Шундай бўлса-да, Амир Темур фаолиятини тўлиқ акс эттирувчи, Низомиддин Шомий ва Шарафуддин Али Яздий қаламига мансуб “Зафарнома”лар тадқиқотчилар учун асосий манба бўлиб қолмоқда. Чунки уларда реал тарихий воқеалар акс этган.
Амир Темур шахсияти достон, қисса ва назмий асарларда ривоятларга ўраб талқин қилингани хусусида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Низомий тахаллусли ўрта аср муаллифининг XIX аср бошларида кўчирилган “Қиссаи Амир Темур”, Мирза Румузнинг 1712 йилда ёзилган “Темурнома”, Саййид Муҳаммадхўжанинг 1887 йилда кўчирилган “Достони Амир Темур”, Мулло Салоҳиддин Тошкандийнинг 1908 йилда тошбосма усулида чоп этилган “Темурнома” асарлари шулар жумласидан. Уларда Амир Темур шахсияти баъзан афсонавий қаҳрамонлардек тасвирланган.
Юқорида тилга олинган икки муаллиф, яъни Низомиддин Шомий ва Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома”лари бир-биридан қўлёзма нусхалар сони, тарқалиш географияси ва ўрта аср муаллифлари ҳамда тадқиқотчилар томонидан истифода этиш даражаси билан фарқланади.
Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома”сининг дунё бўйлаб тарқалган қўлёзма нусхалари умумий сони бугунги кунда тахминан 100 дан ортиқ. Энг қадимги қўлёзма нусхалари Санкт-Петербургдаги Россия Миллий кутубхонаси, Россия ФА Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Шунингдек, Теҳрон, Машҳад кутубхоналари, Британия музейи, Франция Миллий кутубхонаси, Истанбулдаги Нури Усмония кутубхонаси, Гарвард бадиий музейи, ЎзФА Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзма нусхалар тарихий, бадиий, ахборот қиммати юқорилиги билан Амир Темур фаолиятини ўрганиш учун муҳим манба ҳисобланади. Бу асарнинг турли даврларда кўчирилган 30 га яқин қўлёзмаси бугунги кунда ЎзФА Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Хусусий коллекцияларда сақланаётган ва ҳали каталоглаштирилмаган нусхалари ҳам бор.
Амир Темурга бағишлаб ёзилган кўплаб қўлёзма асарлар борлигига қарамай, жаҳон, жумладан, ўзбек темуршунослигида Али Яздийнинг Амир Темур вафотидан 20 йил кейин ёзилган “Зафарнома”сига нисбатан устуворлик берилади. Нега шундай? Ваҳоланки, Низомиддин Шомий “Зафарнома”си Амир Темур ҳаётлик пайтида ёзилиб, Соҳибқирон назаридан ўтган ва у бошқа кўплаб асарларга манба бўлиб хизмат қилган. Гап шундаки, Низомиддин Шомий “Зафарнома”си нусхалари Али Яздий “Зафарнома”сига нисбатан кам сақланган ва бизгача бор-йўғи икки нусхада етиб келган. Бири Истанбулдаги Нури Усмония кутубхонасида, иккинчиси Лондондаги Британия музейида сақланади. Истанбул нусхаси 1425 йилда, Лондон нусхаси 1434 йилда кўчирилган.
Ҳар иккала “Зафарнома” ўртасида муштараклик ва ўзига хослик мавжуд. Муайян воқеалар баёнида улар бир-бирини такрорласа-да, яхлит олганда, бир-биридан мустақил асарлардир. Шомий “Зафарнома”си Ҳофизи Абрунинг асарга ёзган муқаддима ва иловаси билан бирга 120 боб ва 646 саҳифани ташкил қилса, Али Яздий “Зафарнома”си муқаддима, хотима, 329 боб ва 637 саҳифадан иборат. Демак, Али Яздий “Зафарнома”сининг боблар бўйича устуворлиги асар воқеалари батафсиллигини, тасвирларнинг деталлаштирилишини таъминлаган дейиш мумкин. Масалан, Шомий Амир Темурнинг она авлоди хусусида бир сўз ҳам айтмаган, Али Яздий эса асар бошидаёқ Соҳибқироннинг волидаси номини тилга олиб, Такина Хотун эканини таъкидлайди.
Низомиддин Шомий “лой жанги” иборасини мутлақо ишлатмаган. Бу воқеа тафсилотларини муаллиф 1360 йил (куни ҳозирги ҳисобда 16 июнь) билан белгилайди ва шу куни кучли ёмғир ёққанини ёзади. Али Яздий “лой жанги” иборасини ишлатиш баробарида, Шомийдан фарқли ўлароқ, жанг санасини жавзо мавсумига нисбат бериб, 1365 йил (ҳозирги ҳисобда 21 май билан 21 июнь оралиғида) бўлиб ўтганини қайд этади.
