Атоқли ўзбек шоираси ва жамоат арбоби Зулфия Исроилова номи билан аталган давлат мукофоти йиллар давомида фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, жамоатчилик фаолияти ва ахборот технологиялари каби қатор йўналишларда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган юзлаб иқтидорли ва ташаббускор қизларни кашф этиб, ютуқларини кенг жамоатчиликка танитишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Илгари ҳар бир ҳудуддан бир нафардан, жами 14 иқтидорли хотин-қиз ушбу мукофот билан тақдирланган бўлса, 2018 йилдан бошлаб ҳар бир ҳудуддан икки нафардан, жами 28 хотин-қизни тақдирлаш амалиёти жорий этилди. Шу билан бирга, мукофотга талабгорлар учун ёш чегараси 30 ёшгача узайтирилди.
2024 йилда мукофотни тақдим этиш тизими янада такомиллаштирилди. Президентимизнинг 2024 йил 7 февралдаги фармонига мувофиқ, хотин-қизлар ўртасида рақамли кўникмаларни ривожлантириш, ахборот технологиялари соҳасидаги фаоллигини ошириш ва АT соҳадаги ютуқларини рағбатлантириш мақсадида ахборот технологиялари алоҳида, саккизинчи йўналиш сифатида киритилди.
Таъсис этилганидан буён 500 дан зиёд иқтидорли қиз ушбу давлат мукофотига сазовор бўлган. Бу юртимизда истеъдодли, билимли, ташаббускор ва фаол қизлар сони йил сайин ортиб бораётганининг ёрқин далилидир.
Жорий йил 6 март куни хотин-қизлар байрами муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда давлатимиз раҳбари 28 нафар иқтидорли хотин-қизни Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирлади. Давлат раҳбари қўлидан ушбу нуфузли мукофотни қабул қилиб олган хотин-қизларнинг қалбидан кечган ҳис-туйғулари ҳақида билиш мақсадида улар билан давра суҳбати уюштирдик.
Бу иштиёқ катта марралар сари йўл очади
Дилафрўзхон СОБИРОВА,
Фарғона шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси:
Жорий йилнинг 6 март санаси энг омадли ва қувончли кунларимдан бири бўлиб қолди. Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган тақдирлаш жараёнида давлатимиз раҳбари қўлидан Зулфия номидаги давлат мукофотини қабул қилиб олдим.
Ушбу учрашув, у ерда айтилган самимий сўзлар ва эътирофлар барча қизлар қатори менинг ҳам қалбимда ўчмас из қолдирди. Ҳали-ҳамон кўз олдимда: исмим янграгани, саҳна томон секин қадам ташлаб бораётганим, аммо ич-ичимдан шошилиб, ҳаяжондан юрагим тез ургани ... бу ҳолат ҳеч ёдимдан чиқмаса керак.
Президентимиз мукофотни тақиб, биз, ёшларнинг ютуқларимиздан мамнунлигини айтди. Мен бениҳоя хурсанд бўлдим. Раҳмат айтиб, жойимга қайтаётганимда Президентимиз аудиторияга қараб: “Гарвардлик қизим бу”, дея таъкидлади. Ўша лаҳзада кўнглимда шундай ажойиб ҳислар жўш урдики, уларни сўз билан ифода этиш қийин. Бу фақат қувонч эмас, ишонч, масъулият ва туганмас илҳом эди.
Давлатимизнинг мен каби оддий бир қизга кўрсатган бундай эътибори ва эътирофи юрагимда илгари ҳеч ҳис қилмаган қувонч, завқ-шавқни уйғотди. Ишонаманки, бу иштиёқ келгуси фаолиятимда янада катта марраларни забт этишимга катта туртки бўлади.
Ўша куни залда онам ҳам ўтирган эди. Ростини айтсам, ҳаяжондан унинг юзига қарашга журъат қилолмадим. Аммо мени дунёга келтирган, тарбиялаб вояга етказган ва ҳаммадан кўп яхши кўрадиган волидамни бир оз бўлса-да қувонтира олганим учун ўша кез ўзимни жуда бахтли ҳис қилдим. Албатта, бу мукофотгача бўлган йўлимда кўплаб инсонларнинг ҳиссаси бор.
