Шу боис, мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ Қуролли Кучларимизни давр талабларига ҳамоҳанг шакллантириш кун тартибидаги бош масала этиб белгиланди.
Айниқса, кейинги йилларда миллий армияни ислоҳ қилиш жараёнида, аввало, уни замонавий қурол-яроғ, техника билан жиҳозлаш ва ҳар қандай оғир шароитда жанговар вазифаларни бажаришга қодир, юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Иккинчидан, ҳарбий соҳадаги халқаро ва маҳаллий ютуқлар ҳамда илғор тажрибалардан кенг фойдаланилмоқда.
Учинчидан, ҳарбий хизматчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, ҳарбий хизмат сифати, аскарларнинг касбий маҳоратини ошириш энг муҳим вазифа этиб белгиланган.
2017-2025 йилларда мамлакатнинг мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилди, ҳуқуқий база янгиланди. Хусусан, 2018 йил 9 январда “Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. У билан Қуролли Кучларнинг ташкилий тузилмаси, жанговар кучи ва тайёргарлиги, шунингдек, мамлакатнинг мудофаа қобилияти мустаҳкамланди.
Шартнома бўйича хизмат қиладиган аскарлар улуши 2016 йилда 37 фоизни ташкил этган бўлса, бугунга келиб, бу рақам 70 фоизга етди. Қўшинларни замонавий қурол-яроғ билан жиҳозлаш даражаси эса беш баравар ошди.
Бугун дунёда содир бўлаётган ҳарбий тўқнашувларда гибрид қуроллардан фойдаланиляпти. Бу эса қўшинларимизнинг ҳам жанговар ҳаракатлар пайтида бундай қуроллардан фойдаланиш малакасига эга бўлишини талаб қилади. Буни бугунги вазият, даврнинг ўзи тақозо этяпти. Миллий армиямиз ҳозир ушбу турдаги қуроллардан фойдаланиш бўйича катта салоҳиятга эга.
Янги Ўзбекистонни ҳар жиҳатдан тараққий эттиришга доир стратегик ҳужжатларда юртимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, жамиятимизда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, Ватанимиз мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 64-моддасида “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар”, деб ёзилган.
Халқаро Global Firepower Index рейтингида Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи, МДҲ мамлакатлари орасида тўртинчи ва дунёнинг 162 давлати орасида 58-ўринда қайд этилгани билан фахрлансак арзийди. Ушбу индекс мутахассислари армияларни баҳолашда олтмишдан ортиқ мезонни ҳисобга олган. Хусусан, мудофаа харажати суммаси, техник қўллаб-қувватлаш, армия сони, танклар, кемалар, самолётлар ва бошқа ҳарбий техникалар сони, мамлакатда нефть маҳсулотларининг мавжудлиги ва географик жойлашуви хусусиятлари, ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол ҳажми, маълум ресурслар ва логистика имкониятлари каби кўплаб мезонлар ўрганиб чиқилган.
Бугун ёшларимиз мустақил юртимизнинг тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, хотиржамлигимиз посбонларидир. Шу маънода, навқирон авлод вакилларини қанчалик баркамол, етук қилиб вояга етказсак, уларнинг ҳар бирида ор-номус, миллий ғурурни изчил шакллантириб борсак, Ватанимиз шунчалик қудратли давлатга айланади.
Она Ватанни, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини ишончли ҳимоя қилиш, ватанпарвар бўлиш, содиқлик, фидойилик туйғуларини ҳис этиб яшаш ёшларимиз учун виждон ишига айланмоғи шарт.
Юртимизда Ватан ҳимоясига ўзини бағишлаган ҳарбийларимиз алоҳида қадрланиб, ҳар йили 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни катта байрам сифатида кенг нишонланади. Бу каби эътибор ва эътироф масъулиятли касб эгаларининг Ватан олдидаги хизматлари юқори баҳоланишини намоён этиб, уларга куч-қувват, юрт ҳимояси борасидаги фаолиятига шижоат бағишлайди.
Ғайбулла АЛИМОВ,
Жамоат хавфсизлиги университети профессори,
юридик фанлар доктори