Воқеаларни тасвирлашда ҳар икки асар ўртасидаги бундай фарқларни яна кузатиш мумкин. Лекин ҳар иккала асарда ҳам Амир Темурни улуғлаш, буюклигини эътироф этиш ғояси баён этилаётган воқеа-ҳодисалар мазмунига сингдирилган.
Низомиддин Шомий “Зафарнома”си асарга мурожаат қилиш даражаси билан Али Яздийникига нисбатан қуйироқда туради. Тарқалиш географияси торлиги оқибатида юзага келган тадқиқ қилиш имконияти чеклагани асарга мурожаат қилувчилар сони қисқаришига олиб келган. Мовароуннаҳр ўрта аср муаллифлари Низомиддин Шомийга деярли мурожаат этишмаган. Али Яздий “Зафарнома”си эса темурийлардан кейинги ўрта аср муаллифлари учун дастуруламал бўлиб хизмат қилган.
Али Яздий “Зафарнома”сига биринчи бўлиб мурожаат қилган, унга баҳо берган ўрта аср муаллифи Абдураззоқ Самарқандий ҳисобланади. У “Матлаи саъдайн ва мажмуаи баҳрайн” (“Икки саодатли юлдузнинг чиқиш ва икки денгизнинг қўшилиш жойи”) асарида Али Яздий ва унинг “Зафарнома”сини бир неча бор тилга олади.
Ҳофиз Таниш Бухорий “Шарафномайи шоҳий” (“Абдулланома”)ни ёзишда (XVI аср) Али Яздий “Зафарнома”сидан фойдаланган ва муаллифни ҳурмат билан “мавлоно” деб тилга олган. Туғлуқ Темурнинг насл-насаби баёнида сўз юритганда, Али Яздий ва унинг асарини эҳтиром билан эслаб ўтади: “Унинг (Туғлуқ Темурнинг) насаби замоннинг шарафи ва жаҳоннинг энг латифи мавлоно Шарафуддин Али Яздийнинг (китоби) “Зафарнома” муқаддимасида шарҳ қилинганди”.
Али Яздий “Зафарнома”си XVIII асрда ҳам ўрта аср муаллифлари эътиборида бўлганини номаълум хаттот томонидан “Нусхайи Амир Темурий” номи билан 1792 йил Бухорода таълиф этилган қўлёзма орқали билиш мумкин. Шарқшунос олим Б.Қазоқовнинг (1936-2014) аниқлашича, ушбу қўлёзма Шарафуддин Али Яздий, Ҳофизи Абру, Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд, Ҳофиз Таниш Бухорий каби муаррихлар асарларидан олинган маълумотлардан иборат бўлиб, унга “Нусхайи Амир Темурий” номи билан тартиб берилган ва муаллиф сифатида Шарафуддин Али Яздий номи қайд этилган. Бу асар Амир Темур тарихи билан бирга XV аср бошларида Мовароуннаҳрдан ташқари ҳудудлар, жумладан, Кавказорти, Волгабўйининг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ҳақида ҳам баҳс юритади.
“Зафарнома”ларни илмий ўрганиш, илмий-танқидий матнини тайёрлаш, факсимиле нусхаларини эълон қилиш Европада бошланди. Али Яздий “Зафарнома”си қўлёзма нусхаларидан бирининг тақдири хусусида “ЎзФА Шарқ қўлёзмалари тўплами”да қизиқ бир маълумотга дуч келамиз. Али Яздий “Зафарнома”сининг 1629 йил Самарқандда кўчирилган 12 та миниатюрадан иборат чиройли қўлёзма нусхаси аслида Қўқон хони Худоёрхон хазинасига тегишли бўлган. Ушбу қўлёзма 1897 йил Парижга, Жаҳон кўргазмасига юборилади. Қўлёзма эгасига 300 тилла рубл таклиф қилинган бўлишига қарамай, у сотилмаган. Қўлёзма Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур даҳаси қозиси Эшонхон Муҳиддинхўжа қўлига келиб тушади. Унинг вафотидан сўнг ворисларидан бири, яъни Насриддин Норхўжа 1939 йил қўлёзмани ўзаро келишув асосида Тошкент оммавий кутубхонасига (Ташкентская публичная библиотека) сотади. Диний илмлар билимдони бўлган муфтий Насриддин Норхўжа кейинчалик ЎзФА Шарқшунослик институти илмий ходими лавозимида фаолият кўрсатиб, 1958 йилда вафот этган.
