Унга кўра, ҳафтанинг катта қисмида Ўзбекистон ҳудуди бўйича об-ҳаво юқори барик ўркач ривожланиши ва Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши билан белгиланади.
Ҳаво ҳарорати кундан-кунга кўтарилади. Ҳудуднинг катта қисмида иссиқ об-ҳавонинг чўққиси ҳафтанинг ўрталарига тўғри келади. 12-13 июль кунлари кундузги ҳаво ҳарорати 40-42° гача, жанубда ва чўл ҳудудларда 43-45° гача кўтарилади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг шимолида 11-12 июль кунлари энг юқори ҳарорат 43-45° бўлиши кутилмоқда.
Кучли иссиқ қисқа муддат кузатилади. 13 июлда Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида, 14 июлда республиканинг барча ҳудудларида атмосферадаги жанубий оқимлар ғарбий оқимларга ўзгаради ва ҳаво ҳарорати 33-38° гача, жанубда 40° гача пасаяди. Бундай ҳарорат фони дам олиш кунларида ҳам сақланиб туради.
Ушбу ҳафта давомида республиканинг барча ҳудудлари бўйича ҳаво кам булутли ва асосан қуруқ бўлиши кутилмоқда.
10-12 июлда шимолда ва чўл ҳудудларда, 13-14 июль кунлари республика бўйича шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.
Пойтахтимизда: 10-14 июль кунлари асосан кам булутли об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол тезлиги асосан кучсиз бўлади, 14 июлда 10-12 м/с гача кучайиши мумкин. Бугун кундуз куни ҳарорат 37-39° бўлади, 11-13 июлда ҳарорат аста-секин кўтарилади ва 12-13 июль кунларига келиб 39-42° гача, 14 июлда 36-38° бўлади.