-2018 йилгача туманимизда 72 та кўп қаватли турар-жой бинолари мавжуд эди,-дейди туман ҳокимининг ўринбосари Фарҳодбек Норматов. –Уларнинг барчасида таъмирлаш ишлари олиб борилиб, фуқароларнинг яшашлари учун яхши шароит вужудга келтирилган. Аҳолининг турар-жойга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда 2018 йилдан буён янги бинолар қурилиши бошланди. Шу кунгача 16 та кўп қаватли уй қуриб, фойдаланишга топширилган бўлса, айни дамда яна 4 та уйда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. 2 та янги турар жой биносини қуриш ишлари бошлаб юборилди. Йил охиригача яна 2 та кўп қаватли уй қуриб, ўз эгалари топширишни режалаштирганмиз.
«Кўркам қурилиш элегант» МЧЖ қурилиш соҳасида ўзига хос тажрибага эга корхоналардан бири ҳисобланади. Жамоа қурувчилари сўнгги йилларда Булоқбоши туманидаги «Ширмонбулоқ» қишлоғида 33 та намунали уй, Хўжаобод туманида 8 та намунали уй ва 1 та кўп қаватли турар-жой биносини қуриб, фойдаланишга топширган бўлса, ўнлаб мактаб биноларини таъмирлашда иштирок этган.
-Айни пайтда Булоқбоши туманининг «Қумгузар» МФЙда 30 хонадондан иборат кўп қаватли уйда пардозлаш ишларини олиб бормоқдамиз,-дейди «Кўркам қурилиш элегант» МЧЖ мутахассиси Шавкатбек Абдуллаев. -Аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш мақсадида болалар ўйингоҳи, дам олиш ҳудудларидан ташқари, тандирхоналаргача барпо этилди.
-Айни пайтда туманда 420 нафар фуқаро томонидан уй-жой масаласи билан боғлиқ мурожаатлар қабул қилинган,-дея суҳбатга қўшилади туман Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Алишер Урайимов. -Тез орада уларнинг барчасини ижобий ҳал этиш масаласида янгидан-янги лойиҳаларга асос солинмоқда. Фойдаланишга топширилаётган уйлар эса халқимизнинг ҳақиқий бахт кошонасига айланяпти. Аҳолининг турар-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш бир масала бўлса, яратилган шароитларни асраб-авайлаш масаланинг иккинчи томонидир. Бунёдкорларимизнинг самарали меҳнатини қадрлаган ҳолда ҳудудлар ободлигини таъминлаш ва ҳамюртларимиз турмуш даражасини яхшилаш борасида ҳамиша ҳаракатдамиз.
Ҳудудларда бунёд этилаётган бинолар замондошларимизнинг яшаш шароитини яхшилашга хизмат қилиш билан бир қаторда юртимиз чиройига чирой қўшмоқда, десак муболаға бўлмайди. Ҳам миллий, ҳам замонавий архитектура асосларига хос бинолар узоқ йиллар давомида халқимизга самарали хизмат қилади.
Зиё СИРОЖ, журналист.