилишимизда, айниқса, ёш авлодни ҳар
томонлама билимли, мард, жасур, ватанпарвар, халқпарвар, янги ташаббус ва
ғояларни илгари сурувчи комил ҳамда баркамол шахс сифатида тарбиялашимизда
муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ.
“Янги
Ўзбекистон” мухбири
Аслиддин
АБДУРАЗЗОҚОВ суҳбатлашди.