Унга кўра, жойларда “Мустақиллик тўйлари” бошлаб юборилди. Ҳа, ҳозирги шукуҳли кунларда байрамона кайфиятда яшаяпмиз. Ҳуррият ҳақида, ватан озодлиги, шахс дахлсизлиги ҳақидаги гурунглар авж олиб, зиёлилар чиқишлар қиляпти. Бундай суҳбатлар инсонга кеча қай аҳволда бўлганию, бугунги ютуқларини эслатади. Ўзлигини англашга кўмак беради.
Одатда биз ўзлик, шахсият ҳақидаги гапларни жуда осон ифода этамиз. Аслида, бу жуда масъулиятли, катта аҳамиятга эга масаладир. Юрт мустақиллиги бир кунда амалга ошиши мумкин. Бунга тарихда етарлича далиллар бор. Аммо шахс мустақиллиги, эркинлиги йиллар давомида шаклланиб борадиган мураккаб жараёндир. Шу маънода, битта жамиятдаги шахслар мустақилликка турлича вақтда етиб келади. Биз ҳам ана шу жараённи бошдан кечирдик ва бугун ишонч билан айта оламизки, халқимиз том маънода мустақил бўлди!
Буни ишонч билан айтишимизга тўла асос бор, албатта. Биргина виждон эркинлиги орқали фикримизни далилласак. Шахс эркинлиги фикр, эътиқод эркинлигига боғлиқ. Инсон ўзини шахс сифатида тўла кўрсата олиши, орзу ва мақсадларига эришиши учун бу икки жиҳат жуда муҳим. Бунга ортиқча изоҳ бериш зарурати йўқ, назаримда.
Айни ўринда яна бир жиҳат. Яъни бир шахснинг эрки бошқаларнинг дахлсизлик чегарасига ўтмаслиги зарур. Бу борада инсонларни бирдек рози қилиш ниҳоятда нозик ва мураккаб иш. Айниқса, мамлакатимиздаги каби турли миллат ва элатлар яшайдиган жамиятда бу янада долзарблик касб этади. Икки ҳисса масъулият юклайди. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг ҳаётбахшлиги шундаки, шу мураккаб миссия ниҳоятда самарали бажарилмоқда. Бунинг учун бир неча жиҳатни, кенг кўламдаги ислоҳотларнинг муайян қисминигина эслаб ўтиш кифоя.
Мустақил бўлганимиздан кейин виждон эркинлиги Конституциямизда акс этди. Шунга қарамай, реал ҳаётда бу борада айрим масалалар халқимизни қийнаб келаётган эди. Масалан, шахс биргина хатоси сабаб “қора рўйхат”га тушиб қоларди. У жамиятдан бутунлай ажратиб ташланарди. Бундай шахслар бирор жойда ишлай олмасди ҳам. Ҳатто хусусий иш берувчилар тинчини ўйлаб, осонгина рад жавобини берарди. Ачинарлиси, бу рўйхатга гоҳида айбсиз айбдорлар ҳам қўшилиб қоларди. Бундай тушунмовчиликлар жамиятда ғамгинлик уйғотгани, халқаро майдонда мамлакат нуфузига салбий таъсир кўрсатгани бор гап.
Бунга ўхшаш рўйхатларнинг оқибати ҳақида эса аксариятимизда етарлича фактлар бор. Шу ўринда қулоққа чалинган мисоллардан бирини келтириб ўтсак. Адабиёт муҳиби бўлган акамиз Чорсу бозоридаги эски китоблар растасидан Аҳмад Яссавийнинг “Ҳикматлар”ини сотиб олади. Сўнг қўлидаги китоб билан метрога тушмоқчи бўлади. Табиийки, йўлини тўсган ходимлар китобни кўздан кечиради. Ундаги араб имлосини кўриб, акамизни сўроққа тутади. Яссавийни ҳам танимайдиган ёш ходимнинг муносабати сабаб икки ўртада тушунмовчилик келиб чиқади. Ниҳоят махсус хонадаги бир ярим соатлик баҳсдан сўнг акамизга рухсат берилади.
Мана шу ерда иккита муҳим факт бор.
