Унга кўра, республика бўйича тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, сув танқис, ер ости сувлари 30 метрдан пастда жойлашган фойдаланилмаётган захира майдонларда ҳамда ўрмон фондининг сув танқис ёки тупроғи шўр бўлган ерларида синов тариқасида 2020–2024 йилларда павловния дарахти плантациялари ташкил этилади. Қарор билан плантацияларни барпо этиш ҳамда унинг учун талаб қилинадиган кўчатлар миқдорининг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари талабгорларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ёки қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз бўлган ерлар ёхуд қишлоқ хўжалигининг сифати ёмон ерлари ҳамда ўрмон фондига қарашли ерлардан – ўрмон билан қопланмаган ер участкалари павловния етиштириш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилишини таъминлайди. Ёғоч ва ёғоч қириндили хомашё ишлаб чиқаришни етарли хомашё билан таъминлаш, мебель ва пеллет ишлаб чиқариш саноати самарадорлигини ошириш мақсадида павловния плантацияларини барпо этиш учун ҳар бир лойиҳага 100 гектардан кам бўлмаган ер майдони ажратилади.