Иштихон туманидаги Зарбулоқ МФЙ, Арабхона қишлоғида маҳалла ёшлари учун кутубхона ва спортнинг теннис, шахмат-шашка турлари билан шуғулланиш учун “Ёшлар маркази” биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда туман ҳокимлигидан вакиллар, маҳалла фаоллари, ўқувчи-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Маълумки, кейинги йилларда Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус доирасида маҳаллани ҳар томонлама обод гўшага айлантириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида маҳаллаларда ҳам кутубхоналар, спорт иншоотлари барпо этилмоқда. Зарбулоқ МФЙ ҳудудида ташкил этилган мўъжаз марказнинг очилиши ҳам бутун маҳалла аҳлини хушнуд этди, – деб хабар беради “Иштихон овози” мухбири Олим Қўчқоров.
– Маҳалламизда 4300 нафардан ортиқ аҳоли яшаса, шундан 1000 нафарга яқинини ёшлар ташкил этади, – дейди маҳалла раиси Қаҳрамон Мўминов. – Кутубхона тўлалигича аҳоли томонидан ҳашар йўли билан бунёд этилди. Албатта, туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари ҳам қўлларидан келган ёрдамни аяшмади. Муҳими, энди ёшларимиз туман марказига бормасдан шу ердан китоб олиб мутолаа қилиши ёки ўзига маъқул бўлган спорт тури билан шуғулланиши мумкин.
– Янги очилган кутубхона фондидан мумтоз, ўзбек, жаҳон ва болалар адабиётидан иборат 400га яқин китоб жой олган. Келгусида китоб фондимиз янада бойиб, миллий ва жаҳон адабиётининг сара асарларини шу ернинг ўзида ўқиш имкони бўлади, – дейди “Ёшлар маркази” ходими Мусурмон Тўйчиев.