Бугун маҳалла иқтисодий, ижтимоий ва маданий тараққиётнинг бошланғич нуқтаси сифатида қаралмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони доирасида белгилаб берилган асосий вазифалар ана шу стратегик ёндашувнинг мантиқий давомидир.

Мазкур стратегия доирасида касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини шакллантириш масаласи алоҳида аҳамият касб этди. Негаки меҳнат бозорида юз бераётган чуқур таркибий ўзгаришлар, рақамли технологиялар таъсирида шаклланаётган касб йўналишлари, анъанавий мутахассисликларнинг тезкор янгиланиши жамият олдига мутлақо янги талабларни қўймоқда. Эндиликда шахснинг барқарор ҳаётий позицияси биргина диплом билан белгиланмайди, унинг доимий ўрганишга тайёрлиги, мослашувчан тафаккури, амалий кўникмалари ва рақобатбардош малакаси билан аниқланади.

Фармонда белгиланган чора-тадбирлар айнан шу эҳтиёжлар ҳосиласи бўлиб, улар меҳнат бозори ва касбий таълим тизимини ўзаро узвий боғлиқ ягона механизм сифатида қайта шакллантиришга қаратилган. Маҳаллаларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, аҳолини касбга йўналтириш ҳамда қайта тайёрлаш орқали ҳудудий бандликни таъминлаш унинг марказий йўналишларидан. Хусусан, мазкур ҳуқуқий ҳужжат билан мустаҳкамлаб қўйилган Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш бўйича устувор ислоҳотлар дастури йигит-қизларни эрта ёшдан касбга йўналтириш, мустақил касб ўрганган аҳоли малакасини расмий тан олиш, кам таъминланган ва ишсиз аҳолини ўқитиш орқали бандликни ошириш, техникумларнинг институционал салоҳиятини кучайтириш, ­хал­­қаро тажрибаларни жорий этиш ҳамда рақамли платформалар орқали ишга жойлашишни тизимлаштириш каби жараёнларни институционал равишда тартибга солишни назарда тутади.

Касбий йўналтиришнинг эрта босқичда йўлга қўйилиши

Меҳнат бозорида кўзга яққол ташланаётган муаммолардан бири ўсиб келаётган авлоднинг касб танлаш борасида аниқ тасаввурга эга бўлмасдан вояга етишидир. Айнан шу ҳолат уларга эрта босқичдан ­қизиқишларига кўра конкрет илмий асосга эга йўл-йўриқ бериш, яъни касбий йўналтиришни мактаб давридаёқ бошлаш заруратини юзага чиқарди. Фармонда белгиланган “Касблар шаҳарчалари” ташаб­буси ана шу бўшлиқни тўлдиришга қаратилган тизимли ечимдир. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, ­Хоразм, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона вилоятларида ташкил этиладиган “шаҳарчалар”да ўқувчилар тўғридан тўғри реал ишлаб чиқариш жараёнини, техник ускуналарни, устахонадаги меҳнат муҳитини, хизмат кўрсатиш соҳасининг ички механизмларини ўрганиши мумкин.

Ушбу жараённинг муҳим жиҳати шундаки, ўқувчи ўз қобилиятини амалий фаолият орқали баҳолай олади. Тест ва замонавий интерфаол усуллар орқали касбий мойилликни аниқлаш механизмлари жорий этилади. Зеро, замонавий иқтисодиёт шароитида билим билан бир қаторда шахсий салоҳият, фикрлаш услуби, мослашувчанлик даражаси ҳал қилувчи омиллардан. Илмий асосланган диагностика усуллари эса ўқувчиларнинг қайси йўналишда самарали фаолият юрита олишини аниқлашга хизмат қилади. Эрта касбий йўналтириш тизими ҳудудий ривожланиш билан ҳам узвий боғлиқ. Ҳар бир вилоятнинг саноат профили, ишлаб чиқариш салоҳияти, хизматлар бозори эҳтиёжи инобатга олинган ҳолда кадрлар тайёрланади. Шу билан бирга, “Касблар шаҳарчалари” мактаб, техникум, маҳалла ва иш берувчилар ўртасида узвий ҳамкорлик муҳитини юзага келтиради.

