Бугун Хорватия пойтахти Загреб шаҳрида юнон-рум кураши бўйича мавсумнинг илк расмий мусобақаси Gran Prix Zagreb Open – 2021 турнири бошланади.

Мусобақада дунёнинг ўттизга яқин давлатидан юнон-рум кураши усталари иштирок этади. Улар орасида Равшан Рўзиқулов мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам бор. Бу турнир терма жамоамизнинг бир йиллик танаффусдан сўнг қатнашадиган биринчи халқаро мусобақаси бўлади.

Загреб Гран-присида халқаро тоифадаги реферимиз, “Олтин ҳуштак” соҳиби Тоҳир Ғуломов ҳакамлик қилади.

Мусобақадан сўнг жамоамиз ушбу шаҳарда 14 кунлик ўқув-машғулот йиғинида бўлишади. Ҳозирда юнон-рум курашчиларимиз ҳисобида Токио Олимпиадаси учун 3 та йўлланма мавжуд.