Андижон давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи ходимлари томонидан Президентимизнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишида кўзда тутилган долзарб вазифаларни бажариш юзасидан бир қатор ишлар олиб бориляпти.

Хусусан, музей илмий ходимлари томонидан Россия Федерацияси кино ва фотоҳужжатлар архиви билан ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланиб, мазкур архивда сақланаётган, мамлакатимиз тарихига доир муҳим кинохроникалар музей ихтиёрига топширилмоқда.

Улар орасида андижонлик жадид, моҳир дипломат, давлат ва жамоат арбоби, совет ҳокимиятининг 1937-1938 йиллардаги мудҳиш “қатта қирғин” сиёсати қурбони Абдураҳим Юсуфзоданинг ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи, аввал кенг жамоатчиликка маълум бўлмаган 5 та кинохроника топиб ўрганилди ва илмий истеъмолга киритилди. Унда Бухоро халқ совет республикасининг Москвадаги мухтор вакиллиги биноси, мухтор вакил А.Юсуфзода, унинг турмуш ўртоғи Ойимчахон Юсуфзода, ўғли Фотиҳбек, бухоролик таниқли жамоат арбобларидан бўлган Сафо Жўрабоев, шунингдек, мухтор вакилликда фаолият кўрсатаётган бошқа ўзбек ходимларнинг дипломатик фаолияти акс этган.

Абдураҳим Юсуфзода аслида ким эди? У 1880 йили Андижонда таваллуд топган. 12 ёшида саводи чиққач, Андижондаги мадрасага қабул қилиниб, 3 йил араб тилини ўрганган. 1895 йил ўқишни давом эттириш учун Бухорога бориб, 15 йил ўқиган. Зеҳни ўткир, ақлу заковатли, ахлоқ-одобда ибратли Абдураҳим мадраса аҳли ҳурматини қозонди, мударрислар ишончи, эҳтиромига сазовор бўлди. Илм даргоҳини тамомлагандан сўнг мазкур мусулмон олий мактабида мударрислик қилди.

1912 йилдан Бухорода вужудга келган тараққийпарварларнинг яширин жамиятида ишлай бошлаган. 1917 йилгача Бухородаги Аёзбой мадрасасида талабаларни ўзбек, араб ва форс тилларига ўргатган. Бухорода юзага келган жадидчилик ҳаракати, ундан ўсиб чиқиб, амирлик салтанатини ларзага келтирган “Ёш бухороликлар” Бухорода амирлик тузумига барҳам беришда муҳим роль ўйнадилар. Илғор фикрловчи, араб, форс ва рус тилларининг моҳир билимдони сифатида ўша давр зиёлилари орасида катта мартабага эришган А.Юсуфзода “Ёш бухороликлар”нинг таниқли етакчиларидан бири бўлган.

А.Юсуфзода 1917 йил апрелда Бухорода бўлган машҳур намойишни бевосита ташкил этган ва унда қатнашганлардан эди. Беҳуда қон тўкилгани учун А.Юсуфзода ва бошқа вакиллар амир билан музокара учун қушбеги ҳузурига келадилар. Бироқ улар аркда ҳибсга олиниб, зиндонбанд этилади ва амир жаллодлари томонидан қаттиқ калтакланадилар.

1920 йил 29 августда А.Юсуфзода, Бешим Сардоров ва Ҳасан Алиевдан иборат Чоржўй инқилобий қўмитаси тузилди. А.Юсуфзода шу йил Чоржўйда бўлган Бухоро Компартиясининг 4-қурултойида фаол қатнашади. БХСР ташкил бўлгандан сўнг у хукумат аъзоси — ер-сув ишлари халқ нозири этиб сайланди. Бу нозирликда 3 ой давомида фаолият кўрсатгач, дипломатия хизматига сафарбар қилинган. Дастлаб 1921-1922 йилларда БХСРнинг Афғонистондаги мухтор вакили бўлиб ишлаган. Кобулга бориш жараёнини эсдаликларида ёзиб қолдирган.

 А.Юсуфзода Кобулда элчи бўлиб турган даврда сиёсий аҳвол ниҳоятда оғир эди. Афғонистонда Бухоро жумҳуриятига қарши кураш олиб борувчи турли кучлар мавжуд эди. У бир неча бор Афғонистон амири Омонуллохон билан учрашиб, икки ўртадаги муносабатлар ҳақида мулоқот қилган ва БХСРнинг ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланишига эришган.

А.Юсуфзода 1922 йил июнида Бухорога қайтиб келади. У БХСР ҳукумати бошлиғи Файзулла Хўжаевнинг шахсан таклифи билан адлия нозири этиб тайинланади. У мазкур лавозимда БХСРда адлия тизимини, қозилик ва судлов идораларини ислоҳ қилишда катта хизмат кўрсатди. Бироқ совет ҳукумати томонидан бу хизматлар “социалистик ривожланиш йўлига қарши” деб эълон қилиниб, уларнинг қатъий талаби билан А.Юсуфзода ўз лавозимидан қуйироқ лавозимга ўтказилади.

1923 йил апрелидан 1924 йилнинг 12 мартигача А.Юсуфзода БХСРнинг Москвадаги мухтор вакили бўлиб фаолият кўрсатади. Элчилик фаолияти даврида у Бухоро республикасининг ижтимоий-иқтисодий, маданий тараққиётига кўп куч сарфлаган, РСФСР ва СССР билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйган. Унинг ҳаракати туфайли Москва шаҳри Красная Пресня райони БХСР билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиб, делегациялар алмашган.

