Боланинг мулоқотга бўлган эҳтиёжини қондиришнинг асосий усули бу нутқдир. Бунинг учун болани билим олишга бўлган интилишини, шунингдек, онгли равишда бунга ҳаракатларини қўллаш ва она тилида гаплашиш истагини рағбатлантириш зарур.Бундай шароитда ўспиринларнинг нутқ маданиятини умумтаълим мактабида ва ундан кейинги таълимда шакллантириш вазифаси айниқса долзарб бўлиб қолмоқда.

Ўзбек маданиятида оила боланинг шахс бўлиб вояга етишишида муҳим роль ўйнайди. Оилавий анъаналар ва урф-одатлар келажак авлоднинг Ватанга муҳаббат, ўз маданияти ва миллатига ҳурмат каби фазилатларини белгилаб беради. Бугунги кунда, ахборотлаштириш ва глобаллашув даврида, ота-оналар ва кекса авлод вакиллари олдида ёшларнинг она тили – ўзбек тилига бўлган муносабатларини ўзгартириш вазифаси янада кескинроқ турибди. Бадиий адабиётни ўқишга бўлган муҳаббатни ошириш, баъзи тарихий сўзлар ва ибораларнинг маъносини тушунтириб бериш, мамлакат, шаҳар, маҳалла тарихини ўргатиб бориш ҳам зарур.

Тил меъёрлари филологлар томонидан ихтиро қилинмаган, улар бутун халқ адабий тили ривожланишининг маълум бир босқичини акс эттиради. Тил меъёрлари фармон билан киритилиши ёки бекор қилиниши мумкин эмас; уларни маъмурий усул билан ислоҳ қилиш мумкин эмас. Талаффуз нормаларига ва сўзларни ишлатиш қоидаларига бепарволик, жаргон ва вульгаризмлардан фойдаланиш, асоссиз чет эл сўзларини ишлатиш нутқни ифлослантиради, адабий тилни йўқ қилади ва бу охир-оқибат, тилшунослар айтганидек, миллатнинг ўлимига олиб келади.

Мамлакатимизда нутқ маданиятининг пасайиш муаммолари, жаргон ва халқ тилининг тарқалиш тенденцияси долзарбдир, бунга алоҳида эътибор берилмоқда, чунки нутқ маданияти ижтимоий аҳамиятга эга. Коммуникатив нутқ маданиятини шакллантириш муаммоси турли ёш гуруҳларида турлича ифодаланади ва асосан ўспирин мактаб ўқувчиларига тааллуқлидир. Бинобарин, барча таълим муассасалари ва уларда ишлаётган ўқитувчиларнинг муҳим вазифаси адабий тилга асосланган оғзаки мулоқот маданиятини шакллантириш ва юксалтириш учун қулай шароит яратишдир.

Бугун ўзбек тилини такомиллаштириш бўйича улкан ўзгаришлар юз бермоқда ва асосий муаммолардан бири бу нутқимизда чет эл сўзларидан тобора кўп фойдаланиш бўлиб қолмоқда. Жаргон сўзлар маданий нутқни сиқиб чиқармоқда ва оммавий маданият туфайли бутун халқ тилида из қолдирмоқда. Маълум бир ёшдан бошлаб кўпчилик «кўча» тилидан фаол фойдаланади, аммо вақт ўтиши билан улар адабий тильдан тез-тез фойдаланишни бошлайдилар. Ёшлар жаргонида сўз билан «ўйнаш», ҳаётга алоҳида муносабатда бўлишга, ҳамма тўғри, барқарор, зерикарли, одатий нарсаларни рад этишга асосланган. Афсуски, кўп ҳолатларда кекса авлод вакиллари ҳам жаргонга қарамликни сақлаб қолмоқда.

Нутқнинг замонавий шакли ёшларнинг нутқ маданияти даражасига алоҳида эътибор беришни талаб қилади. Бироқ сўнгги йилларда ёшларнинг нутқи ва умумий маданияти сезиларли даражада ўзгарди, ахлоқий меъёрлар эътиборсиз қолдирила бошланди, бу эса жамиятнинг таназзулга учрашига олиб келиши мумкин. Шуни таъкидлаш керакки, ёшлар орасида она тилини билиш даражаси, адабиётга қизиқиш пасаймоқда. Замонавий ёшлар ва катта авлоднинг аксарият қисми китоб ўқишни Интернетнинг ижтимоий тармоқларида «онлайн» билан алмаштириб, китоб мутолаасига жуда оз вақт ажратишмоқда.

Бугунги кун ёшлари Алишер Навоий, Бобур, Нодирабегим, Абдулла Қодирий, Зулфия, Ғафур Ғулом ва бошқа кўплаб буюк шоир ва ёзувчиларнинг тили - ўзбек адабий тилидан айрилиш арафасида қолди. Натижада, бугунги кунда мумтоз адабий тилимиз қоидаларига бепарволик одатий ҳолга айланиб бормоқда. Бу ҳолат оммавий ахборот воситалари ва киноиндустрия соҳасида ҳам намоён бўлмоқда. Минг афсуски, мактаб битирувчиларининг озгина қисми юқори даражадаги коммуникатив нутқ маданиятига эга.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, кўзлар қалбнинг кўзгуси, нутқ эса шахснинг кўзгуси. Биз замонавий жамият, ёшларни ватанпарварлик ва миллатимизга муҳаббат руҳида тарбиялашга бефарқ бўлмаслигимиз керак. Она тилига муҳаббатни кучайтириш эса комил шахсни тарбиялашнинг яна бир муҳим босқичидир.

Рашид Матенов, Амина Фаттахова

ТДЮ Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчилари