Бугун мамлакатимизда ҳар бир соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, жамиятдаги долзарб муаммоларни бартараф этиш борасидаги ишлар жадал олиб борилмоқда, ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши ва таълим-тарбия олиши учун шарт-шароит яратилмоқда. Ўзбекистонда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб халқимизнинг асрлар давомида интилиб келган орзу-мақсадлари ва замон талабларини, дунёвий тараққиёт мезонларини ҳисобга олган ҳолда, жамият ҳаётида ёшлар масаласига ва уларнинг ҳар томонлама ривожланишига алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимиз Шавкат Миромонович 2016 йилда муваққат Президент бўлган пайтларида биринчи бўлиб имзо чеккан ва тасдиқлаган ҳужжат, айнан “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун эди. Бу эса давлатимиз раҳбарининг сиёсати айнан ёшлар масаласидан бошланганини билдиради. Қолаверса, 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Президент фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди ва юртимизда 30 июнь — “Ёшлар куни” деб эълон қилинди.

Бугун юртимизда ёшлар сони 19 миллиондан ошиқ бўлиб, аҳолимизнинг катта қисмини ташкил этмоқда. Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ҳамда бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Ўтган йилнинг ўзидаёқ, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 47 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та Фармони, 10 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 32 та қарор ва фармойиши). Ушбу ҳужжатлар асосида ёшлар учун жорий этилган 44 та имтиёз ва қулайликлар “Ёшлар портали”га киритилиб, бир қатор амалий натижаларга эришилди.[1] Қолаверса, 2017 йили БМТ Бош ассамблеясининг 72 сессиясида Президентимиз томонидан айни даврда инсоният тарихидаги энг кўп ёшлар қатлами билан яшаётганимизни инобатга олган ҳолда, “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги  БМТ конвенциясини қабул қилиш” таклифи илгари сурилгани ҳам халқаро ҳамжамият томонидан илиқ қаршиланди. Жумладан, ушбу анжуманда давлатимиз раҳбари “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат” – деб таъкидлаб ўтдилар.     

Маълумки, 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб номланди. Президентимиз парламентга Мурожаатномасида ёшларни бир неча бор тилга олиб, уларни қўллаб-қувватлаш борасида катта ишлар қилинишини таъкидладилар ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган амалий ишлар амалга оширилмоқда, деб ишонч билан айтиш мумкин. Бу йилги ўзгаришларнинг ўзига хос жиҳати ёшларга давлат томонидан кўмак ва қўллаб-қувватлашни таъминлайдиган янги узлуксиз ва яхлит тизимнинг жорий этилиши бўлади. Бу тизим йигит-қизларни замонавий, талабчан касбларга ўқитиш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, аҳолини иш ва уй-жой билан таъминлаш, кафолатланган ижтимоий ҳимоя билан таъминлашни ўз ичига олади.    

Дарҳақиқат, сўнгги 5 йил ичида, ушбу ишлар самарасини ҳар биримиз кундалик ҳаётимизда гувоҳ бўлмоқдамиз. Айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бўлган эътибор йилдан йил сайин ортиб бормоқда. Биргина «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» рўйхати бўйича берилаётган имтиёз ҳамда кўмакларни мисол қилсак ҳам бўлади. Шу пайтгача аҳолини ёрдамга муҳтож қатламига бу қадар эътибор берилмагани ва уларнинг мавжуд муаммолари ўрганилмаганлигини барчамиз яхши биламиз. Ёрдам тўлови, бизнес ва тадбиркорлик учун имтиёзли кредитлар ажратилиши, ҳайдовчиликни ўрганиш учун ва муддатли ҳарбий хизмат тўловларининг давлат томонидан қоплаб берилиши ёшларга чин маънода катта ёрдам бермоқда. Минглаб ёшларга ҳар томонлама кўмак берилмоқда.

Уларни қийнаётган муаммолар ўрганилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенат ҳузурида Ёшлар парламенти институти ташкил этилди. Ушбу платформа шубҳасиз ёшларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга ва уларнинг ўз муаммолари ҳамда манфаатларини ифода этишга ёрдам беради. Қисқа фурсат ичида айниқса, таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳотларни алоҳида эътироф этиш лозим. Хусусан, мактабгача таълим вазирлигининг ташкил этилиши, Олий таълим тизимида яна 80 дан ортиқ янги олий ўқув юртлари ташкил этилиши ва уларга қабул қилиниш тизимидаги ўзгаришлар, талаба бўлиш учун мавжуд имкониятларнинг кенгайганлиги, аҳоли ўртача даромадининг ўсиши ва ҳоказоларни санашимиз мумкин.

Жорий йилдан мамлакатимиз хотин-қизларининг магистратура босқичида таҳсил олишлари учун алоҳида грант ўринларининг яратилишини ҳам алоҳида таъкидлашимиз лозим. Қолаверса илк маротаба ҳар бир хорижий таълим муассасаси филиалларида давлат гранти ҳисобига бепул таълим олиш имконияти йўлга қўйилди. Албатта, ушбу жараёнлар ўз-ўзидан содир бўлмайди. Унинг ортида давлат ва ҳукумат хизматчиларининг катта меҳнати ва машаққати турибди.

