Бу ҳақда вилоят ИИББ хабар берди.

Хабарда айтилишича, ўтказилган тезкор тадбирда «Чинор» маҳалласида яшовчи 44 ёшли шахс ва унинг 65 ёшли холаси ҳеч қандай рухсатномасиз ҳамда етарли диний билимга эга бўлмай туриб, вояга етмаганларга сабоқ бериб келаётгани аниқланди.

Мазкур хонадонларда жами 15 нафар вояга етмаган бола ноинсоний шароитларда сақлаб келинган. Хусусан, бир уйда 10 нафар, иккинчисида эса 5 нафар бола яшаш ва таълим олиш учун жойлаштирилган.

Шунингдек, «ўқитувчилар» болаларни ўқитиш эвазига ота-оналардан ойига 1 миллион сўмдан 300 долларгача пул олиб келишган ва айрим ҳолатларда болаларга нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказишган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари фуқаролардан фарзандларини хавф остига қўймасликни ва фақат давлат томонидан расмий рухсат берилган диний таълим муассасаларига мурожаат қилишни сўраб қолади.