Сўнгги йилларда юқори малакали, халқаро стандартларга жавоб берадиган юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мазкур ҳуқуқий ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Вазирлар Маҳкамасининг шу йилнинг 6 апрелдаги “Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича таййёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини қайд этиш мумкин.
Ҳуқуқий ҳужжатга биноан Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказига бир қатор қўшимча вазифалар юклатилди.
Жумладан, низоларни судгача муқобил ҳал қилиш механизми сифатида медиация институтида самарали фаолият юритадиган медиаторларни тайёрлаш, интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш, шунингдек, халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш курсларини йўлга қўйиш марказнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланмоқда.
Ҳукумат қарори билан мазкур курсларни ташкил этиш тартиби бўйича низом лойиҳаси тасдиқланиб, унда курсларга қабул, ўқиш муддатлари, ўқув машғулотларини ташкил этиш тартиблари назарда тутилмоқда.
Курсларда масофавий ўқиш ҳам мумкин
Таълим жараёнининг ишлаб чиқариш билан интеграциясини таъминлаш, назарий билаимларни амалиёт билан уйғун олиб боришда тингловчиларнинг асосий иш жойидан ажралмай, курсларда ўқиши муҳим аҳамият касб этади. Қарорга кўра, марказда ташкил этиладиган курслардаги таълим жараёнининг бевосита ва масофавий шаклда олиб борилиши қулай имкониятдир. Бундан ташқари, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида юқори малакали педагог ва амалиётчи-ходимлар томонидан олиб борилиши машғулотларнинг самарали ташкил этилишига замин яратади.
Айрим тўсиқлар олиб ташланди
Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг юридик хизматларида самарали фаолият олиб борадиган юридик кадрларни тайёрлаш мақсадида марказда олий маълумотга эга шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курслари ташкил этилган эди. Курсларда эса фақат айрим олий таълим йўналишларини битирган шахсларгина таълим олиш имкониятига эга эди. Ҳукуматнинг яқинда қабул қилинган қарори асосида энди барча олий маълумотли шахслар кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, қайта тайёрлаш курсларида ўқиши мумкин. Бундан ташқари, курс битирувчиларига юридик хизмат кўрсатиш билан бирга, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида ҳам ишлаш ҳуқуқининг берилиши нафақат битирувчиларнинг иш фаолиятини олиб бориши мумкин бўлган соҳаларни кенгайтириш, балки тизимни малакали кадрлар билан таъминлашга хизмат қилади.
Ёш адвокатлар чет элда стажировка ўтайди
Мамлакатимизда адвокатура институтини янада ривожлантириш, малакали адвокатларни тайёрлаш масаласи бугуннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада ёш адвокатларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш, уларнинг амалий кўникмаларини хорижнинг илғор тажрибалари билан бойитиш муҳим аҳамият касб этади.
Қарорда марказ орқали ёш адвокатларнинг етакчи хорижий юридик компанияларда стажировкасини ташкил этиш назарда тутилгани, бу борада махсус грантлар эълон қилингани адвокатларни тайёрлаш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Эҳтиёжга мос янги имконият
Бугунги кунда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ҳуқуқшунос кадрларга эҳтиёж катта. Ҳуқуқшунослик фанларидан мутахассис етишмаслиги сабабли биргина халқ таълими тизимида қарийб 74 минг нафар номутахассис педагог кадр томонидан машғулотлар олиб бормоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, олий ноюридик маълумотга эга педагоглар учун марказда тўрт ойлик қайта тайёрлаш курслари ташкил этилаётгани тегишли таълим муассасаларини мутахассислар билан таъминлаш имконини беради. 2030 йилдан бошлаб мазкур таълим муассасаларида фақатгина олий юридик маълумотли ёки марказда ташкил этиладиган қайта тайёрлаш курсларидан ўтган педагог кадрлар дарс бериш ҳуқуқига эга бўлади.
Интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича мутахассислар тайёрланади
Президентимиз раҳбарлигида 2020 йил 12 октябрь куни интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш баёнида Тошкент давлат юридик университетида интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича ўқув курсларини ташкил этиш вазифаси назарда тутилган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳукумат қарори асосида мазкур тоифадаги курсларни йўлга қўйиш, мутахассисларни интеллектуал мулкни яратиш ва ҳимоя қилиш асослари, тижорийлаштириш, брендинг ва маркетингга ўқитиш режалаштирилмоқда. Бу борада бошланган ислоҳотлар интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича малакали мутахассисларни тайёрлашга муносиб ҳиссасини қўшади.
Хулоса қилиб айтганда, юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш тизими такомиллаштириш ва бу борада белгиланган вазифаларнинг сифатли амалга оширилиши мамлакатимизда юқори малакали ҳуқуқшунос кадрларда муҳим аҳамиятга эга.
Ахтам ЯҚУБОВ,
Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича
профессионал ўқитиш маркази директори
Фируз МАҲМУДОВ,
марказ директори ўринбосари