Бу борада кўпинча эътибордан четда қоладиган яна бир жиҳат бор — муайян касбни расмий таълим муассасаларида эмас, балки мустақил равишда, амалий фаолият жараёнида ўрганиш амалиёти. Қурилишда ишлаётган ёшлар, хизмат кўрсатиш соҳасида тажриба орттираётганлар, устахоналарда, кичик корхоналарда, оилавий бизнесда меҳнат қилаётган минглаб инсонлар реал малакага эга бўлса-да, уларнинг билим ва кўникмалари кўпинча ҳужжат билан тасдиқланмаган ҳолда қолмоқда. Шу сабабли бундай фуқаролар меҳнат бозорида ўз салоҳиятини тўлиқ намоён эта олмайди, барқарор иш топишда қийинчиликларга дуч келади, малакасига мос даромадга эришолмайди. Айнан мана шу муаммо фармонда белгиланган малака сертификатлаш тизимини жорий этиш ташаббусининг асосий сабабларидан биридир.

2026 йилдан бошлаб ҳар бир ҳудуднинг саноат ихтисослашуви, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш хусусиятларидан келиб чиқиб, 24 та малакани баҳолаш марказини ташкил этиш режалаштирилган. 60 та долзарб касб бўйича баҳолаш воситалари ишлаб чиқилиб, экспертизадан ўтказилади. Шу билан бирга, 120 нафар баҳоловчи экспертнинг малакаси оширилади ва профессионал экспертлар корпуси шакллантирилади. Мустақил касб ўрганиб, молиявий имконияти чекланган фуқаролар учун малакани баҳолаш харажатлари ва ваучер тизими асосида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Аҳолига 100 дан ортиқ касб бўйича мустақил билим олиш имкониятини яратадиган “Касбий ривожланиш платформаси” ишга туширилмоқда. Платформада ўқув материаллари, видеодарслар, симуляцион машқлар жойлаштирилади ҳамда ўқиш якунида сертификат бериш тизими жорий этилади. Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Миграция агентлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг электрон платформалари ягона “Касбий ривожланиш платформаси”га интеграция қилинади. Платформанинг муҳим жиҳатларидан бири ўрганилаётган касбни симуляцион машқлар орқали ҳам эгаллаш имкониятининг яратилишидир. Виртуал муҳитда ишлаб чиқариш жараёнларини моделлаштириш, техник қурилмалар билан ишлашни машқ қилиш, хизмат кўрсатиш вазиятларини синаб кўриш фойдаланувчиларнинг амалий тайёргарлигини кучайтиради. Бу усул, айниқса, мураккаб ва технологик йўналишларда самарали ҳисобланади.

Ёшларнинг “Карьера”си

Дунё таълим тизими тажрибаси кўрсатадики, барқарор иқтисодий ривожланишга эришган давлатларда касбий таълим умумтаълим мактабларидан кейинги “иккинчи даражали танлов” сифатида қаралмайди. Аксинча, Германия, Швейцария, Жанубий Корея каби мамлакатларда техник ва касбий таълим ёшларни меҳнат бозорига олиб кирувчи асосий платформа саналади. Ўзбекистон шароитида ҳам сўнгги йилларда айнан шу моделга яқинлашиш эҳтиёжи кучайиб бормоқда. Мактаб битирувчиларининг аксарияти узоқ вақт давомида олий таълимни ягона муваффақият мезони сифатида қабул қилиб келган. Оқибатда олий таълимга кира олмаган минглаб ёшлар аниқ касбий йўналишсиз қолиб кетган, вақтинча ишларга, норасмий бандликка ёки миграцияга йўналган. Бу ҳолат ёшлар салоҳиятининг тўлиқ намоён бўлишига тўсқинлик қилган.

Шу сабабли фармонда ёшларни техникумларга онгли ва тизимли равишда йўналтириш алоҳида устувор вазифа сифатида белгиланди. Ушбу сиёсатнинг марказида 11-синф битирувчилари билан индивидуал ишлаш механизми туради. 2026 йил 1 апрелдан бошлаб олий таълимга қизиқиши юқори бўлмаган ўқувчиларни аниқлаш тизими жорий этилади. Мазкур тизим орқали ҳар бир битирувчи учун энг мақбул таълим йўналишлари тавсия этилади. “Касб танлаш ҳафталиги” тадбирлари мактабларда тизимли равишда ўтказилиб, ўқувчиларга турли касбларнинг реал мазмуни, меҳнат шароити, ривожланиш истиқболлари, даромад манбалари ҳақида батафсил маълумот берилади. Техникумларда ўқитиладиган мутахассисликлар амалий мисоллар орқали тушунтирилади, муваффақиятли мутахассислар ҳаётий тажрибаси билан ўртоқлашади.