Биринчиси, ёт ғояларга қарши курашишда фақат жазолаш йўли танланган эди. Бундай айбловлар билан маҳкамага тортилган шахсларга нисбатан оқлов деярли имконсиз ҳисобланарди. Оқибатда айбсиз айбдорлар умрини панжара ортида ўтказган ҳолатлар кузатилди. Адабиёт муҳиби бўлган акамиз каби қанчадан қанча инсонлар ноўрин тушунтириш ишларига тортилиб, бебаҳо вақти ва асабини йўқотар эди. Ҳолат шундай эдики, ҳатто масжидларда азон товуши ҳам ўчириб қўйилди. Бунинг сабабини сўраганлар шубҳа остидаги шахс сифатида тағин ўша “суҳбат”ларга жалб этиларди. Шу боис, уқувсизлик авж олиб, Аҳмад Яссавийдек улуғларнинг китобини кўрса ҳам лабига учуқ тошадиган қатлам пайдо бўлган эди.
Юртимизда маърифат кенг қулоч ёзгач, халқимиз оқ-қорани осонгина ажрата оладиган бўлиб бормоқда. Шу ўринда кейинги йиллардаги ижобий ўзгаришлар, шу жумладан ўтган 2025 йилда мамлакатимиздаги турли ташкилотлар томонидан диний-маърифий мазмундаги 1100 га яқин номдаги адабиётларни чоп этишга ижобий хулоса берилганлиги ҳам фикримизнинг тасдиғидир. Бу борада ҳам жуда катта янгиликлар кузатилмоқда. Айни жараёндаги очиқлик таъминланиб, жавоб бериш муддати тезлашиб, ижобий хулосалар кўпайди.
Бундай ўзгаришлар шу йўналишда илм қилаётган инсонлар учун ҳам, диний-маърифий адабиётларга эҳтиёжи бўлган юртдошларимиз учун ҳам жуда катта имконият, қулайлик яратди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида радикаллашувга қарши куч билан эмас, илм ва маърифат билан курашаётган намунали давлат сифатида эътироф этилди. Мамлакатимиз бошқалар ҳавас қиладиган катта илмий марказга айланди.
Иккинчиси, илгари қонун посбонларига халқимиз бировнинг боласидай қарар эди. Чунки “план” деган юклама қонун посбонлари елкасидан босиб турар, беихтиёр улар ўзини ҳар ёққа уриб кўришга, билиб билмасликка, тушуниб тушунмасликка олишга мажбур эди. Шу боис, жамиятда бегоналашув муҳити шаклланганди. Бунда жиноятларга қарши курашда энг оғир йўл танланиб, айбдорлар сафини имкон қадар кенгайтиришга қаратилганини тажрибадан кўрдик. Бу эса инсон ҳуқуқларини тўла кафолатлашни сўроқ остида қолдирарди.
Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси сабаб мана шундай қарашлар бутунлай ўзгарди. Инсон қадри учун бошланган ислоҳотлар, аввало, шахс мустақиллигига қаратилди. Жиноят учун адолатли жазо муқаррар этиб қўйилди. Айни пайтда инсонни тушуниш, унга имкон бериш амалиёти ҳам кенг жорий этилди.
Биргина мисол, диний оқимларга алоқадорликда гумонланиб, махсус ҳисобда турган 20 мингдан ортиқ фуқаро рўйхатдан чиқарилди ва жамиятга қайтарилди. Уларга ижтимоий ҳаётга қайтиш, иш топиш ва тадбиркорлик билан шуғулланиш учун тўлиқ шароит яратилди. Буни халқимиз жуда катта қувонч билан қарши олди. Негаки ўша 20 мингдан зиёд шахснинг атрофида яна ўнлаб қариндошлар, дўстлар ҳам ўзини “қора рўйхат”да тургандай ҳис этиб яшаётган эди. Очиғи, бугун ўша катта ўзгаришларни ҳар куни эслайвермаймиз. Ёдимизга тушганида ҳам, “Ҳа, шундай ишлар бўлган эди”, деймиз, холос.
Ўрни келганда яна бир мулоҳаза. Қонун посбонлари билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида. Илгари уларни узоқдан кўрсак, кўнгилга ҳадик ораларди. Улар ҳеч бўлмаганда “прописка” масаласида тўхтатиб, савол-жавоб қилиши мумкин эди-да. Бугун айрим ёшлар ўзи хатога йўл қўйиб, яна қонун посбонларини айбдор қилиб кўрсатишга уринмоқда. Телефонда тасвирга олиб, ҳолат ҳақида жар солса, ҳақ бўлиб қоламан деб ўйлайди гўё. Аслида, боболаримиз бизга ҳар бир неъматга доим шукрона келтириш керак деб сабоқ берган. Демак, бу ишларни нафақат эслашимиз, балки уларга муносиб бўлишга ҳаракат ҳам қилишимиз зарур.
Шу ўринда бағрикенглик сиёсати борасидаги яна бир муҳим жиҳатга тўхталсак. Турли ёлғон чақириқларга ишониб адашган ва оқибатда хорижий юртларда қийин шароитга тушиб қолган ватандошларимизга бағрикенглик қилинди. Давлатимиз раҳбари топшириғи ва бевосита назорати остида уларни мамлакатимизга қайтариш бўйича “Меҳр” инсонпарварлик операциялари амалга оширилди.
“Меҳр” операциялари доирасида ҳозиргача Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги қуролли можаролар ҳудудларидан 530 дан ортиқ фуқаро ватанга қайтарилди. Уларнинг қарийб 75 фоизини болалар ташкил этади. Бу операциялар эса кўплаб ривожланган давлатлар ўз фуқароларини қабул қилишдан бош тортган бир вақтда амалга оширилди. БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг бу тажрибасини “жаҳон ҳамжамияти учун намуна ва энг инсонпарвар модель” ўлароқ баҳоламоқда. Жуда кўп давлатлар адашган аёллар ва болаларни реабилитация қилишда айнан “Ўзбекистон тажрибаси”ни ўргана бошлади.
Ватанимизга қайтарилган юртдошларимиз эса Конституциямизда кафолатлангани каби, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси давлат ҳимоясида эканини теран ҳис этди. Шу боис, “Меҳр” операцияси орқали олиб келинган шахслар бундай бағрикенгликка жавобан тинч ҳаёт кечириб, ҳалол меҳнат қиляпти. Болалар билим олиб, ҳунар ўрганмоқда. Чин етим бўлиб қолган фарзандлар Меҳрибонлик уйларига жойлаштирилган. Уларнинг янги ҳаёти, дунёқараши яхши томонга ўзгарган.
Фуқароларнинг махсус ҳисобдан чиқарилишиёқ жамиятимизни бир бутун халқ, ягона ватан сифатида бирлаштирди. “Меҳр” операциялари эса буни янада мустаҳкамлади. Бу ишлар халқаро майдонда ҳам муносиб баҳоланиб, Ўзбекистон дунё рейтингларида ижобий кўрсаткичларга эришди. Нафақат эришдик, балки ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар сабаб дунё аҳлига халқимизга хос диний бағрикенгликни кенг тарғиб қилишга ҳақли эканимизни яна бир карра исботладик.
Аниқ фактларга ўтсак. БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил 19 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 72-сессиясида Президентимиз илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида
2018 йили Ташкилот Бош Ассамблеясининг навбатдаги ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Мазкур резолюциянинг асосий мақсади билан танишар экансиз, уч минг йиллик тарихга эга давлатчилигимиз асоси — илм-маърифатга катта эътибор берилганини кўрасиз. Айни пайтда янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида аждодлар меросидан қувват олиб, замонавий ривожланиш йўли танланганига ишончингиз комил бўлади. Яъни резолюциядаги асосий мақсад барча учун таълим олиш имкониятини тақдим этиш, саводсизлик ва билимсизликни бартараф этишдир. Ҳужжатда бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймасликка муҳим аҳамият қаратилган.
Бугун жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси турли кўринишларда авж олган. Айни пайтда турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилмоқда. Тарихдаги шу каби ҳолатларда аждодларимиз илм-маърифат билан жаҳолатга қарши чиққан, низоларга барҳам берган. Бунга ҳам тарихдан етарлича далиллар бор. Улардан бири сифатида Абу Мансур Мотуридий тутган йўлни мисол келтириш кифоя, назаримда. Демоқчи бўлганимиз, XXI асрда дунё яна шундай маърифий ғояга эҳтиёж сезаётган эди.
Ўзбекистон ушбу бўшлиқни тўлдирди — БМТнинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан, айниқса, аҳамиятлидир.
