Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси Баҳодир БЕГАЛОВ билан суҳбатда асосий эътибор ушбу тадбирни ўтказишнинг мақсад-моҳияти, ҳуқуқий асослари, тўпланган маълумотларнинг аҳамиятли жиҳатларига қаратилди.
— Бу тадбир 2023 йилда умумдавлат миқёсида ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўришнинг асосий босқичи ҳисобланади, — дейди Баҳодир БЕГАЛОВ. — Бу жараёнда аҳолини рўйхатга олишга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, услубий қўлланмалар, рўйхатга олиш дастури, саволнома, бирламчи маълумотларни киритиш ва қайта ишлаш бўйича ахборот тизими амалий синовдан ўтказилади. Унда қанча кўп респондент (аҳоли) иштирок этса, шунча кўп маълумот тўплаш, тадбир давомида йўл қўйилган камчиликларни аниқлаш ва тузатиш имкони туғилади. Шу билан бирга, аҳоли тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва қайта ишлашга жалб қилинган ходимларлар сони, улар иш ҳажмининг оптимал меъёрлари, аҳолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги бўйича назорат тадбирларини амалга ошириш бўйича хулосалар ишлаб чиқилади. Пировардида мамлакатимиз миқиёсида аҳолини рўйхатга олиш бўйича 2023 йилда ўтказиладиган асосий тадбирнинг сифатли ва самарали ташкил этилиши таъминланади.
Дунёдаги ҳар бир мамлакат, ўзининг аҳолиси ва унинг яшаш ҳолати бўйича ишончли маълумотга эга бўлиш мақсадида мунтазам равишда рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиб келади. Кўпчилик давлатларда бу жараён ҳар ўн йилда амалга оширилади. Аслида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам ана шундай муддатни маъқбул деб ҳисоблайди. Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, юртимизда ҳам ҳар ўн йилда камида бир марта аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш белгиланган.
Мамлакатимиз мустақиллика эришгандан буён илк бор ташкил этилаётган ушбу амалиёт Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2023 йил 1–25 ноябрь кунлари ўтказилиши белгиланган. Унга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида айни пайтда тўртта ҳудудда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказиляпти.
—Табиийки, бу жараён пухта ҳозирликни ва иштирок этаётган ходимлардан муайян малакани тақозо этади?
— Мазкур тадбирни ўтказишнинг энг муҳим босқичларидан бири, бу — шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг хариталари жойига чиқиб ўрганиш ва аҳоли сонига аниқлик киритган ҳолда, хонадонлар рўйхатини янгилаш ҳисобланади. Бу ишлар учун уй-жойлар рўйхатини тузувчилар (регистраторлар) фуқаролик-ҳуқуқий шаклдаги шартнома асосида вақтинча ишга жалб этилади. Шу мақсадда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши белгиланган шаҳар ва туманларда 175 нафар рўйхат тузувчи жойлардаги статистика, кадастр, уй-жой коммунал хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда маҳалла органлари ходимлари орасидан танлаб олиниб, жорий йилнинг 28–30 апрель кунлари махсус дастур асосида ўқитилди ва танланма равишда маҳаллаларга чиққан ҳолда амалий кўникмалари оширилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 3 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Давлат статистика қўмитаси марказий аппаратида 17 та ҳамда 14 та ҳудудий статистика бошқармасида жами 48 та штат бирлигидан иборат Рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш бўлимлари ташкил этилди.
Бугунги кунга қадар қўмитамиз томонидан халқаро экспертларнинг тавсиялари асосида аҳолини рўйхатга олиш масалаларига оид 15 дан ортиқ услубий қўлланма ишлаб чиқилиб, ҳудудий комиссияларга юборилди. Тайёргарлик ишларини кенг ёритиб бориш мақсадида расмий веб-сайт (aholi.stat.uz) ишга туширилди. Унга жараёнга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, услубий қўлланмалар, нашрлар, фото ва видеолавҳалар жойлаштириб борилмоқда.
2021 йил май ойида тўрт ҳудудда уй-жойлар рўйхати тузиб чиқилди, аҳоли ва хонадонлар сонига аниқлик киритилиб, янгиланди. Шу асосида ҳудудларнинг ташкилий режалари ишлаб чиқилди ва 50 та рўйхатга олиш участкаси ташкил этилди. Тадбирни сифатли ўтказиш учун 1885 нафар шахс вақтинча шартнома асосида жалб этилган. Уларнинг 100 нафари рўйхатга олиш участкаларида ишлаяпти, 254 нафари инструктор, 254 нафари стационар ва 1277 нафари уйма-уй юриб рўйхатга олувчи ходим ҳисобланади.
— Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш қандай тартибда олиб борилади?
— Кечадан бошлаб Андижон вилоятининг Хўжаобод, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманларида ва Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида бу амалиёт бошланди. Тадбир қуйидаги босқичларни қамраб олган:
1–5 ноябрь кунлари — Интернет тармоғидаги махсус ахборот тизими (census.stat.uz) орқали аҳоли рўйхатга олинади Бу жараёнда мамлакатимизда истиқомат қилувчи ҳар бир фуқаро қатнашиб, ўз таклиф ва фикрларини билдиришлари мумкин. Бу, ўз навбатида, 2023 йилда ўтказиладиган асосий тадбирни сифатли ташкил этишда инобатга олинади.
6–10 ноябрь кунлари — Интернет орқали рўйхатдан ўтган респондентлар ва уларнинг уй манзиллари рўйхати шакллантирилади.
11–22 ноябрь кунлари — рўйхатга олувчилар уйма-уй юриб аҳолини рўйхатга олади.
23–25 ноябрь кунлари — ҳар бир ҳисоб участкасидаги уй-жой манзилларининг 10 фоизи танланиб назорат кузатуви асосида қайта ўрганилади.
Рўйхатга олиш жараёнларида агар респондент яшаб турган хонадонида (жойида) рўйхатдан ўтишни истамаса, бунинг учун унга участкада имконият яратилган. Улар томонидан тақдим этилган маълумотлар ошкор этилмайди ва махфийлиги кафолатланади.
Синов тариқасида ўтказилган тадбир якунларидан келиб чиққан ҳода, 2022 йил 1 июнига қадар 2023 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш дастури, методик қўлланмалар ва норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда маълумотларни қайта ишлаш усулларини шакллантириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.
Икки йилдан кейин ўтказиладиган асосий тадбирда эса, аҳолининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби (барча аҳоли пунктлари бўйича), оилавий аҳволи, маълумоти, касби, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, бандлиги ва ишсизлиги, даромад манбалари каби йўналишлар бўйича батафсил маълумот тўпланади. Бу маълумотлар келгуси 10–20 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқиш учун ишончли пойдевор яратади. Чунки, улар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли тайёрланишида холис ва аниқ ахборот манбаи вазифасини ўтайди.
Шу билан бирга, холис ва шаффоф маълумотлар хорижий инвесторларни мамлакатимизга кенгроқ жалб қилишда, инвестициявий муҳитни яхшилашда, туризм салоҳиятини оширишда ҳам муҳим ўрин тутади. Буларнинг барчаси пировард натижада мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалишига, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Абдурауф Қоржовов,
“Янги Ўзбекистон” мухбири