Ҳозирги кунда юридик фанларнинг ютуқларидан қонун ижодкорлиги жараёнида, ҳуқуқни қўллаш амалиётида, юридик таълимни ривожлантиришда кенг фойдаланилмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қонун ва қарорларнинг сифати, демак бутун жамият ва давлатнинг ривожланиши юридик таълим сифати билан чамбарчас боғлиқдир.

Сўнгги 5 йилда барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришларни амалга оширилди, жумладан, мамлакатимизни 2017 — 2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган давр мобайнида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари қабул қилинганлигини ўзи ҳам ҳуқуқ фанини ривожлантириш ва назария билан амалиёт уйғунлигини таъминлаш бўйича ҳали кўп ишлар амалга ошириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Маълумки, кенг кўламли ислоҳотлар илм-фансиз, таълим сифатини оширмасдан, ҳуқуқий фанлар ривожини таъминламасдан амалга ошириб бўлмайди. Шу маънода таълим соҳасини такомиллаштириш бўйича ҳам сўнгги йилларда бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги, “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини
2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонлари қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатларда академик ҳуқуқий тадқиқотлар даражасини ошириш, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг кейинги истиқболларини белгилашга оид ҳуқуқий илмий ишланмалар самарасини ошириш, юридик фанлар бўйича тадқиқотларни ривожлантириш масалалари муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Бевосита ҳуқуқ фанини ривожлантириш йўналишида 2020 йил
29 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонини, шунингдек 2020 йил 30 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси тизимида давлат ва ҳуқуқ институтининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорининг қабул қилинганлиги эътироф этиш жоиз.

Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонунининг 17-моддасида Олий таълим муассасаларининг педагог кадрлари тегишли йўналишларда илмий фаолият билан шуғулланишлари шартлиги белгиланган.

Илмий фаолиятни ташкил этиш масаласини биргини ТДЮУ мисолида кўриб чиқамиз:

ТДЮУ нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда етакчи бўлган ва ўтган фаолияти давомида йигирма мингдан ортиқ юқори малакали юридик кадрларни етиштириб чиқарган олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Ҳозирда ТДЮУ ҳузурида 13 та ихтисослик бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини берувчи илмий кенгашлар тузилиб, мувафаққиятли фаолият юритмоқда. Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда 2022 йилда 45 та, 2023 нинг ўтган даври давомида 8 та докторлик диссертатсиялари ҳимояси ўтказилди.

Биргина 2022 йил давомида назария ва амалиёт интеграцияси натижаси сифатида университет профессор-ўқитувчилари томонидан
65 тадан ортиқ илмий натижаларни амалиётга жорий этилганлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Давлат бошқаруви органлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан далолатномалар олинган.

Шу билан бирга ТДЮУда “Устоз-шогирд” анъанасини изчил равишда амалга ошириш учун университетда талабаларнинг илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланиш борасидаги қизиқишларини ошириш, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол ва жонкуяр иштирокчисига айлантириш, ТДЮУнинг мамлакатимиз илмий ҳамжамиятида муносиб ўринга эга бўлишини таъминлаш мақсадида
илмий мактаб ва илмий тўгараклар ташкил этилган. Натижада илм-фан ва таълимнинг узвийлигини таъминлаш механизми яратилди.

ТДЮУ томонидан Назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида сўнгги 2 йилда ТДЮУ профессор-ўқитувчилари 169 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда иштирок этишди ҳамда 40 дан ортиқ ахборот-таҳлилий маълумотнома (лойиҳани қабул қилиш зарурати асосланган маълумот, қонун лойиҳасининг матни, таққослаш жадвали ва хорижий давлатлар қонунчилигини ўрганиш бўйича жадвал) тайёрланди.

2022-йилда халқаро кўрсаткичлар маълумотларига кўра профессор-ўқитувчиларнинг илмий мақолаларига иқтибослар 7561 тани, халқаро журналлардаги илмий мақолалар сони 337 тани, Республика илмий журналларидаги (ОАК рўйхатидаги) илмий мақолалар сони 378 тани ташкил этмоқда. Шунингдек, Профессор-ўқитувчилари 318 та Халқаро конференсия ва семинарларда, илмий ёки таълим лойиҳаларида (хорижий, қўшма) иштирок этди. Шу билан бирга 56 та монография чоп этилди.