Айни йўналишдаги яна бир мега-лойиҳа — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига асос солинди. Лойиҳадан кўзланган мақсадлардан бири аждодларимиз тараннум этган маърифатни дунёга танитишдир. Марказга келган киши тарихимиз қанчалик бой ва серқирра эканига гувоҳ бўлади. Шунингдек, аждодларимиз закоси билан вужудга келган диний маърифат, виждон эркинлиги муҳити бугун энг ривожланган демократик давлатларга ҳам намуна бўла олади. Ҳа, марказ фақат халқимиз буюклигининг тимсолигина эмас, у дунёнинг илм-маърифат ядроси ҳамдир.
Ўзбекистон дунё аҳлига маърифат ва диний бағрикенгликни тарғиб этишга тўла маънавий ҳаққи бор мамлакатдир. Аввало, бу вазифани аждодларимиз доим юқори савияда уддалаб келган. Бугун ўша миссия муносиб тарзда давом эттирилмоқда. Биргина мисол, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшамоқда. Турли миллат ва дин вакилларининг ўз ибодатларини эмин-эркин адо этиши жамият барқарорлигининг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Юқорида таъкидлаганимиздек, бундай муҳитни шакллантириш, уни нафақат мунтазам ривожлантириш, балки сақлаб туришнинг ўзиёқ жуда мураккаб ва қийин вазифа. Мамлакатимизда эса бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилиб, кўрсаткичлар йил сайин ижобий томонга ўзгариб, ўсиб бормоқда.
Хусусан, 2025 йилда диний-маърифий соҳага оид 14 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Ушбу ҳужжатларни ишлаб чиқишда асосий эътибор фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Диний маърифатга илмсиз эришиб бўлмайди. Шу маънода диний таълим соҳаси ҳам тубдан ислоҳ қилингани энг катта ютуқларимиздан бири бўлди. Ўтган қисқа вақт ичида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Бундан ташқари, барча учун очиқ бўлган Қуръон курслари ташкил этилди.
2017 йилга қадар мамлакатимизда 3 та олий (1 та исломий, 2 та ноисломий) ҳамда 9 та ўрта махсус диний таълим муассасаси фаолият юритган, холос. Бугун эса 16 та диний таълим муассасаси бор. Уларнинг
6 таси олий ўқув юрти ҳисобланади. Уларда ёшларимиз улуғ аждодларга муносиб ворис бўлиш йўлида илм-маърифат олмоқда. Масалан, Марказий Осиёда ягона Ҳадис илми мактабига асос солингани халқимиз фахрига айланди.
Диний таълимда қабул квоталари кенгайтирилди, хотин-қизлар учун диний таълим олиш имкониятлари яхшиланди. Муҳими, барча диний таълим муассасаларининг ўқув-услубий, маънавий-маърифий, илмий йўналишлари тубдан қайта кўриб чиқилди. Ўқув дастурлари такомиллаштирилиб, янги фанлар киритилди. Мутахассислик фанлари бўйича янги авлод дарсликлари тайёрланди. Буларнинг барчаси Бош қонунимизда кўрсатилгани каби виждон эркинлиги кафолатларига хизмат қилмоқда. Зеро, илм-маърифат бўлган жойда зиддият, тушунмовчиликлар чекинади. Жамиятда бирдамлик, ўзаро ҳурмат шакллана боради. Бир бутун халқ, ягона ватан бўлиб яшаш сурури қалбларни тўлдиради!
Маърифат тарғиботининг энг самарали усули эзгулик улашишда намуна бўлишдир. Бир пайтда муқаддас ҳаж амалини бажариш ҳам анча мушкул эди. Ҳатто умра сафари учун муайян чекловлар ўрнатилганди. Мамлакатимиз учун ҳаж квоталари кескин кўпайтирилди. Масалан, 2016 йилда 5 мингдан кўпроқ юртдошимиз ушбу муқаддас амални бажариш имконига эга бўларди. Ўтган йиллар давомида кўрсаткич ошириб борилди ва ҳаж квотаси 15 мингтага етказилди.
Умра сафари учун квоталар бутунлай бекор қилиниб, соҳага хусусий сектор кириб келди. Муҳими, ҳожиларимиз энди динимизнинг битта аҳкомини бажарган шахсларгина эмас, балки жамиятнинг фаол аъзоси сифатида ватанга қайтмоқда. Яъни ўзбекистонлик ҳожилар ушбу эъзоз ва ҳурматга жавобан юртга қайтгач “маънавият тарғиботчиси” сифатида янги ва хайрли ташаббусларда бошқаларга намуна бўлмоқда. Бу ҳам Ўзбекистонда илм-маърифат тарғиботида ўзига хос йўл танланганини кўрсатмоқда.