2026 йил май-август ойларидан эътиборан техникумлар фаолияти билан яқиндан таништириш ишлари кенгайтирилади. Режага мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилида техникумларда ўқиш истагида бўлган ёшларни қабул қилиш жараёни кенг кўламда амалга оширилади. Олий таълимга кириш истагида ­бўлмаган 200 мингга яқин ўқувчини касбга ўқитиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, доимий даромад манбаи бўлмаган, замонавий меҳнат бозори талабларига мослашишда қийналаётган қатлам учун ҳам алоҳида имтиёз ва имкониятлар яратиш назарда тутилмоқда. Унга кўра, 400 минг банд бўлмаган шахс ҳамда кам таъминланган оилаларнинг ишсиз ­аъзоси касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилади. Банд бўлмаган шахслар ва ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг ишсиз аъзолари учун касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорлик бўйича таълим берувчи давлат ҳамда нодавлат муассасалари рўйхати шакллантирилади. Шу билан бирга, мазкур тоифа учун қисқа муддатли ўқув курслари дастурлари ишлаб чиқилади.

Албатта, касбий таълим тизимининг якуний натижаси диплом билан белгиланмайди. Унинг ҳақиқий самарадорлиги битирувчининг қанчалик тез ва барқарор тарзда меҳнат бозорига кириб бориши, ўз мутахассислиги бўйича муносиб иш топа олиши билан намоён бўлади. Агар таълим жараёни иш билан таъминлаш механизмлари билан узвий боғланмаган бўлса, энг пухта тайёрланган кадр ҳам узоқ вақт иш излаш ҳолатида қолиб кетиши мумкин. Шу сабабли фармонда битирувчиларни меҳнат бозорига олиб чиқиш жараёнларини рақамлаштириш ва тизимлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур йўналишда энг муҳим ташаббуслардан бири 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб “Карьера” электрон платформасини ишга туширишдир. Ушбу платформа олий ва касбий таълим ташкилотлари талабалари ҳамда битирувчиларини иш берувчилар билан бевосита боғловчи рақамли меҳнат бозори вазифасини ўташи лозим. Унинг асосий вазифаси таълим тизими билан реал иқтисодиёт ўртасидаги узилишни бартараф этишдан иборат.

“Карьера” платформаси орқали талабалар ва битирувчилар ўз малакаси, билим даражаси, қизиқишлари, амалий тажрибаси ҳақида тўлиқ маълумот жойлаштиради. Иш берувчилар эса мавжуд вакант иш ўринлари, талаб этилаётган компетенциялар, иш шароитлари ҳақида очиқ ахборот тақдим этади. Платформанинг муҳим жиҳатларидан бири сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишдир. Мазкур технологиялар орқали талабалар ва битирувчиларнинг қобилияти, ўзлаштириш даражаси, қизиқиш йўналишлари таҳлил қилинади ҳамда уларга мос иш ўринлари тавсия этилади. Иш берувчиларга эса энг муносиб номзодлар танлаб берилади. Бу ёндашув тасодифий танловларни ­камайтиради, кадрлар ва иш ўринлари ўртасидаги мослик даражасини оширади.

Фармонда битирувчиларнинг ишга жойлашиш жараёнлари устидан автоматлаштирилган мониторинг тизимини жорий этиш ҳам белгиланган. Ушбу механизм орқали қайси таълим муассасасининг битирувчилари қаерда ва қандай шароитда иш бошлаётгани, қайси йўналишларда муаммолар мавжудлиги мунтазам таҳлил қилинади. Бу маълумотлар асосида таълим дастурларини такомиллаштириш, янги йўналишларни очиш, мавжудларини янгилаш имконияти яратилади.

“Карьера” платформаси орқали 1,6 миллион талаба ва битирувчи учун касб танлаш ҳамда иш топиш имкониятини кенгайтириш режалаштирилган. Шу билан бирга, 50 мингдан ортиқ иш берувчини платформага интеграция қилиш кўзда тутилган. Техникум битирувчилари орасидан камида 150 минг нафари учун муносиб иш топиш шароитлари яратилади. Мазкур тизим меҳнат бозорида ишонч муҳитини шакллантиради. Битирувчи ўз билим ва кўникмаларига таянган ҳолда иш топишига ишонади, иш берувчи эса номзоднинг тайёргарлик даражасини аниқ кўра олади.

