Жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган ширинликлар хориж давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда. Шу кунгача маҳсулотлар Тожикистонга юбориляпти. Бугунги кунда уларни Қозоғистон ва Афғонистон давлатларига ҳам жўнатиш юзасидан келишув шартномалари имзоланган.

Ўтган йили май ойида фойдаланишга топширилган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 11 млрд. сўмдан иборат бўлиб, жамият Россия Федерациясининг Москва шаҳридаги «Мос пекар» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги йирик қандолат маҳсулотлари корхонаси билан ҳамкорлик қилади.

Жамиятдаги цехлар Европа давлатлари етакчи корхоналаридан келтирилган энг сўнгги русумдаги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, йилига 150 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Россия, Дания, Голландия давлатларининг замонавий технологиялари асосида маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Корхонада маҳсулот тайёрлаш ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. Хусусан, ўтган йили 1 миллиард сўмга яқин турли печенье ва пишириқлар тайёрланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични икки баравар ошириш кўзда тутилган.

Корхонада бугунги кунда 150 нафар иш ўрни яратилди. Ишчи-ходимларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади. Жамият тадбиркорлари келгусида иш ўрнини янада кенгайтириб, халқимиз дастурхони ва экспорт учун янги турдаги ширинлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни режалаштиришган.

Айни пайтда корхона таркибида кунига 15 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга бўлган цех фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, сут маҳсулотлари (творог, қуюлтирилган сут) ҳам тайёрланиб, истеъмолчиларга етказиб бериляпти.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, корхонанинг асосий ютуғи иш кўламининг кўплигида бўлиб, бу маҳсулот ҳажмининг ошишига ва туман иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилаётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.