Ҳар икки муаллиф “Зафарнома”лари асосида Европада Клавихо, Пьетро Перондино де Прато, Санша, Иванин, Бартольд, Жан-Поль Ру, Гарольд Лэмб ва кўплаб бошқа тадқиқотчилар Амир Темур фаолиятини ўрганган. Али Яздий “Зафарнома”сига кўп мурожаат қилган шарқшунослардан бири В.В.Бартольддир. У 1918 йил эълон қилган “Улугбек и его время” (“Улуғбек ва унинг замонаси”) асарини ёзишда қатор қўлёзмалар, жумладан, Али Яздий “Зафарнома”сидан ҳам фойдаланган. Шу билан бирга, айрим масалаларга аниқлик киритишда Низомиддин Шомий “Зафарнома”сига мурожаат қилган. Бартольд Европага илмий сафари даврида Низомиддин Шомийнинг Британия музейида сақланаётган “Зафарнома”си қўлёзмаси билан танишади ва уни илмий ўрганади.
Низомиддин Шомий “Зафарнома”сини кенг илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола қилган европалик шарқшунос Феликс Тауэр ҳисобланади. У 1937 ва 1957 йилларда Низомиддин Шомий “Зафарнома”сининг илмий-танқидий матнини икки жилдда Прагада нашр этди. Асарнинг Прага илмий-танқидий матни нашри кейинги тадқиқотлар учун кенг йўл ва имкониятлар эшигини очди. 1949 йил ушбу нашр асосида асар Анқарада турк тилига ўгирилди. 1969-1972 йилларда ЎзФА Шарқшунослик институти катта илмий ходими Юнусхон Ҳакимжонов Феликс Тауэр нашри асосида Низомиддин Шомий “Зафарнома”сини ўзбек тилига таржима қилди. Лекин ўша йиллари Амир Темурга муносабатга мафкуравий тус берилиши оқибатида бу таржима кенг илмий жамоатчиликка тақдим этилмади. Лекин сарфланган меҳнат самарасиз қолиб кетмади. Атоқли шарқшунос олим А.Ўринбоев раҳбарлигида О.Бўриев, Ҳ.Кароматов, А.Ҳакимжоновдан ташкил топган илмий жамоа Низомиддин Шомий “Зафарнома”сининг аввалги таржимасини қайта кўриб чиқиб, тузатиш, тўлдириш, аниқлаш, кўрсаткичларни бойитиш билан 1996 йилда унинг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли таржимасини нашр этди.
Али Яздий “Зафарнома”сининг ўзбекча таржимаси мавжудлиги борасида дастлабки маълумотларни ўзбек маърифатпарвари Миён Бузрук (1891-1938) тақдим этган. У ўтган асрнинг 20-йиллари Истанбулда бўлган даврида Нури Усмония кутубхонасида асарнинг ўзбек тилидаги қўлёзмаси билан танишади. Миён Бузрукнинг ёзишича, шайбоний Кўчкунчихон буйруғи билан асар Муҳаммадали ибн Дарвешалихон томонидан форсийдан ўгирилган. Али Яздий “Зафарнома”сининг тарихий манба сифатидаги аҳамияти эмас, кўпроқ унинг тил хусусиятлари Миён Бузрук эътиборини тортган.
Аҳамиятлиси, Миён Бузрук Истанбулдаги Нури Усмония кутубхонасида танишган Али Яздий “Зафарнома”сининг қўлёзма нусхасини 1997 йил табдил қилиб, кенгайтирилган сўзбоши, илмий изоҳ ва кўрсаткичлар билан нашр этиш икки забардаст ўзбек олими Ашраф Аҳмедов ва Бобобек Ҳайдарбеков зиммасига тушди ва улар бу ишни мукаммал даражада адо этишди.
Амир Темурга бағишланган “Зафарнома”ларни ўрганиш ҳамон жаҳон темуршунослиги эътиборида бўлиб келмоқда. Бугунги кунда Муҳаммад Шафи, Широ Андо, Жон Вудз, Чарл Мелвилл, Илкер Эврим Бинбаш, Ж.Тулибаева, А.Арсланова ва бошқа олимлар “Зафарнома”ларни ўрганишни давом эттирмоқда.
Жаҳондаги кутубхона, илмий муассасалар, тадқиқот марказлари ва шахсий коллекцияларда сақланаётган “Зафарнома”лар қўлёзма нусхаларининг умумий сонига аниқлик киритиш, кодикологик таҳлилини амалга ошириш, матнлар композицион тузилишини таҳлил қилиш темуршунослик олдида турган вазифалардан биридир.
Ҳалим ТЎРАЕВ,
тарих фанлари доктори,
БухДУ профессори