Зеро, уларнинг келажаги, жамиятнинг эртанги куни айнан бизнинг қўлимизда. Афсуски, баъзида бу масъулиятнинг нақадар улканлигини унутиб қўямиз ёхуд унга енгил-елпи ёндашамиз.
Фрэнсис Элиза Бёрнеттнинг “Сирли боғ” асаридаги Колин образи бунга ёрқин мисол бўла олади. Болаликдан “касал”, “букри бўласан” деган гаплар билан руҳияти заҳарланган Колин ўзини ёлғизликка маҳкум этиб, тўшакка михланиб қолади. Атрофидагилар, ҳатто отаси ва шифокорларнинг муносабати уни шу аҳволга солади. Бу Колиннинг тақдири эмас, балки атрофдагиларнинг нотўғри ёндашувининг аччиқ меваси эди. Қиссада Колиннинг руҳиятидаги ижобий ўзгаришлар айнан меҳр, ишонч ва табиат билан мулоқот орқали шаклланади. Асарда қаҳрамон мисолида болалар тарбиясидаги муҳим омиллар — меҳр-муҳаббат, уларга ишонч, орзу-ҳавасларига эътибор ва шахсиятига ҳурмат нақадар муҳимлиги ойдинлашади.
Эҳтиёт бўлинг: ижтимоий тармоқдаги “ёрдам”нинг иккинчи томони
Бугун ижтимоий тармоқларда болаларнинг оғир аҳволини кўрсатиб, ёрдам сўраш ҳолатлари кўпаймоқда. Видеолавҳаларда оналар ва бемор болаларнинг ғамгин, чорасиз ҳолати тасвирланиб, ҳатто болалар йиғлаётгани, уларга укол қилинаётгани кўрсатилади. Бундай видеоларни тайёрлашда блогерлар иштирок этиши, ваҳимали овоз оҳанги билан вазиятни янада оғирлаштириб кўрсатишга уриниши, афсуски, оддий ҳолга айланиб бормоқда.
Лекин бир ўйлаб кўрайлик, бундай видеолар бола руҳиятига қандай таъсир қилади? Касалликдан азоб чекаётган боланинг яқинида туриб, унга ачиниш билан қараш, йиғи-сиғи қилиш уларни қўрқитмайдими? Ҳолатини енгиллаштириш ўрнига янада оғирлаштирмайдими? Ёшини англай бошлаган ўсмир беморларнинг бундай видеоларга туширилиши уларнинг тенгдошлари орасида хижолатга қолишига, ўксинишига, оқибатда аҳволи ёмонлашишига олиб келиши мумкин.
Қадриятларимизда беморнинг соғайиб кетишига ёрдам бериш, аввало, уни йўқлаш, шифо топишига ишонтирувчи сўзлар билан кўнглини кўтаришдан бошланади. Бемор болаларга доим соғлом одамдек муносабатда бўлиш, хижолатга қўймаслик, ўкситмаслик лозим. Ҳар қандай беморга тинчлик, хотиржамлик, мўътадил муҳит керак. Атрофидаги қаровчиларнинг кайфияти, сўзлари, юз ифодалари ҳақиқий ҳамширалик мақомида бўлса, бетоб одам улардан куч-қувват олади, соғайишига ишончи ортади.
Бола ҳуқуқлари поймол бўлмасин
Яна бир муҳим жиҳат: қонунчилигимизда ҳар бир инсонни (муайян вазиятлар истисно) ўз ихтиёри ва рухсатисиз видеотасвирга олиб, кўпчилик эътиборига ҳавола этиш тақиқланади. Кичиклиги, ўзини ҳимоя қила олмаслигидан фойдаланиб, болаларнинг суратлари, видеотасвирлари минг-минглаб одамларга ҳавола этилиши бола ҳуқуқларининг поймол қилиниши эмасми?
Шу ўринда йўлларда, метрога кириш жойларида болалари билан тиланиб ўтирганларга ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Ёзнинг иссиғида, қишнинг совуғида, ҳатто тунлари ҳам болаларини қийнаб, одамлар раҳмини келтиришни касб қилиб олганлар оз эмас. Баъзилар болаларига ухлатувчи дорилар бериб, уларни кўтариб юриши ҳақидаги хабарлар инсонни даҳшатга солади. Бу ҳолатлар БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси 1992 йил 9 декабрда қўшилган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларига зиддир.
Болаларни камситмаслик — конвенциянинг муҳим тамойилларидан бири. Қайси бола совуқда эмас, иссиқда ўтиришни, кечаси онаси қўлида қийналиб юрмай, ўз ўрнида ухлашни хоҳламайди?! Бола дунёсини бола нигоҳи, имкониятлари, жисмоний ўзига хосликларидан келиб чиқиб кузатмоқ, баҳоламоқ керак. Шундагина унинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинган бўлади.
Бир сафар уч қизи билан тиланчилик қилаётган, ички ишлар ходими билан жанжаллашаётган аёлга дуч келганман. Аёлнинг қизларини боқиш учун тиланчилик қилишга мажбурлигини айтиб бақириши, ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмаслиги, ўзининг ва қизларининг шаънига яхши бўлмаган бу ҳолатни оддий қабул қилиши ачинарли ҳол. Бундай вазиятда қизларнинг руҳиятига боқимандалик кайфияти ўрнашиб қолмасмикан? Уларнинг ўзига ҳурмати, жамиятга ишончи емирилиб бормайдими? Республика миқёсида болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга расман масъул идоралар бундай ҳолатларга эътибор қаратса, айни муддао бўларди.
Келажакка даъват
Бугун жамиятимиз олдида турган бу каби муаммолар жиддий эътибор ва қатъий чора-тадбирларни талаб қилади. Дунёда турли пўртаналар халқлар, юртлар тақдирига таҳдид солиб турган бир пайтда ватанимиз тинчлиги, осойишталиги, дастурхонларимиз тўкинлиги, барқарор ривожланиш самараларига шукрона сифатида жамиятимиздаги ўзимизга боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун ҳар доимгидан кўра кўпроқ бирлашмоғимиз, янада якдил ва ҳамқадам бўлишимиз шарт.
Оталик ва оналик масъулиятининг алифбоси болаларни жисмонан ва маънан қўллаб-қувватлаш, қалбига ҳаётсеварлик, олам ва одамларга муҳаббат нурини сингдириш, ноумид бўлишига сира йўл қўймаслик, изланган ва ҳаракат қилган инсонга ҳар қандай қийинчиликларни енгиш йўллари топилишига ишончни сингдиришдан бошланади. Олам гўзаллигию табиат инъомларидан завқланиб, доим ҳаракатда ва атрофдагилар билан мулоқотда яшашига шароит яратиш жигарбандларимизнинг изланувчан, меҳнатсевар, ўзига талабчан, жамиятда фаол инсонлар бўлиб улғайиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади. Бу, ҳеч шубҳасиз, келажак авлоднинг соғлом ва бахтли бўлишига замин яратади.
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими