Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консуллигининг Telegram саҳифасидаги баёнотига кўра, баъзи оммавий ахборот воситаларида 16 ва 30 июль кунлари «Turkish Airlines» авиакомпанияси томонидан ташкил этилган чартер рейсда жами 42 ўзбекистонлик йўловчи парвоздан қолиб кетгани ҳақидаги хабар юзасидан қуйидагилар маълум бўлди.
Унга кўра, 16 июлда қолиб кетган 12 фуқаро парвоз учун шакллантирилган рўйхатдан жой олмаган, «Turkish Airlines» авиакомпанияси ўз регламентига мувофиқ, парвозгача 1,5 соат вақт қолганда келмаган йўловчиларнинг ўрнига тегишли билетларни рўйхатда мавжуд бўлмаган бошқа йўловчиларга сотган. Лекин афсуски, рўйхатда бўлмагани ҳолда билет сотиб олган фуқаролар чегарадан ўтиш жараёнида Туркия ҳудудида бўлиш қонун-қоидаларини бузганлиги аниқланган ва тегишли маъмурий чоралар кўрилган. Бунинг натижасида улар тегишли чартер парвозига ўз вақтида етиб ололмаган. Тартибга мувофиқ самолёт белгиланган вақтда Тошкентга учиб кетган.
Юқоридагига ўхшаш ҳолат 30 июлдаги парвоз вақтида ҳам кузатилган. Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтмоқчимизки, Бош консуллик вакиллари 16 июлдаги парвоздан қолиб кетган фуқароларимизга тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдамни бериб, уларни мамлакатга қайтариш чораларини кўрмоқда. Ҳозирда 30 июлдаги парвоздан қолиб кетган фуқароларимиз билан ҳам алоқа ўрнатилган бўлиб, яқин кунлардаги чартер рейсларида уларнинг ҳам мамлакатимизга қайтарилиши таъминланади».