Яқинда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Қўшма штатларга хизмат сафари чоғида худди шу йўналишда Американинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган эди. Мана, орадан саноқли ҳафталар ўтиб эришилган ушбу муҳим келишувлар ўз амалий натижасини бера бошлади. Хусусан, АҚШнинг Пенсильвания штати, Филадельфия шаҳрида жойлашган Темпл университети клиникаси ҳамкорлик учун ўз эшикларини очди.

Юқори рейтинг кўрсаткичлари, 125 йиллик тажриба ва 750 ўрин-жойга эга ушбу йирик ҳамда нуфузли муассаса онкоурология йўналишидаги инновацион муолажа усуллари билан машҳур. Хусусан, бу ерда юқорида сўз юритганимиз робот-жарроҳлардан 8 таси мавжуд. Улар ёрдамида кунига 10-15 та мураккаб операция муваффақиятли бажарилмоқда.

Аслида, мазкур технология Ўзбекистон учун ҳам янгилик эмас. Ўтган йили Корея Республикасининг “Meere” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган "Revo-i" русумли робот-хирург илк бор мамлакатимизга олиб келиниб, пойтахтимиздаги “Shox International Hospital”га ўрнатилган эди. Орадан 9 ойга яқин вақт ўтиб, нафақат юртимиз, балки Марказий Осиёда ҳам ноёб бўлган ушбу робот-жарроҳ орқали 84 нафар бемор инновацион усулда оғир дарддан халос бўлди.

Мамлакатимиз тиббиёти тарихида илк бор “темир шифокор” ёрдамидаги операцияларни бошлаб берган ва мазкур технологияга операторлик қилган онкохирург Зарифхўжа Баҳодирхонов ҳозир АҚШнинг Филадельфия шаҳрида. У Темпл университети клиникаси таклифига биноан ушбу тиббиёт муассасасида давлат ҳисобидан малака оширмоқда. Мутахассис замонавий хирургик технологиялар бўйича шу пайтгача Италия, Германия, Хитой ва Туркиянинг нуфузли клиникаларида тажриба орттирган. Қолаверса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида айнан "Revo-i" робот технологияси бўйича Кореяда икки марта билим ва маҳоратини бойитиб қайтган.

— Роботнинг жарроҳлик асбоблари кичик ўлчамли бўлиб, инсон қўлига қараганда анча катта диапазонда эгилиб, айлана олади, — дейди Зарифхўжа Баҳодирхонов. — У орқали бажариладиган онкологик амалиётлар ўсимта яна такрорланмаслиги учун уни бутунлай олиб ташлаши, асаб тугунларига ва бемор ҳаёти учун муҳим бўлган бошқа органларга таъсир қилмаслиги, минимал қон йўқотиш билан кечиши, беморнинг амалиётдан кейинги тикланиши ҳамда буткул соғайишини тезлаштириши билан катта аҳамиятга эга.

Мутахассис хулосасига кўра, Ўзбекистонда роботохирургиянинг тараққий этиши икки омилга боғлиқ. Биринчиси — технологияни бошқара оладиган мутахассислар тайёрлаш бўлса, иккинчиси — мамлакатимиз тиббиётида роботлар сонини орттириш. Бу борада дастлабки қадам ташланган.

Эндиги вазифа — робот билан бирга операция қилувчи кўп сонли хирурглар захирасини шакллантириш. Шунда бу инновацион технология онкология ва онкоурология йўналишларидагина эмас, миллий тиббиётимизнинг барча жабҳаларида фаол қўлланила бошлайди. Бу соҳада АҚШнинг Темпл университети клиникаси — муносиб ҳамкор. З.Баҳодирхонов бунга изоҳ берар экан, мазкур муассасадаги деярли барча мураккаб операциялар робот-хирург ёрдамида бажарилишини маълум қилди.

Яна бир эътиборли жиҳати, университет клиникасида бундай кам инвазив муолажа усулини бошдан ўтказган беморларга операциядан 1 кун ўтиб, уйга жавоб берилар экан. Кам ҳолларда бу муддат 2-3 кунга чўзилиши мумкин. Муассасадаги илғор тажрибани ўрганиш учун 87 та савол тайёрлаб келган эдим, — дейди мутахассис. — Ҳозиргача улардан 60 тасига жавоб топдим. Малака ошириш курси якунигача қолган саволлар бўйича ҳам кенг маълумотларга эга бўлишга ишончим комил.

Темпл университети клиникаси профессорлари Ўзбекистон тиббиётида робот технологиясидан фойдаланила бошлагани ва бу йўналишда бажарилаётган операциялардан яхши хабардор экан. Шу боис юртимизда қисқа муддатда эришилган ютуқлар ҳақида жамоадошлари учун тақдимот ўтказиб беришни сўрашди ва бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни юқори баҳолашди.

 Сафар якунида Темпл университети клиникаси билан робот-хирург технологиясини Ўзбекистонда кенг оммалаштириш учун ҳамкорлик меморандумини имзолашни режалаштирганмиз. Бу келишув доирасида шифокорларимиз йилига 1-2 марта АҚШга бориб, малака ошириш имконига эга бўлади.

Қолаверса, шу йил сентябрь ойида клиника профессорлари юртимизга келиб, иш тажрибамиз билан яқиндан танишишга, ўз навбатида ўзбекистонлик ҳамкасблари учун маҳорат дарслари ўтказишга тайёр эканлигини маълум қилди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати