Мамлакатимизда ўтаётган йилни сарҳисоб ва таҳлил қилиш, режалар тузиб, келгуси йил учун мустаҳкам пойдевор тайёрлаш яхши анъанага айланган. Жумладан, ҳар бир йилнинг ўзига хос номланиши ва бу бўйича ривожланиш дастурини тузиб олиш давлатимиз тараққиётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу йил 20 декабрь куни давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида жорий йилда эришилган натижалар, асосий кўрсаткичлар таҳлил этилиб, келгуси йилги мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.
Хусусан, мамлакатимизда аҳоли сони ортиб бораётгани, юртдошларимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароит яратиш борасида қилинаётган ишлар, ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ортиши, иқтисодиёт соҳасидаги ютуқлар ҳақида маълумот берилди. Ижтимоий ҳимоя, халқ таълими, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида қилинган ишлар, эришилган натижалар эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбари таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли эканини таъкидлаб, ушбу соҳада бошланган ислоҳотлар жадал давом эттирилиши, таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиш, ўқув-тарбия ишлари сифатини улар билан биргаликда ошириш кераклигини таъкидлади. 2022 йилда таълим ислоҳотлари орқали мамлакатимизда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасида соҳадаги ислоҳотларнинг натижадорлиги юзасидан Президентимиз бошчилигида бир неча бор таҳлилий йиғилишлар ўтказилди.
Педагог кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича барча педагогика олий таълим муассасалари, жумладан, юртимиздаги энг йирик педагогика олий ўқув юрти бўлган университетимиз олдига аниқ вазифалар қўйилди. Хусусан, мактабларда ўқитиш методикаси эскиргани, илғор хорижий тажрибаларга асосланган янги ўқитиш усуллари ишлаб чиқилмагани ва ўқитувчилар методик салоҳиятининг узлуксиз ошириб борилмагани алоҳида қайд этилди.
Ўқитувчиларни янги методикаларга ўқитиш тизими Тошкент давлат педагогика университетидан бошланиши лозим, деган ташаббус олға сурилди. Мазкур топшириқларни бажариш учун университет Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилди ва педагогика йўналиши бўйича ўқув дастурларни ишлаб чиқишда етакчи олий таълим муассасаси этиб белгиланди. Олийгоҳ фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қарор қабул қилинди ва университет 2026 йилгача халқаро талабларга мувофиқ трансформация қилиниши белгиланди, мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.
Университет олдига қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш учун илмий-педагогик жамоанинг салоҳияти ва имкониятларидан унумли фойдаланиш натижасида йил давомида таълим, илм-фан, илмий изланиш, маънавият, спорт сингари қатор йўналишларда муайян натижаларга эришилди. Жумладан, университетимиз 2022 йилда барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда ОТМлар таъсирини баҳоловчи THE Impact Rankings халқаро рейтингидан жой олди.
Шунингдек, 2023 йил учун QS Осиё университетлар рейтингида кучли университетлар мингталиги қаторидан ўрин эгаллади. Бу борада олийгоҳда илмий салоҳиятни сўнгги бир йилда 38 фоиздан 50 фоизга оширишга эришилгани ҳамда фан докторларининг 62, фан номзодларининг 386 нафарга етказилгани ҳам муҳим аҳамият касб этди. Илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар сони учтага етказилиши туфайли 2021 йилда университетдаги илмий кенгашда 78 та диссертация ҳимоя қилинган бўлса, бу йил 118 та диссертация муваффақиятли ёқланди. Нашр кўрсаткичлари ҳам сезиларли даражада ошди.
Жумладан, 2021 йилда университет ходимларининг жами 1012 та мақоласи хорижий ва маҳаллий илмий нашрларда чоп этилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг 9 ойида 1387 тани ташкил этди. Талабаларнинг тўлақонли билим олишини таъминлаш мақсадида моддий-техник база мустаҳкамланди. Ўқув жараёни учун қарийб 2 миллиард сўмлик замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, 400 дан ортиқ компьютер жамланмаси, 100 дан ортиқ катта экранли телевизор харид қилинди.
Хорижий тиллар факультети талабалари учун 750 ўринли, табиий фанлар факультети талабалари учун 720 ўринли ўқув бинолари капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Илғор тажрибани қўллаш борасида ҳам муайян ишлар қилинди. Университетдаги таълим жараёнига халқаро мутахассислар, Президент таълим муассасалари агентлиги, шунингдек, юртимиздаги нуфузли илмий марказларнинг етакчи мутахассислари жалб қилингани фикримиз тасдиғидир. Меҳнат бозори талаблари асосида кадрларни тайёрлаш замонавий дунёдаги тенденциялардан бирига айланди.
Шу боис, 2022/2023 ўқув йили учун таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг ўқув режаси ва фан дастурлари мазмуни тўлиқ қайта кўриб чиқилди ҳамда халқаро талаблар асосида такомиллаштирилди. Университетда иш берувчиларнинг доимий фаолият кўрсатувчи кенгаши ташкил этилди. Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда “Мобиль методик гуруҳ”лар шакллантирилди. Олийгоҳга бириктирилган мактабларда фаолият олиб бораётган ўқитувчилар билими диагностикадан ўтказилиб, аниқланган бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган машғулотлар ташкил этилди.