Муваффақият сири меҳнатда экан
Индира САТНИЯЗОВА,
Қорақалпоқ давлат университетининг 3-босқич талабаси:
— Тақдирлаш маросимидаги ҳар бир лаҳза мен учун унутилмас хотира бўлиб қолди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг: “Қорақалпоғистонда сендай математик қизим борлигидан фахрланаман” деган сўзлари ўқиш ва изланишларимга катта иштиёқ берди. Шу билан бирга, елкамга масъулият ҳам юклади. Мен энди бу ишончни оқлашим керак. Онам математика ўқитувчиси бўлгани сабабли болалигимдан уйимизда доимо математик муҳит ҳукм сурган. Опам билан бирга масалалар ечар, онамга ўқувчиларнинг ёзма ишларини текширишда ёрдам берардик. Кейинчалик юқори синфларга ўтганимда фан олимпиадаларида иштирок эта бошладим ва қатор ютуқларга эришдим.
Бироқ мен учун бир тўсиқ бор эди — хорижий тилларни билмаслик. Рус тилидаги масалаларни ечишда раҳматли бобом таржима қилиб ёрдам берган. Лекин 9-11-синф олимпиадаларида қатнашганимда англадимки, инглиз тилини билмасдан туриб, халқаро математика олимпиадалари учун зарур бўлган комбинаторика ва сонлар назарияси каби йўналишларни чуқур ўрганиш қийин. Шу сабабли вақтимнинг катта қисмини инглиз тилини ўрганишга бағишладим. Бу меҳнат кейинчалик талабалик давримдаги муваффақиятларимга ҳам катта ёрдам берди.
Келажакда математика соҳасида фундаментал тадқиқотлар олиб бориб, янги натижаларга эришадиган олима бўлишни орзу қиламан. Бакалавр дипломини олгач, математика йўналишларидан
бирини танлаб, магистратурада таҳсил олишни режалаштирганман.
Ҳаётнинг гўзал ва унутилмас лаҳзаси
Нодира ИБРАГИМОВА,
Тошкент шаҳридаги “Shkola 21” нодавлат таълим муассасаси лойиҳа раҳбари:
— Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги чекка бир қишлоқда туғилганимга қарамай, юртимизда яратилаётган чексиз имкониятлар туфайли дунёнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олиш имконига эга бўлдим. Қарийб ўн йилдан буён ахборот технологиялари соҳасида илмий изланишлар олиб боряпман. Бугунги кунда беш тилда эркин мулоқот қила оламан.
Ҳозир Янги Ўзбекистон университети магистратурасида таҳсил оляпман. Мен ўқиётган йўналиш Германия билан ҳамкорликда йўлга қўйилган бўлиб, дарслар юқори малакали профессорлар томонидан ўтилади. Энг муҳими, мамлакатимизда аёллар таълимини қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор туфайли контракт тўловим тўлиқ давлат томонидан қопланмоқда.
Бугунги кунгача АҚШ, Малайзия, Марокаш, Жанубий Корея, Камерун ҳамда бир қатор Европа ва МДҲ мамлакатларида тажриба орттириб, халқаро технологик лойиҳаларда иштирок этдим. Бир неча бор Google ва Amazon компанияларидан ишлаш таклифини олдим. Польшада ўтказилган йирик ахборот технологиялари саммитида Ўзбекистондан иштирок этган илк қиз сифатида қатнашиб, 10 минг кишилик аудитория олдида юртимиздаги жадал ислоҳотлар ва имкониятлар ҳақида нутқ сўзлаш насиб этди.
Шифокорлар оиласида улғайганим боис, соғлиқни сақлаш соҳасига қизиқишим тиббиётни сунъий интеллект билан боғлашга ундади. Чикагонинг нуфузли компаниясида АҚШ бўйлаб юздан ортиқ шифохона маълумотларини таҳлил қилиш бўйича тажриба орттирдим.
Ҳозир Камеруннинг Яунде шаҳрида биологлар жамоаси билан биргаликда безгак ва тиф касалликларини сунъий интеллект орқали микроскопик қон таҳлиллари асосида аниқлашга қаратилган лойиҳада иштирок этмоқдаман. Бу лойиҳада фаолият юритаётган илк ўзбек қизларидан бири эканим мен учун катта шараф.
Изланишларимнинг барчаси юртимизда хотин-қизларга қаратилаётган юксак эътибор ва яратилаётган имкониятларнинг амалий натижасидир. Келажакдаги асосий мақсадим сунъий интеллект ва тиббиётни уйғунлаштирган ҳолда эрта диагностика моделларини ишлаб чиқиш ва илмий тадқиқотлар қилишдир. Бунинг учун билимимни дунёнинг етакчи университетларида янада бойитиб, уларни юртимиз билан ҳамкорликка жалб қилишни режалаштирганман.
Зулфия номидаги давлат мукофотини давлатимиз раҳбари қўлидан қабул қилиб олганим мен учун катта фахр ва шарафдир. Президентимизнинг самимий сўзлари келажакдаги мақсадларимга учқур қанот бағишлаб, онгимга руҳий куч, ҳаётимга гўзал ва унутилмас саҳифа қўшди.
Саодатга элтувчи илм
Латофат АМИРОВА,
эркин ижодкор, шоира:
— Ҳаёт синов ва қийинчиликлари билан тотли. Синовлар бизни ўстириб, юксак марраларга етаклаши эса ҳақиқат экан. Қашқадарё вилояти Косон туманидаги чекка бир қишлоқда улғайдим. Мактабда ўқиб юрган кезларимдан адабиётга ихлосим баланд эди. Коллежда ўқиган йилларимда Озод Шарафиддиновнинг “Довондаги ўйлар” асари мени адабиётга буткул ошуфта қилди.
Орзум пойтахтда ўқиш эди, аммо оилавий шароит сабаб ниятим амалга ошмади. Бу орада турмушга чиқдим. Бироқ китоб мутолаасидан ҳеч қачон воз кечмадим. Рўзғор ташвишлари, келинлик вазифалари, кейинчалик фарзанд тарбияси билан банд бўлсам-да, тунларимни дарс қилиш ва ўз устимда ишлашга бағишладим.
Ҳа, ҳаётимда синовлар кўп бўлди. Турмуш ўртоғим ва фарзандим эпилепсия хасталиги билан оғрийди. Бу бош мия билан боғлиқ касаллик бўлиб, инсонда такрор-такрор тутқаноқ хуружларини келтириб чиқаради. Турмушнинг оғир зарбаларига чидаш учун ўзимда куч топа олган аёлман. Давлатимиз томонидан аёллар учун яратилаётган шароитлар эса қаддимни тик тутиб, қадрли бўлиб яшашимга йўл очмоқда.
Ҳаёт синовларини меҳнат, ўқиш ва изланиш билан енгишга ҳаракат қиляпман. Чунки оиламга тиргак, фарзандларимга суянч бўлишим шарт, бу инсоний бурчим. Бўш вақтимда, асосан, тунлари китоб ўқиб, ижод қиламан. Ҳаётимда қандай қийин шароит ва машаққат бўлмасин, барибир ўқийман. Чунки фақат илм инсонни қутқаради, ёруғликка, фаровон ва саодатли ҳаётга бошлайди.
Тўғри, кўп қаршиликлар бўлди, лекин мақсадимдан қайтмадим. Йиғлаб-йиғлаб дарс қилиб ухлаб қолган тунларим кўп бўлган. Аммо бу меҳнатларим зое кетмади, бугун юзим ёруғ. “Китоб ўқиб ким ҳам бўлардинг” деганлар эса мулзам...