Маънавий-маърифий соҳага алоҳида эътибор берилмоқда. Шунингдек, мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим даргоҳларида ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада барча Олий таълим муассасалари, Маҳалла фуқаролари йиғинлари ва бошқа бир нечта ташкилотлар билан ҳамкорликда турли чора-тадбирлар кўрилди. Шу жумладан, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ёшлар масаласида алоҳида чора-тадбирлар ва дастурларни амалга оширди. Чилонзор туманида жойлашган  126, 200, 217, 163, 195А, 232-сонли мактаб ўқувчилари ҳамда “Дўмбиробод”, “Катта дўмбиробод” ва “Наққошлик” МФЙ ёшлари учун институт томонидан 5 муҳим ташаббус доирасида 12 хил тўгараклар, турли хил беллашувлар, спорт мусобақалари ва интеллектуал тадбирлар ташкил этилди. Институтимиз бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш ниятида.

Халқимиз фаровонлиги, юртимизни янада ривожлантиришдан келиб чиқиб, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосида ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида, аҳолининг фикр ва таклифлари асосида 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Тараққиёт стратегияси” ишлаб чиқилди. 7 та устувор йўналиш ва 100 та мақсаддан иборат “Тараққиёт стратегияси” кейинги 5 йил ичида юртимизда жуда катта ўзгаришларга олиб келишига ишончим комил. Айниқса, ушбу стратегиянинг 4 ва 5-йўналишлари ёшларимизнинг ижтимоий ва маънавий-маърифий юксалиши учун хизмат қилади. Маънавият соҳасига оид чора-тадбирлар муҳокама қилинар экан, 12 мингдан зиёд кутубхона имкониятларидан самарали фойдаланиш, “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш, жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, маданият ва санъат соҳаларини янада ривожлантириш, Ўзбекистон тарихини ўрганиш ва тарғиб қилишни кучайтириш ҳамда мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида биргаликда жипслашиш муҳимлиги стратегияда қайд этилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, бугун юртимизда амалга оширилаётган барча ишларнинг замирида халқ манфаати ва жамият фаровонлигини таъминлаш эканлигини англашимиз мумкин. Ёшлар масаласи эса бу йўналишдаги энг муҳимларидан бири ҳисобланади. Шунга қарамай бу йўналишда қуйидагиларга эътибор бериш лозим деб ҳисоблайман:

Биринчидан, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масаласига кўпроқ эътибор қаратишимиз лозим. Бугунги кунда аксарият зарарли одатларнинг ёшларимиз орасида кенг тарқалиши ҳавотирли тус олмоқда айниқса, қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар ўйнаш, кераксиз машғулотлар билан вақт ўтказиш ҳамда бошқа зарарли одатларни мисол қилсак бўлади. Бунинг олдини олиш учун аввало, ёшларимизни давлат ижтимоий дастурларига кўпроқ жалб қилиш лозим. Шу орқали уларнинг бўш вақтини фойдали ва мазмунли тўлдиришдан ташқари улардаги фуқаролик бурч тушунчасини янада шаклланишига туртки бўлади.

Иккинчидан, бугунги кунда ёшларнинг маънавияти ҳамда дунёқарашига бевосита ижтимоий тармоқлар ва медиа воситалари катта таъсир кўрсатмоқда, шу боис ҳам уларга интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини, келаётган ахборотларни таҳлил қила олиш қобилиятини шакллантириш ва ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш мақсадида медиасаводхонлик курсларини ташкил этиш ва кўпайтириш мақсадга мувофиқдир;

Учинчидан, афсуски, аксарият ёшлар ўзларининг келажагини олдиндан кўра олиш, таҳлил қилиш ва мақсад қўйишда қийналмоқдалар. Шу боис, ёшларимизни ўз олдига мақсад қўя олишни, мактаб давридан касбга тайёрлаш, касбга бўлган қизиқиш ва қобилиятларини аниқлаш, йўналтириш ва керакли кўникмаларга ўргатишимиз лозим. Чунки, ўз олдига аниқ мақсад қўя олган инсон, ўз устида тинимсиз ишлашда давом этади. Унинг бўш вақти кам бўлади, ўзининг истаклари ва амбициялари ортидан эргашади. Бу эса ўз ўрнида уларнинг турли хил ёт ғоялар ва фитналар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда катта ёрдам беради. 

Ёшларга оид сиёсат соҳасида амалга оширилган ишларни таҳлил қилар эканмиз, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва ёшлар ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан яхшилаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ёшлар мамлакатимизнинг барча муҳим тармоқларига жалб этилиб, вазирлик ва идораларда ишламоқда. Ёшлар билан ишлаш бўйича ҳам алоҳида ташкилотлар тузилиб, уларнинг билим олиши, ҳар томонлама камол топиши учун шарт-шароит яратилмоқда. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси яқин келажакда ўзини оқлаши шубҳасиз, чунки Ўзбекистон ёшлар мамлакати, Ватаннинг янада гуллаб-яшнаши учун айнан улар масъулдир. Бизнинг ёшларимиз ушбу шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланишига ва келажакда етук шахс ҳамда жамиятга фойдаси тегадиган мутахассис бўлиб етишишларига ишонаман. Шундай экан, барчамиз ушбу соҳага муносиб ҳисса қўшишимиз ва бир-биримизга кўмакдош бўлишимиз лозим. Зеро келажагимиз учун ҳар биримиз масъулмиз!

Жасур Салихов, 

Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ректори,

иқтисод фанлари номзоди (PhD)