Гап ҳаж амали ҳақида кетар экан, Президентимизнинг шу йил 20 майдаги “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини эслашимиз зарур. Ушбу ҳужжат “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғояни чуқур қарор топтиришга, инсонпарварлик, саховат, шукроналик ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатларни янада бойитишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Шу йил Рамазон ойида эҳтиёжманд ҳамюртларимизнинг ҳаётини янада яхшилаш, минглаб кўнгилларга қувонч олиб кириш мақсадида бир триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Бу маблағ имконияти чекланган юзлаб, минглаб беморларнинг жарроҳлик амалиётларига, уй-жойларини тиклашига, дилларини шод этишга сарфланди.
Бундай хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида муборак Қурбон ҳайити айёми арафасида давлатимиз раҳбари эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлаш юзасидан янги тақдимот билан танишиб, 690 миллиард сўм ажратилишини маъқуллади.
Халқимизга кўрсатилаётган бундай тизимли ғамхўрликлар доирасида ниҳоятда улкан мурувват тадбирлари ўтказилди. Хусусан, бу маблағлар ҳисобидан оғир хасталикларга чалинган 10 минг болада мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказиш белгиланди. Шунингдек, онкологик, гемотологик ва онкогемотологик ташхис қўйилган 2 мингдан зиёд беморни тиббий текширувдан ўтказиш, даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш ҳамда 300 дан ортиқ беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказиш харажатлари тўлиқ қоплаб бериш кўрсатилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум, шунингдек, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган қаҳрамонларимизнинг
8 мингдан зиёд фарзанди алоҳида эътиборга олиниб, уларнинг омонат ҳисобварақларига 200 доллар миқдорида пул ўтказиб берилди. Ушбу эзгу ишларнинг давоми сифатида ҳудудлардаги 500 та масжидда замонавий таҳоратхоналар қурилиши, таъмирланиши белгиланди, қабристонлар обод қилинди.
Ватан ва халқ манфаати йўлида сидқидилдан хизмат қилган меҳнат фахрийлари, уларнинг оила аъзолари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кам таъминланган оилалар вакилларидан иборат 100 нафар юртдошимиз илк бор “Президент ҳожиси” сифатида давлат томонидан ҳаж сафарига юборилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний бағрикенглик борасида туб ислоҳотлар кечди. Мақоламиз аввалида уларнинг ҳар бири ҳақида ҳеч бўлмаса битта фикр билан тўхталиб ўтишни ният қилган эдик. Аммо бу борадаги ислоҳотлар кўлами кенг бўлгани боис, бир-иккита янгиланишни қисман шарҳлаб бердик холос. Мана шунинг ўзиёқ ўтган қисқа даврда ҳаётимизда қанчалик катта ижобий ўзгаришлар кузатилганини исботлайди.
Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар бошланганида виждон эркинлиги борасида муайян саволлар қаршисида эдик. Уларнинг ҳар бири халқимиз қалбида гоҳ орзу, баъзан армон шаклида яшаб келаётганди. Диний бағрикенглик ва виждон эркинлиги соҳасидаги ислоҳотлар фақат қонунлар ёки халқаро анжуманлар билан чекланиб қолмади. Улар бевосита оддий инсонларнинг кундалик ҳаётидаги тўсиқларни олиб ташлашга ва узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган нозик муаммоларни ҳал қилишга қаратилди.
Натижада қисқа муддатдаги ислоҳотлар сабаб мамлакатимиз халқаро ташкилотлар ва ривожланган давлатларнинг кузатуви, махсус рўйхатларида ижобий кўрсаткичларга эришди. Ҳатто уларга намуна бўладиган замонавий ечимларни тақдим этадиган мамлакатга айланди. Муҳими, халқимизнинг орзулари ушалиб, армонларга барҳам берилди. Бундай қувончли, фараҳбахш туйғуни виждон эркинлигини тўла ҳис этиб, ўз эътиқодий қарашлари билан бемалол яшаётган кўп миллатли халқимизнинг юз-кўзидан билиб олиш мушкул эмас.
Ҳусниддин АҲМЕДОВ,
Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги
Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти директори, сиёсий фанлар доктори, профессор