Профессор-ўқитувчилар ва изланувчиларнинг Scopus ва WoS (Web of Science) маълумотлар базасига киритилган илмий журналлар учун мақола ёзишда фойдаланиши мумкин бўлган “Илмий харита” ҳамда “Практикум” илмий-амалий қўлланмалар тизимли равишда эълон қилиниб келинмоқда.

Талабаларни амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол ва жонкуяр иштирокчисига айлантириш, университетда олиб борилаётган ишларининг аҳамиятини изчил тарғиб қилиш, қонун ҳужжатларини шарҳлаб бориш, юридик соҳа фаолиятига оид мақолалар ва таҳлилий материаллар тайёрлаш, шунингдек, талабалар ва университет раҳбарияти ўртасида самарали мулоқот тизимини ташкил этиш ва шу орқали талабалар эътиборидаги долзарб мавзуларни изчил ёритиб боришни таъминлаш мақсадида “The Square Times”  университет талабалар газетасини таʻсис этилди.

Профессор-ўқитувчларнинг “Publons”, “Linkedin”, “ResearchGate”, “Google scholar” каби илмий йўналишдаги ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасини очилиши таъминланди ва хорижлик соҳа мутахассислари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Мазкур ҳамкорлик натижасидан профессор-ўқитувчиларнинг 100 дан ортиқ мақолалари хорижлик соҳа мутахассислари билан ҳаммуаллифликда чоп этилди.

Юридик соҳада илмий тадқиқотларни амалга ошириб келаётган тадқиқотчилар учун онлайн хизматларни кўрсатиш имконини берувчи махсус электрон платформа (Платформа манзили: https://uzlaw.uz) яратилди.

Шу билан бирга, Тошкент давлат юридик университетининг расмий веб-сайти www.tsul.uz платформаси негизида “Илмий-инноватион фаолият” портали ташкил этилди.

Мамлакатимизда биринчи бўлиб, университетда Илмий-услубий кенгаши негизида Тадқиқот этикаси кенгашини ташкил қилинди. Тадқиқот этикаси кенгашига 1 нафар чет элдаги ватандошлар ва 1 нафар чет эллик мутахассис Тадқиқот этикаси кенгаши таркибига киритилди.

Шу билан бирга, Тошкент давлат юридик университетининг Академик ҳалоллик ва тадқиқот этикаси кодекси қабул қилинган бўлиб, мазкур кодекс 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб амал қилишни бошлади.

Унга кўра, Академик ҳалоллик ва тадқиқот этикаси миллий юридик таълимнинг самарадорлигини ошириш, юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш ва мамлакатда юридик фанни ривожлантиришнинг асосий устунлари ҳисобланади.

Мазкур Кодекснинг асосий қоидалари университетнинг ўқув ва илмий фаолиятида академик ҳалоллик ҳамда тадқиқот этикасининг умумқабул қилинган стандартларини жорий қилишга қаратилган бўлиб, асосан, ушбу соҳадаги қуйидаги муҳим вазифани амалга оширишни белгилайди: университет талабалари ва ходимларида плагиат (кўчирмачилик)га муросасиз муносабатда бўлиш кайфиятини шакллантириш ҳамда академик ҳалолликни кенг тарғиб қилиш.

Шу боис, биргина 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб, диссертатсияларни (кафедра муҳокамасида) дастлабки экспертизаси, тақдим этилган илмий ишни тақризчи (расмий оппонент) томонидан баҳолаш ҳамда Илмий семинар ва Илмий кенгашларда кўриб чиқиш жараёнида Тошкент давлат юридик университетининг Академик ҳалоллик ва тадқиқот этикаси кодекси талабларига қатъий риоя этилишини таъминланмоқда.

Шу билан бирга университетда академик ҳалоллик ва тадқиқот этикасига риоя қилмаслик ҳолатлари қуйидаги шаклларда яъни: ўқув-услубий ишлар (дарслик, ўқув қўлланма, ўқув-услубий қўлланма ва бошқалар), БМИ, магистрлик диссертатсиялари ҳамда тадқиқот ишлари (илмий мақолалар, монографиялар, докторлик диссертатсиялари)ни махсус электрон антиплагиат (Турнитин) дастури воситасида текшириш асосида аниқланиб келинмоқда.

Хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчиларини университет профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчилари билан биргаликда ҳуқуқ соҳасида дунё ва минтақа даражада долзарб бўлган мавзулар бўйича қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида 2022-йил июл ойидан бошлаб Тошкент давлат юридик университетида “Central Asian Legal Research Fellowship” лойиҳаси йўлга қўйилди.