Абдураҳим Юсуфзода 1924 йил бошларида Москвада рус ва ўзбек тилида “Бухарская жизнь” (“Бухоро ҳаёти”) журнали очиб, ўзи муҳаррирлик қилган. Журнал саҳифасида Бухоро ва унинг тарихи, тақдири, истиқболи ҳақида кўплаб мақолалар чоп этилганки, улар ҳозир ҳам илмий аҳамиятга молик.

Мухтор вакил А.Юсуфзоданинг ташаббуси ва бевосита иштироки билан БХСР Маориф нозирлиги ва “Севзапкино” ташкилоти ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланиб, 1924 йил 12 апрелда Ўзбекистондаги илк киностудия — “Бухоро-Рус киножамияти” (“Бухкино”) ташкил этилади. Ўрта Осиёдаги илк бадиий кинофильм — “Ўлим минораси” суратга олинган.

Шу билан бирга, Бухорои шарифнинг тарихий ёдгорликларини таъмирлаш ғояси ва амалиёти 1924 йилдаёқ Файзулла Хўжаев билан Абдураҳим Юсуфзода томонидан бошланган эди. Абдураҳим Юсуфзода бу масала билан Москвада туриб ҳам фаол шуғулланган.

Файзулла Хўжаев ва Абдураҳим Юсуфзода ташаббусига кўра, машҳур меъмор, профессор М.Я.Гинзбург билан тузилган шартномага мувофиқ, олим ходимлари билан Бухорога келиб, қуйидаги вазифаларни бажариши кўрсатилган эди: Бухоро Халқ Совет Республикасининг тарихий ва санъат ёдгорликларини тадқиқ этиш ва илмий рўйхатга олиш, вайрон бўлган ва бўлаётган ёдгорликларга нисбатан шошилинч таъмирлаш чораларини кўриш учун режа ва лойиҳа ишлаб чиқиш, уларнинг бажарилишини кузатиш, муҳим ёдгорликларни илмий жиҳатдан ўлчаб, расмга олиш, Бухорода бадиий ва бадиий-ҳунармандлик музейи ташкил этиш, бунинг учун смета тузиб, ҳукумат тасдиғидан ўтказиш.

Мазкур шартноманинг 1–4-бандларини амалга ошириш учун Гинзбург Бухорога 2-3 ой муддатга келиши, кейинчалик агар Бухоро ҳукумати бу ишни мунтазам олиб боришни лозим кўрса, йилига бир мартадан кўпроқ келиб, иш юзасидан назорат олиб бориши мумкин бўлади.

Гинзбург ҳамкасблари билан Бухорога келади, тарихий ёдгорликлар билан яқиндан танишади, ўрганади, таъмирлов ишларини бошлаб юборади. Бухоро ҳукумати раиси Файзулла Хўжаевга маъруза хати билан мурожаат қилади. Унда Халқ маорифи нозирлиги, тарихий ва санъат ёдгорликларини муҳофаза қилиш ҳайъати билан келишилган ҳолда эски Бухородаги ноёб тарихий обидаларни муҳофазалаш бўйича 3 ходимдан иборат доимий ҳайъат ташкил этиш, кўзланган мақсадга эришиш учун ҳар йили 3–4 ой муддатга 5 нафар тажрибали, ишчан мутахассисдан иборат махсус ишчи гуруҳ Бухорога келиб, бу мураккаб ва масъулиятли иш билан шуғулланиши мақсадга мувофиқлиги кўрсатилади.

Биринчи навбатда, таъмирга ниҳоятда муҳтож бўлган Султон Исмоил масжиди, Улуғбек мадрасаси, Абдулазиз жомеъ масжиди, Кўкалдош мадрасаси каби 17 та тарихий обидани таъмирлашга киришилади. Бу борада талайгина ибратли ишлар қилинади. Аммо 1924-25 йилларда Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилгач, бу хайрли ишлар тўхтаб қолади.

51 ёшида А.Юсуфзоданинг саломатлиги ёмонлашиб, ногирон бўлиб қолади. ЎзССР ХКС раиси Файзулла Хўжаевнинг саъй-ҳаракатлари билан нафақа тайинланган А.Юсуфзода 1936 йил 22 майда Самарқанд шаҳрида НКВД ходимлари томонидан ҳибсга олинади. Унга нисбатан туҳмат ва бўхтонлардан иборат айблов эълон қилиниб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилади. Аммо 1937-1938 йиллардаги “катта қирғин” жараёнида унга нисбатан қайтадан жиноят иши очилиб, 1937 йил 11 апрелдан 14 октябрга қадар НКВДнинг махсус камераларида бир неча бор сурункасига тергов қилинади. Тергов баённомаларини кўздан кечирган ҳар бир инсоннинг вужудини титроқ босади, руҳан азобга тушади, қаттол тузумга нафрати ортади. Маҳбус А.Юсуфзода “Миллий иттиҳод” номли аксилинқилобий, миллатчи ташкилотга мансубликда айбланган. У оғир бетоблигига қарамай, терговчининг саволларига жавоб беришга мажбур қилинади. ЎзССР НКВД ҳузуридаги “учлик”нинг 1937 йил 14 октябрдаги қарори билан Ўзбекистондаги аксилинқилобий ташкилотлардаги иштироки ва советларга қарши иши учун 13 нафар ўзбек фарзанди отувга ҳукм қилинди. Ҳукм 1937 йил 25 октябрда ижро этилди. Уларнинг бири Андижон фарзанди Абдураҳим Юсуфзода эди.

Орадан 28 йил ўтиб, 1965 йил 22 сентябрда мудҳиш “учлик”нинг 1937 йил 14 октябрдаги ҳукми бекор қилинади. Абдураҳим Юсуфзода қонуний йўл билан оқланди.

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,

тарих фанлари доктоир, профессор,

Азизбек МАҲКАМОВ,

Андижон давлат университети тузилмасидаги

 Қатағон қурбонлари хотираси музейи катта илмий ходими