Болгариянинг Албена шаҳрида замонавий бешкураш бўйича жаҳон кубоги босқичи давом этмоқда. 15-майга қадар давом этиши мўлжалланган мусобақада жами 24 та давлатдан спортчилар иштирок этмоқда. Ўзбекистон шарафини Токио-2020 Олимпия ўйинлари иштирокчиси Алисе Фахрутдинова ҳимоя қилмоқда.

Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 10 май куни жаҳон кубогининг ярим финалига чиқиш учун саралаш баҳслари бўлиб ўтди. Сузиш бўйича ўтказилган саралаш баҳслари якунига кўра, Алисе Фахрутдинова 271 балл билан 12-ўринни эгаллади.

Қиличбозлик мусобақалари эса спортчиларнинг эгаллаб турган ўринларини ўзгартириб юборди. Фахрутдинова қиличбозлик бўйича энг яхши кўрсаткични қайд этди, 19 ғалаба ва 4 мағлубият. Натижада у яна 271 балл тўплади ва иккита йўналиш якунига кўра лазер-ран мусобақаларини бошқа иштирокчиларга нисбатан сезиларли вақт тафовути билан бошлаш имкониятини қўлга киритди.

Лазер-ран мусобақаларини ҳамюртимиз 3-ўринда якунлади ва бу натижа билан у ишончли тарзда ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

Замонавий бешкураш бўйича жаҳон кубогининг ярим финал баҳслари бугун ва эртага бўлиб ўтади. Бўлажак мусобақаларда вакиламизга омад тилаймиз.