“Central Asian Legal Research Fellowship” лойиҳасига 21 нафар хорижлик олим танлаб олинди. Университет тадқиқотчилари ва хориждаги нуфузли университетлар олимлари оʻртасида илмий ҳамкорликни янада кучайтириш, уларнинг биргаликда илмий тадқиқотларни олиб бориши учун шароит яратишга қаратилган лойиҳага аъзо бўлиш учун Буюк Британия, Австралия, Германия, Япония, Жанубий Корея, Қатар каби 14 та давлатдан кўплаб номзодлар орасида Oxford, Stenford, Garvard, London Holloway Қироллик университети каби нуфузли университетларда фаолият олиб борган олимлар иштирок этди.

Лойиҳага аъзо бўлишни истаган номзодлар билан суҳбат ўтказилди ва якунда улар орасидан 21 нафари лойиҳада иштирок этиш учун танлаб олинди.

Мазкур лойиҳа икки босқичдан иборат. Биринчи босқичда “Scopus”, “Web of Science” каби базаларда индексланган нуфузли илмий журналларда чоп этиш учун қўшма илмий тадқиқот амалга оширилади. Иккинчи босқичда эса хорижлик олимлар Ўзбекистонга ташриф буюриб, қатор илмий ва маданий тадбирларда иштирок этади.

Мазкур лойиҳа давомида Марказий Осиё мамлакатлари ҳуқуқ назарияси, қонунчилиги ва ҳуқуқни қоʻллаш амалиётида ҳозирги кундаги ва келажакда юзага келиши мумкин боʻлган муаммоларга алоҳида эʼтибор қаратган ҳолда илмий тадқиқотлар оʻтказилади.

Лойиҳа икки қисмдан иборат. Биринчи босқич онлайн шаклда оʻтказилиб, бунда хорижий тадқиқотчилар университет профессор-оʻқитувчилари билан биргаликда

2022-йилнинг октабр ойидан бошлаб 2023-йил июл ойига қадар “Scopus” ёки “Web of Science” халқаро илмий базаларида индексланадиган журналларда чоп этиш учун илмий мақола тайёрлайдилар.

Халқаро ҳамкорлик, ўз навбатида, таълим сифатини яхшилаш, мутахассислар ва бошқарув персонали малакасини ошириш, халқаро лойиҳаларни жадал суръатлар билан амалга ошириш имконини беради.

Айни вақтда таҳлилллар шуни кўрсатадики, бугунги кунда ҳуқуқий фанларни ривожланишига тўсқинлик қилаётган асосий омиллар сифатида илмий тадқиқот билан шуғулланишдан манфаатдорликнинг пастлиги ва ҳаттоки бу жараён ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги билан боғлиқдир. Кўп ҳолатларда яратилган илмий ишланмалар ва илмий башоратларни рўёбга чиқариш, уларни нашр этиш, тижоратлаштириш муаммоси кўзга ташланади.

Шу ўринда, алоҳида таъкидлаш ўринлики ижтимоий-гуманитар, шу жумладан юридик соҳасидаги фундаментал лойиҳалар амалга оширилиши натижасида тижоратлаштиришга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқилишини қатъий талаб қилиш ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Сабаби, фундаментал тадқиқотлар натижалари бошқа фойдали кўринишда ҳам мамлакатимизнинг ривожига муносиб ҳисса қўшиши мумкин. Масалан, сифатли қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши жамиятимизнинг ҳаётини яхшилашга, тадбиркорлик ривожланишига ҳамда бюджетга солиқ тушумини кўпайтиришга олиб келади.

Ҳуқуқий фанларни назарий ва амалий самарадорлигини ошириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш ва янгилаш ҳамда юридик илм-фан ва таълимнинг амалиёт билан интеграциясини янада ривожлантириш бўйича қуйидаги ишларни амалга ошириш лозим.

1.Ривожланган давлатларнинг таълим тизимидаги илғор тажрибасидан келиб чиқиб, магистрлик диссертациялари ва малакавий битирув ишлари мавзуларини иш берувчи орган (идора, ташкилот)лар, вазирлик ва қўмиталарнинг буюртмаси асосида шакллантириш амалиётини йўлга қўйиш.

2.Амалиёт ходимларининг ҳуқуқий билимини ошириш бўйича замонавий, инновацион онлайн ўқув портали яратиш. Мазкур портал ҳуқуқшунослик соҳасидаги қонунчилик базаси, қонун ҳужжатлари шарҳлари, ўқув, ўқув-услубий қўлланма, илмий мақолалар, ахборот-таҳлилий ва статистик материаллар ҳамда бошқа адабиётлар туркумидан иборат бўлади ва мунтазам янгиланиб борилади.

