Устоз журналист ва ёзувчи Фарида Усмонова (1921 йил 23 январда таваллуд топган) куни кеча  юз ёшни қарши олди. Ана шу  муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар  агентлиги директори Асаджон Ходжаев, Журналистлар ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов, уюшма  қошидаги фахрий журналистлар кенгаши раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Жаббор Раззоқов  устоз хонадонида бўлиб, Фарида Усмоновани 100 ёшга тўлгани билан қутлашди, совға-саломлар топширилди.

–Уюшмамиз ёши улуғ, устоз журналистлар ҳолидан доимо хабар олиб туради, – дейди уюшма раиси ўринбосари  Х. Салимов.  – Уларни байрамлар билан қутлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш анъанага айланган.

Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор”, деган нақл бор. Дарҳақиқат, кексалар – жамоа кўрки, қалбимизни мунаввар этувчи чироқ, беминнат дуогўйимиз, панд-насиҳатлари билан умримизни ёритгувчи қуёш, тажриба-ю маслаҳатлари билан ёшларимизга тўғри йўл кўрсатувчи йўлчи юлдуз. Фарида Усмонова матбуот соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилди. Онахон билан суҳбатлашсангиз, дилингиз яйрайди, илҳом ва куч-қувват оласиз.

—Журналист ёниб яшаши керак. Ёнмаган, ўзидан учқун чиқармаган қалб билан ёзиш қийин. Қаламингиз ўткир, юрагингиз ёниб турса, халқнинг кўнглига ўтирадиган материаллар ёза оласиз. Узоқ йиллик умрим давомида не-не даврлару, синовларни кўрмадик. Болалигим Фарғонанинг Қўқон шаҳрида кечган. Журналистикага бўлган ҳавас мени Тошкентга етаклади. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида таҳсил олдим. Ижодий фаолиятимни собиқ “Совет Ўзбекистони” ( ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида бошлаганман. Ундан сўнг узоқ йиллар “Тошкент ҳақиқати”да ишладим. Умрим давомида қаламим чархланиб борди, ўз устимда тинмай ишладим. Журналистиканинг сир-асрорларини ўргандим. Вақтимни  бир зум бўлса ҳам зое кетказмасликка ҳаракат қилдим,–дейди Фарида Усмонова.

Фарида Усмонова бадиий ижод билан ҳам шуғулланди. “Баҳор маликаси”, “Меҳри дарёлар”, “Яхшилик умри” деб номланган рисолалар, “Дил фарёди” романи, “Онанома”, “Ҳижрон”, “Қиз келин” каби қиссалар, “Синов”, “Она бағри”, “Чолиқуши” драмаларини ёзди.

Устоз ижодкорнинг ўзбек матбуоти ва адабиёти ривожига қўшган хизматлари инобатга олиниб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони ҳамда “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Фарида Усмонова ҳали ҳам китоб мутолаа қилиш ва ёзишни канда қилмаган. Юзга яқин набира, эвара ва чеваралар қуршовида ҳаёт кечиряпти. Қайтаётганимизда ўзбекчиликда уйдан қуруқ чиқилмайди, деб ҳаммамизга ўзлари  ёзган китоблардан туҳфа қилдилар.

                                                                                   Ислом АСИЛБЕКОВ,

                Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.