Ойбек Қосимов сафар давомида даставвал РОҚ Бош директори Владимир Сенглеев билан учрашди. Суҳбат давомида терма жамоаларимизни ҳам ёзги, ҳам қишки Олимпия ўйинларига тайёрлаш борасида ҳамкорликни янада чуқур йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Сентябрь ойида МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари Олимпия қўмиталарининг навбатдаги форуми ўтказилиши режалаштирилган. Ташриф давомида мазкур тадбирни Ўзбекистонда ташкил қилиш орқали унга хорижлик мартабали меҳмонлар ва расмий шахсларни юртимизга таклиф қилиш бўйича ижобий келишувга эришилди. Музокарада томонлар бўлажак форум дастурини унинг доимий координатори Юрий Юрев шакллантириши борасида келишиб олди. Шунингдек, россиялик мутахассис МОҚ раҳбарларининг Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтадиган саммитини молиявий қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилиш учун ХОҚнинг Олимпия бирдамлиги лойиҳаси билан музокара олиб боради.

Ойбек Қосимов Россия Қишки спорт турлари ассоциацияси раиси Владимир Кожин билан учрашув давомида Ўзбекистон томонининг юртимизда қишки спорт турларини ривожлантириш билан жиддий шуғулланиш ниятида эканлиги, бунинг учун ҳукуматимиз томонидан катта эътибор қаратилаётганини маълум қилди. Бу борада авваламбор, хоккей, шорт-трек, фигурали учиш ва тоғ чанғиси спорт турларини ривожлантириш режалаштирилмоқда. Маълумки, 2025 йил Ўзбекистонда ёшлар Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Мусобақага тайёргарлик жараёнида кўп тармоқли спорт иншоотларини қуриш дастури ишлаб чиқилган.

Россиялик мутасаддилар қишки спорт турларини мамлакатимизда ривожлантириш бўйича ўзбекистонлик мураббийлар ва мутахассислар билан тажриба алмашиш, кенг қамровли амалиётни ташкил етиш, вакилларимизни Россия Халқаро Олимпия университетида ўқитиш орқали ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирдилар. Дўстона ўтган учрашув якунида Ойбек Қосимов мутасаддиларга самимий қабул учун ташаккур айтиб, ўзаро совға алмашишди.