3.Юридик илм-фан ва илмий фаолиятга молиявий ресурларнинг етарли даражада йўналтириш мақсадида тегишли давлат органи ва муассасаларига бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳуқуқий соҳадаги тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш бўйича тавсиялар киритиш (шу жумладан, грантлар эълон қилишни йўлга қўйиш).

4.Scopus ва Web of Science каби халқаро илмий базаларининг кўрсаткичига ҳамда «Ҳирш индекси»га асосланиб грант олиш амалиёти жорий қилинган. Ривожланган давлатлар тажрибасидан кўришимиз мумкинки, «Ҳирш индекси» гуманитар фанлар соҳасига нисбатан деярли қўланилмайди. Шу жиҳатдан Scopus, Web of Science ва Ҳирш индекси гуманитар фанлар соҳасига нисбатан қўллаш масаласини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

5.Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш тўғрисидаги Низом (рўйхат рақами 2893, 2017 йил 23 июн)га мувофиқ, Илмий кенгаш аъзолари, қоида тариқасида, камида 9 нафар ва кўпи билан 21 нафар аъзодан иборат таркибда шакллантирилиши, фан доктори (DSc) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш таркибига Илмий кенгаш ҳар бир ихтисослигининг тегишли фан тармоғи бўйича камида 5 нафар фан доктори киритилади.

Бироқ, ушбу Низомда хорижий давлатлар таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда етук амалиётчи мутахассисларни киритилишини мажбурий қилинган нормалар назарда тутилмаган.

Маълумот тариқасида: Хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики илмий раҳбарлар таркибида амалиётчи ходимларни киритиш мажбурий ҳисобланади.

Мисол учун, Буюк Британия, Япония ва бошқа бир қатор давлатларда илмий раҳбарлар 3 та бўлиб, профессор-ўқитувчи, соҳа бўйича етук амалиётчи ходим ҳамда хорижий таълим муассаси профессор-ўқитувчисидан иборатдир.

6.Назария билан амалиёт уйғунлиги таъминлаш ҳамда бу борадаги фаолиятни ривожлантиришга амалиётдаги тегишли ташкилот ва идораларнинг (хусусан, Олий Мажлис, Адлия вазирлиги, суд, прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, адвокатура ҳамда бошқа давлат ва нодавлат тузилмалар) эътиборини қаратиш ҳамда уларнинг олиб борилаётган тадқиқотлардан манфаатдорлигини ошириш мақсадида илмий-тадқиқот ишлари натижаларини муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда амалиёт ташкилотларига тақдим этиб бориш тизимини йўлга қўйиш лозим.

7.Илғор олий таълим муассасалар ва илмий марказларда фан соҳаларида фаолият юритаётган ватандош олимларни ҳамда мамлакатимиздаги етук амалиётчи ходимларни расмий оппонент (тақризчи) сифатида барча фанлар ихтисосликлари бўйича илмий даражалар бериш бўйича илмий кенгашлар фаолиятига жалб этиш амалиётини йўлга қўйиш лозим.

Мазкур амалиётга йўлга қўйилмаганлиги ўз навбатида, илм-фан соҳасидаги устувор муаммоларни тезкор бартараф этиш, амалиёт билан интеграциясини кучайтиришга имконият бермаяпти.

Мазкур тизимни йўлга қўйилмаганлиги ўз навбатида тадқиқот натижаларидан амалиётда тўлиқ ва самарали фойдаланиш имкониятини бермаяпти.

8.Ҳозирда ушбу соҳада чуқур илмий тадқиқот олиб бориш учун амалиёт материаллари, жумладан статистика билан танишиш имконияти чекланган (Давлат статистика қўмитаси сайтида эълон қилинаётган ахборот тўлақонли ва кенг қамроқли тадқиқот олиб бориш учун етарли эмас).

Ўйлаймизки мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатимизда юридик илм-фан ва таълимнинг амалиёт билан интеграциясини такомиллаштириш, юриспруденция соҳасининг жамият ва давлат тараққиётидаги драйверига айланишига хизмат қилади.

 

Эргашев Икрoм Абдураcулoвич,

Тoшкент давлат юридик универcитети

Илмий бошқармаси бошлиғи,

доцент, юридик фанлари бўйича

фалcафа дoктoри (PhD)