Айтмоқчиманки, китоб ва илм инсонни доимо яхшилик ва эзгуликка бошлайди. Буни Президентимиз томонидан менга билдирилган улкан ишончда яна бир бор англадим. Мен нафақат давлат мукофотини олдим, балки ўша бахтли кунда уйли ҳам бўлдим. Энг муҳими, ҳаммасини уддалай олишимга бўлган ишончим янада мустаҳкамланди.
Шу муносабат билан байрам тантанасида, ўша бахтиёр лаҳзада давлатимиз раҳбарига айта олмаган сўзларимни “Янги Ўзбекистон” газетаси саҳифалари орқали етказмоқчиман:
“Президентим, сизга чексиз раҳмат. Сиз ҳаётимни нур ва қувончга тўлдирдингиз. Янада кучлироқ бўлиб яшашим учун рағбат ва ишонч бердингиз. Мен бу мукофотни олишимга, очиғи, асло ишонмаган эдим. Мукофот билан бирга уй совға қилганингиз титраб турган юрагимга малҳам бўлди. Куни кеча икки хонали уй калитини қўлимга топширишганида, меҳнатим ва ижодим бекорга эмаслигини яна бир бор англадим. Сиз мен ва оилам учун гўзал ҳаёт эшигини янада кенг очиб бердингиз. Азиз бошингиз ҳамиша омон бўлсин!”.
Аниқ мақсадга ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди
Вазира ФАЙЗУЛЛАЕВА,
Бухоро давлат тиббиёт институтининг 1-босқич магистранти:
— Болалигимда бувим ўзи ишлайдиган шифохонага олиб борса, ишларини кузатиб туришни ёқтирардим. Шифокор бувимнинг ўгитлари, тавсиялари ва оқ халатига бўлган садоқати мени шу соҳага етаклаган. Бувим нафақага чиққанида ҳам ота-оналар бетоб бўлиб қолган фарзандларини уйимизга олиб келарди. Кўзлари тўла умид билан келган бу инсонлар миннатдорлик ҳисси билан уйимиздан чиқиб кетаётганини кўриб, бувимнинг касби нақадар эъзозли эканини англаганман.
Аввал Бухоро давлат тиббиёт институти бакалавриат босқичида педиатрия йўналишини тамомладим, сўнг магистратура босқичида оториноларингология мутахассислигини танладим. 2025 йилда “Аллергик ринитни жигарнинг сурункали диффуз касалликлари билан кечганда даволаш тактикаси” мавзусидаги монографиям, бир неча ўқув-услубий қўлланмаларим чоп этилди. Жорий йилда эса “Соғлом миттивой” номли мобил иловам Интеллектуал мулк агентлиги томонидан патентланди. Илова орқали оналар 6 ойлик фарзандларини қўшимча озиқлантириш бўйича маслаҳатлар олади. Қайси маҳсулотларни, қандай миқдорда, қачон бериш керак, буларнинг барчасини ундан билиш мумкин.
Шунингдек, “Сурункали пиелонефрит билан касалланган болаларда ўткир отитнинг оториноларингологик ҳолатини баҳолаш” дастурий таъминоти учун ҳам патентга эга бўлдим. Бундан ташқари, АҚШ, Россия, Германия, Словения, Қозоғистонда ўтказилган халқаро анжуманларда ўз маъруза ва мақолаларим билан иштирок этганман. Бир қанча илмий мақолаларим юртимиз илмий журналларида, шунингдек, “Scopus” илмий-техник маълумотлар базасида индексланган халқаро илмий-электрон журналда чоп этилган.
Ҳаётдаги шиорим — “Мақсадларга эришиш учун ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди”. Буни ўз амалиётимда ҳам исботладим. Фарзандли бўлган кезларимда турмуш ташвишлари ва бола парвариши билан биргаликда мустақил равишда инглиз тилини ўзлаштириб, имтиҳон топширдим ва ўзим истаган натижа — IELTSда 7,5 балл олишга эришдим. Ёшлар учун 10 та модулдан иборат замонавий тренинг дастурини ишлаб чиқдим. Ҳозир уни таълим тизимига интеграция қилиш бўйича тавсиянома тайёрлаяпман.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Гуличеҳра ДУРДИЕВА тайёрлади.