Узлуксиз равишда илғор методика ва инновацияларга ўргатиш тизими йўлга қўйилди. 2022/2023 ўқув йилидан ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича асосий ва қўшимча мутахассислик (квалификация) бериш тартибининг жорий этилгани битирувчиларимизнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширувчи муҳим қадам бўлди.
Шунингдек, ўқув йилидан бошлаб кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларнинг амалиёти “4+2” тартибида умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида, шунингдек, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларида ташкил қилинди. Бу назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаб, талабаларимизнинг иш жойига тайёр мутахассис сифатида шаклланиб боришига хизмат қилади.
Бугунги ёшлардан умидимиз катта. Уларнинг зиммасида юртимиз равнақига ҳисса қўшиш масъулияти турибди. Шу боис, университетнинг иқтидорли талабаларини мақсадли тайёрлов дастури бўйича ўқитиш юзасидан “Олтин фонд” гуруҳларини шакллантиришнинг ҳуқуқий ва меъёрий асослари яратилди. 2022/2023 ўқув йилининг иккинчи ярмидан бошлаб ўқув жараёнини йўлга қўйиш мақсадида университетнинг 4 та таълим йўналиши бўйича “Олтин фонд” гуруҳлари шакллантирилди.
Мазкур гуруҳлар битирувчилари эртага ҳаётимизга катта куч бўлиб кириб келади. Бу ютуқлар ўз эътирофини топаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Жумладан, жорий йилда университет профессор-ўқитувчиларидан бир нафари “Меҳнат шуҳрати” ордени, уч нафари “Халқ таълими фидойиси”, олти нафари “Меҳнат фахрийси”, ўн икки нафари “Халқ таълими аълочиси”, бир нафари “Илм-фан тарғиботчиси”, бир нафари “Илмий-инновацион тадқиқотлар етакчиси”, бир нафари “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Қисқа қилиб айтганда, поёнига етиб бораётган йил университет жамоаси учун том маънода юксалиш йили бўлди. 2023 йилда бу натижаларни мустаҳкамлаб, янги марраларни забт этишни мақсад қилганмиз. Тошкент давлат педагогика университети фаолиятида қатор вазифа ва йўналишлар муҳим аҳамият касб этади.
Жумладан, биринчидан, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” учун қабул қилинадиган давлат дастурида белгиланган вазифалар жадаллик билан ўз вақтида бажарилади.
Иккинчидан, Тошкент давлат педагогика университети 2022-2026 йилларда босқичмабосқич халқаро талаблар асосида трансформация қилинади. Бунинг учун 2023 йил 1 сентябрга қадар халқаро рейтингларда биринчи 1000 таликка кирган чет эл олийгоҳлари билан ҳамкорликда камида 3 та қўшма таълим дастури жорий этилади. Университет фаолиятида HEMIS электрон платформасини жорий этиш ишлари жадаллаштирилиб, унинг бошқарув тизими, ўқув жараёни ва ҳужжатлар айланмасидаги рақамлаштириш кўрсаткичи оширилади.
Учинчидан, 2023 йил 1 январдан бошлаб университет фаолияти академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик тамойиллари асосида юритилади.
Тўртинчидан, кириш имтиҳонларини икки босқичда ўтказиш бўйича ташкилий ишлар олиб борилади. 2024 йилдан тажриба-синов тариқасида университетга қабул икки босқичда: биринчи босқич дастлабки имтиҳон шаклида, иккинчи босқич кириш тест синовлари тарзида ўтказилишини инобатга олиб, мазкур кириш имтиҳонини тажриба-синовдан ўтказиш учун университетнинг педагогика таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш бўйича вақтинчалик тартиб ишлаб чиқилади.
Бешинчидан, университетнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2-4-курс талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотларини “4+2” тартибида ўтказиш орқали назария ва амалиёт уйғунлиги, таълим мазмуни узлуксизлиги таъминланади, педагогик таълим ва амалиёт интеграцияси кучайтирилади.
Олтинчидан, Миллий тадқиқот институти билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали педагогик таълим назарияси ва ишлаб чиқариш амалиёти интеграцияси мустаҳкамланади. Педагогларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожланишини таъминлашнинг долзарб масалалари бўйича илмий тадқиқот лойиҳалари амалга оширилади. Биргаликда илмий конференция, семинар-тренинг, докторлик диссертациялари муҳокамалари ташкил қилинади.
Университет жамоаси томонидан 2023 йилда қилинадиган ишлар Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлардан ўрин олган таълим соҳаси бўйича қилинадиган саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг бўлади. Мактабларда ўқитиш сифатини ошириш орқали жамиятда инсон капиталини ривожлантириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш учун пойдевор яратилади.
Ана шундай пойдеворни барпо этишда унинг меъморлари — бўлғуси ўқитувчилар ўз фанини пухта билиши, юксак педагогик маҳоратга, янги методикаларни ишлаб чиқиш ва ундан самарали фойдаланиш қобилиятига эга бўлиши шарт ва зарур. Бундай масъулиятли вазифани бажариш, ўз навбатида, олий педагогик таълим мазмуни ва инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқишни талаб қилади.
Бугунги ислоҳотларга оғишмасдан амал қилинса, албатта, кутилган натижага эришиш шубҳасиз. Бир сўз билан айтганда, мақсад аниқ. Унга эришиш механизми, равон йўли ҳам давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилди. Университетимиз Янги Ўзбекистон учун замонавий ўқитувчиларни етказиб берувчи том маънодаги таянч олий таълим муассасаси бўла олишини ишонч билан айта оламиз.