Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда юрак-қон томир хасталиклари умумий ўлим сонининг 60 фоизини ташкил этмоқда. Ҳар 5 дақиқада бир нафар фуқаро юрак-қон томир касаллигидан вафот этади.
Бирламчи тизимда юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва эрта аниқлаш борасидаги ишлар тизимли равишда йўлга қўйилмаган. Юртимизда энг хавфли ҳисобланган артериал гипертония ва юрак-ишемик касаллиги 5 ва 2,5 фоиз ҳолатда аниқланган. Ваҳоланки, ЖССТ маълумотига кўра, артериал гипертония 30 фоиз, юрак-ишемик касаллиги эса 15 фоиз ҳолатда аниқланиши керак.
Барча оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларда шифокоролди кўрик хоналарини ташкил қилиш ҳамда 15 минг нафар ҳамширани махсус курсларда ўқитиш кўзда тутилмоқда. Улар юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш ва асоратларининг олдини олиш бўйича қисқа курсларда таҳсил олади. Ҳамширалар бирламчи билимга эга бўлиши, касалликка мойил шахслар билан индивидуал ишлаб, уларда муқаррар инфаркт, инсульт, қон босимининг ошиши каби хасталикларнинг олдини олишга эришиши талаб этилмоқда.
Мамлакатимизда кардиореабилитация тизими йўлга қўйилмагани натижасида юрак-қон томир касалликлари туфайли ногиронлик кўрсаткичи йилдан-йилга кўпайиб боряпти. 2018 йилда 78,2 минг, 2019 йилда 82,4 минг, 2020 йил 86,5 минг фуқарога ногиронлик белгиланган.
Юқори технологик тиббий хизмат сони ошган бўлса ҳам, бу борада атиги 10-30 фоиз аҳолининг эҳтиёжи қопланяпти. Артериал гипертониянинг мақсадли кўрсаткичларига бор-йўғи 10 фоиз беморларда эришиляпти. Юрак бўлмачалари ҳилпирашининг тромбоэмболик асоратлари натижасида ривожланаётган ишемик инсульт сони юқори даражада сақланиб қолмоқда. Президентимизнинг шу йил 26 январдаги “Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шу муаммоларга ечим бўлади. Қолаверса, бу ҳужжат давлатимиз раҳбарининг аҳоли саломатлигига қаратаётган эътибори, юртимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар замирида инсон қадрқиммати мужассамлигининг исботидир.
Мазкур қарорга биноан, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида кардиология хизмати имкониятлари бутунлай ўзгартирилади. Жумладан, бирламчи тиббиёт муассасалари томонидан даврий тиббий кўрик йўлга қўйилади ҳамда соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинади. Эҳтиёжманд аҳоли қатлами зарур дори воситалари билан бепул таъминланади. Ҳудудларда кўрсатилаётган юқори технологик, каминвазив кардиологик ҳамда кардиожарроҳлик тиббий хизматлари кўлами оширилади. Бирламчи бўғиндаги мутахассисларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ва салоҳиятини ошириш, соҳада илм-фанни ривожлантириш, юрак-қон томир касалликлари бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини рақамлаштириш каби муҳим чора-тадбирлар кардиология хизматида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг барҳам топишига хизмат қилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг протоколига асосланган юрак-қон томир касалликлари хавф-стратификациясини баҳолаш учун мобиль илова яратилиши бирламчи тизимдаги оилавий шифокор ва ҳамширалар ишини енгиллаштиради. Мурожаатчи фуқаронинг саломатлиги тўғрисидаги барча кўрсаткичлар иловага киритилганидан кейин автоматик тарзда хавф гуруҳи аниқланади. Масалан, бемор паст, ўрта ёки юқори хавф гуруҳида бўлиши мумкин. Шунга қараб ҳар бир фуқаро учун индивидуал соғломлаштириш дастури яратилади. Унинг қачон ва неча марта шифокор кўригига бориши, таҳлил намунаси топшириши, қандай овқатланиши кераклиги, стационар даволанишига зарурат бор-йўқлиги, жисмоний фаоллиги, дори-дармонга эҳтиёжи билан боғлиқ саволларга жавоб топишда илованинг аҳамияти катта.
Қарорда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиалларида кардиология йўналишида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари турини босқичма-босқич 15 дан 35 гача ошириш назарда тутилган. Келгусида марказда қилинаётган барча мураккаб жарроҳлик амалиёти ҳудудларнинг ўзида амалга оширилади. Тошкент, Фарғона, Бухоро вилоятларидаги филиалларда коронарография, стентлаш амалиёти йўлга қўйилади. Бу, ўз навбатида, аҳолининг ушбу операциялар учун пойтахтга ёки чет мамлакатларга даво излаб бориши, оворагарчилигига барҳам беради.
Туман, шаҳар шифохоналарини 4 турдаги кардиология ускуналари билан жиҳозлаш ҳисобига кўрсатиладиган хизмат турларининг 15 тага етказилиши эхокардиограф ёрдамида касалликни 30 дан зиёд параметр бўйича аниқлаш имконини беради. Авваллари беморлар бу масалада ҳам марказга мурожаат қилишга мажбур бўларди. Энди беморлар туман, шаҳар тиббиёт бирлашмасида стационар шароитда даволаниши мумкин. Энди ҳар хил аритмияларни ҳам ҳудудларда даволаш имконияти пайдо бўлади. Олдин бу амалиётлар учун бемор Тошкентга келар ёки малакали шифокорларимизни вилоятларга жўнатишга мажбур бўлардик.
Қарорда яна бир муҳим масала кўзда тутилган. Унга кўра, йилига бир марта 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган аҳолининг саломатлик профили баҳоланади. Бу, биринчи навбатда, саратон ва қон-томир касалликларини барвақт аниқлашга хизмат қилади. Хавф омилларини аниқлаб, уларни бартараф этганимиз юракқон томир касалликларининг ривожланишини тўхтатади ёки секинлаштиради. Шунингдек, кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги профилактика мактабларига беморлар таклиф қилиниб, уларга касаллиги тўғрисида тўлиқ маълумот берилади. Хасталикнинг олдини олиш, унинг белгилари, ривожланиш даражасини аниқлаш, беморни бундан хабардор этиш ва профилактика чораларини кўришга чақириш мақсад қилинган. Бемор қандай овқатланиши кераклиги, жисмоний фаоллигининг даражаси, дориларни қай тартибда қабул қилиши ҳам мана шу профилактика мактабларида ўргатилади.
Барча оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларда шифокоролди кўрик хоналарини ташкил қилиш ҳамда 15 минг нафар ҳамширани махсус курсларда ўқитиш кўзда тутилмоқда. Улар юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш ва асоратларининг олдини олиш бўйича қисқа курсларда таҳсил олади. Ҳамширалар бирламчи билимга эга бўлиши, касалликка мойил шахслар билан индивидуал ишлаб, уларда муқаррар инфаркт, инсульт, қон босимининг ошиши каби хасталикларнинг олдини олишга эришиши талаб этилмоқда.
Юқоридаги барча чора-тадбирлар юрак-қон томир касалликларининг олдини олишга ва юзага келиши мумкин бўлган асоратлар кўрсаткичини кескин камайтиришга хизмат қилади. Беморларнинг оворагарчилиги кескин камаяди. Улар учун барча тиббий текширувлардан туман шароитида ўтиш имконияти кенгаяди.