Касбий таълимнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан реал ишлаб чиқариш муҳити билан қанчалик узвий эканига ҳам боғлиқ. Мазкур йўналиш доирасида касбга ўргатиш учун техникум ўқувчиларини ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим солиқ имтиёзлари жорий этилмоқда. Хусусан, техникум битирувчиларини ва ўқувчиларини ишга қабул қилган тадбиркорларга ўқувчиларга тўланадиган иш ҳақидан олинадиган ижтимоий солиқни 1 фоиз ставка бўйича тўлаш ҳуқуқини 2030 йилгача узайтириш назарда тутилган. Ушбу механизм бўйича тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.

“Янги Ўзбекистон бунёдкорлари”

Бугунги иқтисодий муҳит тезкор ўзгарувчанлик билан характерланади. Ишлаб чиқариш жараёнлари автоматлаштирилиб, рақамли бошқарув тизимлари кенгаймоқда, хизмат кўрсатиш стандартлари янгиланмоқда. Педагоглар доимий равишда ўз билимини янгилаб бормаса, таълим тизимининг реал иқтисодий жараёнлардан узилиб қолиши эҳтимоли юқори. Шунинг учун малака оширишни анъанавий, даврий ва формал жараён сифатида эмас, балки узлуксиз ривожланиш механизми сифатида ташкил этиш зарурати юзага келган.

Фармонга мувофиқ, масофавий ва аралаш шаклда ташкил этиладиган малака ошириш курслари улушини 22 фоизга етказиш режалаштириляпти. 2026 йил март ойидан бошлаб масофавий малака ошириш курслари учун махсус ўқув контентлари ишлаб чиқилади. Контентлар замонавий педагогик методлар, ишлаб чиқаришдаги янги технологиялар, амалий машғулотларни ташкил этиш усул­­лари ҳамда баҳолаш механизмларини ўз ичига олади.

Масофавий ва аралаш шакл жорий этилиши таълим жараёнини янада мослашувчан қилади. Ҳар бир педагог ўз иш жадвали ва шахсий имкониятидан келиб чиқиб малакасини оширади. Уч ёшгача фарзанди бор, ногиронлиги мавжуд, нафақа ёшига етган бошқарув ва педагог кадрлар учун ҳам шароит яратилади. 2026 йил декабрь ойига қадар мазкур тоифадаги ходимлар эҳтиёжига кўра масофавий ёки аралаш шаклда малака ­ошириш тизими тўлиқ йўлга қўйилади.

Таълим сифатини оширишда педагог билан бир қаторда техникум раҳбарининг бошқарув услуби, стратегик қарашлари, ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги ҳам муҳим омилдир. Шу боис, фармонда техникум директорлари ва ўринбосарларига менежерлик сертификати бериш тизимини жорий этиш белгиланган. Менежерлик сертификати олиш жараёни раҳбарларнинг билимини баҳолаш, уларни замонавий бошқарув тамойиллари асосида ўқитиш орқали амалга оширилади. Стратегик режалаштириш, молиявий бошқарув, инсон ресурслари билан ишлаш, таълим сифатини мониторинг қилиш каби йўналишлар ўқув курсларининг асосий мазмунини ташкил этади. 600 нафардан ортиқ раҳбар ва ўринбосар менежерлик бўйича ўқитилади ва уларнинг бошқарув салоҳияти мустаҳкамланади. Техникум директорига 50 фоиз, ўринбосарига 30 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама берилиши бошқарув сифати ва масъулият даражасини оширади.

Таълим сифати билан узвий боғлиқ бўлган яна бир йўналиш модулли таълим дастурларини жорий этишдир. Фармонга кўра, касбий таълим ташкилотларида модулли дастурларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар шакллантирилади. 2026 йил
1 мартдан бошлаб бу жараён босқичма-босқич амалга оширилади, 1 апрелдан хорижий тажрибалар ўрганилади, 1 сентябргача эса техникумларда тайёрланадиган касб ва мутахассисликлар бўйича модулли дастурлар ишлаб чиқилиб, ўқув жараёнига татбиқ этилади. 60 та мутахассислик бўйича модулли дастурлар ишлаб чиқилиши таълим мазмунини аниқ компетенцияларга йўналтиради. Ҳар бир модуль муайян билим ва кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилади, ўқувчи босқичма-босқич ўзлаштириш даражасини намоён этади.

Бу борада хорижий тажриба ҳам асқатади. Ривожланган давлатлар амалиёти кўрсатадики, касбий таълимда барқарор натижаларга эришиш учун халқаро стандартлар, замонавий методикалар ва илғор технологиялар билан узвий уйғунлик зарур. Шу маънода, техникумлар фаолиятига халқаро таълим тажрибаларини кенг жорий этиш долзарб масалалардан. Фармонга мувофиқ, Германия, Швейцария, Хитой, Корея Республикаси ва Буюк Британия каби давлатларнинг халқаро таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлайдиган техникумлар рўйхати шакллантирилади. Техникумларда халқаро таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрланадиган 60 та касб ва мутахассислик бўйича таълим дастурлари ишлаб чиқилади. Дастурлар ишлаб чиқариш эҳтиёжлари, технологик ривожланиш даражаси ҳамда касбий компетенциялар асосида шакллантирилади. 2026 йил 1 ноябрга қадар халқаро таълим дастурлари асосида камида 8 минг ўқувчини қамраб олиш режалаштирилган.

Касбий таълим тизимида барқарор натижага эришиш фақат ўқув дастурлари ва моддий-техник база билан белгиланмайди. Ёшларнинг ўқишга муносабати, ички интилиши, келажакка ишончи ҳам таълим самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатади. Агар ўқувчи ўз меҳнати ва саъй-ҳаракатлари жамият томонидан қадрланаётганини ҳис қилса, у билим олиш жараёнига масъулият билан ёндашади, ўз устида кўпроқ ишлайди, касбий маҳоратини оширишга интилади. Шу сабабли фармонда ёшларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган рағбатлантириш механизмларига алоҳида ­эътибор қаратилган.

Мазкур йўналишда энг муҳим ташаббуслардан бири техникумларда дуал таълимда таҳсил олаётган ўқувчилар учун стипендия тизимини жорий этишдир. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб дуал таълимда ўқиётган ўқувчиларга давлат бюджети ҳисобидан стипендия тўлаш амалиёти йўлга қўйилади. Бунда ҳар бир ўқувчига фанларни ўзлаштириш даражасидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида стипендия берилади. Фанларни ўзлаштириш кўрсаткичи 85 фоиздан юқори ҳамда республика ва халқаро танловлар ғолиблари бўлган ўқувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида стипендия тўланади. Мазкур рағбатлантириш тизими орқали техникумларнинг 100 мингдан ортиқ ўқувчисини қамраб олиш режалаштирилган.

Ёшларни рағбатлантириш тизимининг яна бир муҳим йўналиши — Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танлови ташкил этилиши. Танлов техникум ўқувчилари, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида касблар бўйича ўтказилади. Танлов доирасида долзарб 10 та касб белгиланади, ҳудудлар кесимида 700 нафар совриндор саралаб олинади, республика миқёсида эса 120 нафар ғолиб аниқланади. Ғолиблар ва уларнинг устозлари 4,9 миллион сўмдан 41,2 миллион сўмгача миқдорда рағбатлантирилади. Халқаро мусобақаларда ғолиб бўлган иштирокчилар эса 1 миллиард сўмгача мукофот билан тақдирланади.

Касбий таълимни янгилашга қаратилган стратегик ёндашув аслида иқтисодий дастурдан кўра кенгроқ маънога эга. У жамиятнинг ўзини англаш, меҳнатга муносабатини қайта кўриб чиқиш, шахс ва давлат ўртасидаги масъулият мувозанатини мустаҳкамлаш жараёнидир. Меҳнат бозори архитектурасини қайта шакллантириш ташаббуси инсоннинг қадр-қиммати унинг аниқ амалий салоҳияти, яратувчанлиги ва масъулиятига боғлиқ деган тамойилни ижтимоий онгга сингдиради. Яъни маҳалла, таълим муассасаси, тадбиркорлик субъекти ва давлат институти ўртасидаги узвийлик жамиятни ичкаридан мустаҳкамлайди. Меҳнатга ҳурмат, малакага эътибор, устоз-шогирд анъанасининг замонавий талқини, адолатли рақобат муҳити — буларнинг барчаси барқарор тараққиётга хизмат қилади. Инсон салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган ҳар бир қадам давлат сиёсатини ижтимоий ишонч билан бойитади, ишонч эса, ўз навбатида, тараққиётнинг энг мустаҳкам таянчига айланади.

Аслиддин АБДУРАЗЗОҚОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири